Озодликка чиққан Мубашшир Аҳмад ва Аброр Мухтор Алий, Путинни кутаётган Мирзиёев, ўзгаришларни кутаётган Усмонова – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Юлдуз Усмоновага кўра, сўнгги вақтларда Ўзбекистонда коррупция урчиган. Авваллари 2000 доллар олганлар бугун 200 мингга иш битиряпти ва катта пуллар ўйинчоқ бўлиб қолган. Унинг бу гапларига ўз қулоғим билан гувоҳ бўлмаганимда ишонмасдим. Қўшиқларида инсонийликдан тортиб сиёсатгача тегиниб ўтадиган хонанданинг шу кунларда “Халқлар дўстлиги” санъат саройида давом этаётган концерт дастурида айтганлари шунчаки гап эмас. У ёшлигида кутган ўзгаришларини ҳамон кутаётганини қистириб ўтди. Ассалому алайкум. Кутганингиздек QALAMPIR.UZ’да Ҳафта воқеалари таҳлили ва сиз билан Қамариддин Шайхов. 

Бежиз Юлдуз Усмонованинг айтганларида жон бер демадим. Тугаётган ҳафтада Янгиобод тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари ва унинг жиноий шеригига суд ҳукми ўқилди. 

2023 йилнинг май ойида Жиззах вилоятидаги қурилиш фирмаси раҳбари бўлиб ишловчи фуқаро Янгиобод тумани ҳокимининг ўринбосари бўлган шахс билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, “Ангрен Машал Сервис” МЧЖ раҳбарига шамол электр станциялари қуриш учун 200 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг ер тоифасини саноат зонасига ўтказиб, ушбу ер майдонларини унга олиб беришни ваъда қилган.

2023 йил 8 июнь куни эса бояги қурилиш фирмаси раҳбари ва ҳоким ўринбосари тадбиркорнинг тўлиқ ишончига кириш мақсадида ҳоким ўринбосарининг қўл остидаги ходимлар орқали шамол электр станциялари қуриш учун ажратилиши лозим бўлган 200 гектар ер майдонини кўрсатади ва Янгиобод тумани ҳамда Жиззах вилоят ҳокимлигидаги танишларини ишга солиб, аукцион савдо орқали ушбу ер майдонини тадбиркорга олиб беришларини айтади. Эвазига эса ундан 200 минг доллар талаб қилади.

2023 йилнинг 18 июнь куни ҳоким ўринбосарининг шериги келишилган сумманинг ярми, яъни 100 минг долларни Жиззах шаҳрида жойлашган ресторанларнинг бирида олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ашёвий далиллар билан ушланган. 

Жиноят ишлари бўйича Янгиобод туман суди томонидан мазкур жиноят иши кўриб чиқилиб, қурилиш фирмаси раҳбарига БҲМнинг 400 баравари (132 млн сўм) миқдорида жарима ва 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, ҳоким ўринбосарига эса БҲМнинг 400 баравари (132 млн сўм) миқдорида жарима ва 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. 

Тошкент вилояти Олмалиқ кон металлургия комбинатидаги 3-мисни бойитиш фабрикаси қурилишида қурувчиларни том босиб қолди. Ҳодиса оқибатида 3 киши воқеа жойида қурбон бўлди, 29 нафа ходим оғир тан жароҳати олган. 

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, ҳолатга совуқ об-ҳаво, тоғли ҳудудларда кўп қор ёғиши ва қаттиқ шамол сабаб бўлган ва “Enter Engineering” компаниясининг металл тайёрлаш цехидаги вақтинчалик қурилманинг том қисми қулаган.

Вафот этган 3 ходим ҳиндистонлик бўлган. 

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Лекин жиноят иши кимга нисбатан очилгани, унга кимлар жалб қилингани очиқланмаган. 

Шунингдек, тугаётган ҳафтада об-ҳавонинг кескинлашуви ва қалин қор ёғиши оқибатида Олмалиқ шаҳридаги “Қўқон бозорида” ҳам савдо "навес"и қулаши ҳолати юз берган. Жабрланганлар йўқ.  

Қамалиши катта шов-шувларга сабаб бўлган диний блогер Аброр Мухтор Алий тугаётган ҳафтада озодликка чиқарилди. 

Маълумотларга кўра, 20 февраль куни Аброр Мухтор Алийнинг тафтиш тартибидаги шикояти Олий судда кўриб чиқилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 324-23-моддасига кўра, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларининг апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган қарорлари Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида кўриб чиқилади. 

Адвокат Ғаниев блогида ёзилишича, Аброр Абдуазимов ва Хусрав Насруллаевга нисбатан тайинланган 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси бир мунча оғир деб ҳисобланиб, 13 ёки 14 суткага мувофиқлаштирилган ҳамда улар қамоқдан чиқарилган.

Шунингдек, Туркия аввалига ҳибсга олиниб, сўнг депортация марказига жойлаштирилган ўзбекистонлик диний блогер ва олим Мубашшир Аҳмад ҳам қўйиб юборилди. Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консуллигидан маълум қилишларича, Мубашшир Аҳмад 21 февраль куни депортация марказидан оиласи бағрига қайтган.

“Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи ходими ўз жонига қасд қилди. Ҳолат жорий йилнинг 16 январь куни содир бўлган бўлса-да унинг иси тугаётган ҳафтада чиқди. 

Нашриётда боғбон сифатида ишлаб келаётган 1985 йилда туғилган эркак нашриётнинг ертўласидаги кийиниш хонасида ўзини осиш орқали жонига қасд қилган.

Дастлабки тиббий маълумотларга кўра, ўлимга бўйин аъзолари сиртмоқ билан сиқилишидан келиб чиққан механик асфикциядан сабаб бўлгани, бўйин соҳасидаги странгуляцион эгат мавжудлиги аниқланган.

Ҳозирда марҳумнинг ўз жонига қасд қилиш сабаблари ва бошқа ҳолатларни аниқлаш учун махсус билим зарурлигини инобатга олиб, судга оид психиатрия экспертизаси тайинланган ва Шайхонтоҳур туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 февраль куни Россиянинг Қозон шаҳрига борди ва Марказий Осиёнинг бошқа президентлари қаторида “Келажак ўйинлари” биринчи халқаро мультиспорт мусобақасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.

Маросимда аввал ўзбек, сўнг рус тилларида сўзга чиққан Мирзиёев 2026 йилда “Келажак ўйинлари”га Ўзбекистон мезбонлик қилишини билдирди.

Ташриф баҳона Федерация Президенти Владимир Путин билан учрашган Мирзиёев март ойида бўлиб ўтадиган Россия президенти сайловида Путиннинг ғалаба қозонишига ишонч билдирди.

Ўзбекистон раҳбарининг сўзларига кўра, Тошкентда Путиннинг ташрифига “жуда жиддий” тайёргарлик кўрилмоқда. 

Учрашувда кўплаб масалалар қаторида Трансафғон темирйўлини қуриш лойиҳасида Россиянинг иштироки муҳокама қилинган. Россия делегацияси бунга қизиқиш билдирган. 

Маълумот учун, Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон 2021 йил февраль ойида Термиз – Мозори Шариф – Қобул – Пешовар темирйўли қурилиши бўйича йўл харитасини имзолаган. Лойиҳанинг дастлабки қиймати қарийб 5 миллиард доллар бўлиб, Европа давлатлари, Россия, Ўзбекистон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва Жануби-Шарқий Осиё давлатларини боғлайдиган янги транспорт йўлагининг юк ўтказиш салоҳияти 20 миллион тоннага баҳоланмоқда. Дизайн ишлари ҳали ҳам давом этмоқда.

Ўзбекистон Президенти Россияга боришидан бир кун аввал, 20 февраль куни Санкт-Петербургдаги Виборг шоссесида ёлланма қотил Ўзбекистон фуқаросининг бошига “Макаров” номли ўқотар қуролдан ўқ узиб, воқеа жойидан яширинди. 

Петербурглик адвокатнинг ҳайдовчиси бўлиб ишлаган 42 ёшли Рустамбек Алдаев Ўзбекистон фуқароси бўлган. У бошлиғининг икки фарзандини қора рангли Toyota Camry русумли машинасида гимназияга олиб келган пайтда ҳужумга учраган.

Ҳужумга учраган ўзбекистонлик шифохонада жон берган.

Мазкур ҳолат бўйича тергов органлари томонидан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 30 ва 105-моддалари (қотилликка уриниш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг Санкт-Петербург шаҳри бўйича бош бошқармасининг хабар беришича, тезкор ходимлар томонидан ўтказилган тадбирда қотилликка алоқадор шахслар қўлга олинган. 

Гап шундаки, ўша пайтда Ўзбекистон фуқаросининг бошқарувида бўлган Toyota Camry русумли автомобиль эгаси асли россиялик 58 ёшли адвокат бўлиб, у бир муддат олдин 51 ёшли бизнесмен билан жанжаллашиб қолган. Тадбиркор эса аввал ҳам босқинчилик жинояти учун судланган 50 ёшли эркакни 5 миллион рубль эвазига адвокатни ўлдириш учун ёллаган. Бироқ, ёлланма қотил адашиб, адвокатни эмас, унинг шахсий ҳайдовчисини нишонга олган.

Айни пайтда қотилликда гумон қилинаётган шахс ҳамда "буюртмачи" тегишли тартибда ушланиб, тергов органларига топширилган.

АҚШ Президенти Жо Байден Сан-Францискодаги сайловолди кампанияси чоғида Россия раҳбари Владимир Путинни ҳақорат қилиб, уни фоҳишанинг ўғли деб атади. 

Сайловолди компанияси учун донорлар гуруҳи олдида чиқиш қилган Байден ядровий можаро хавфи доимо мавжудлиги, аммо иқлим инсоният учун экзистенциал таҳдид бўлиб қолаётганини айтган.

“Охирги экзистенциал таҳдид – бу иқлим. Путин каби ақлдан озган фоҳишанинг ўғли бор экан, биз доимо ядровий можаро ҳақида қайғуришимиз керак. Аммо инсоният учун экзистенциал таҳдид бу иқлимдир”, дейди Байден.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, қария Байден Россия етакчисини ҳақоратлаш орқали АҚШни шарманда қилган. Унинг айтишича, Байден АҚШ сиёсати учун шунчаки кукла вазифасини бажармоқда.

"Қўшма Штатлар давлат раҳбарининг оғзидан чиқадиган бундай бемаъни гаплар қандайдир тарзда бошқа давлат раҳбарини, хусусан, Президент Путинни хафа қилмайди. Лекин бу мамлакатнинг ўзи учун жуда катта шармандалик. Жаноб Байден худди ипли қўғирчоқ – Голливуд ковбойига айланиб, томошабинларга ҳақиқий ҳукмрон доиранинг ички сиёсий манфаатларини намойиш қилмоқда", дейди Песков.

Путиннинг ўзи ҳам Байденнинг айтганларини жавобсиз қолдирмади. 

“Яқинда сиз ва мен гаплашдик ва мендан Америка Қўшма Штатларининг бўлажак Президенти сифатида ким бизга маъқулроқ, деб сўраган эдингиз. Мен ҳар қандай Президент билан ҳамкорлик қилишимизни айтдим, лекин биз учун, Россия учун Байден афзалроқ, деб ишонаман. Ва унинг айтганларига асосланиб, мен мутлақо ҳақман, чунки бу мен томондан айтилган гапларга адекват муносабатдир”, дейди Россия раҳбари.

Путинни тили билан ҳақорат қилгани етмагандек, Байден жорий ҳафта унинг марҳум мухолифатчиси Алексей Навальнийнинг беваси ва қизи билан учрашди. 

Калифорнияда бўлиб ўтган учрашувда Америка етакчиси Навальнийнинг “эркин ва қонун устуворлиги ҳамма учун бирдек амал қиладиган демократик Россия учун коррупцияга қарши курашдаги фавқулодда жасорати”дан ҳайратда эканини билдирган. 

Навальнийнинг бевасини қучоқлаб, унга таъзия билдирган Байденнинг фикрича, Алексейнинг жасорати, мероси унинг беваси Юлия ва қизи Дашада, шунингдек, Россия бўйлаб демократия ва инсон ҳуқуқлари учун курашаётган сон-саноқсиз одамларда сақланиб қолади.

Шунингдек, Байден АҚШ Навалнийнинг ўлими, Россия репрессияси ва тажовузлари ҳамда Россиянинг Украинага қарши урушига жавобан яна Россияга қарши кенг кўламли янги санкциялар эълон қилишини тасдиқлаган. Ушбу чора-тадбирлар тўплами Россиянинг мудофаа ва саноат базасини ўз ичига олган бир қатор объектларга, шунингдек, Россия иқтисодиёти учун даромад манбаларига қаратилган.

Қозоғистон парламенти қуйи палатаси биринчи ўқишда педофилия ва болаларни ўлдириш учун умрбод қамоқ жазосини назарда тутувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. 

Қонун лойиҳаси билан вояга етмаганларни қийноқларга солиш ёки соғлиғига оғир ва ўртача оғирликдаги зарар етказганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилмоқда, хусусан, озодликни чеклаш тарзидаги муқобил жазо тури бундан мустасно. Вояга этмаган болани ўлдириш ёки педофилия учун муқобил бўлмаган жазо – умрбод қамоқ жазоси жорий этилади.

Қўшни республикада болаларга нисбатан содир этилган жинсий зўравонлик билан шу тарзда курашиш нақд бўлиб турганда, Ўзбекистонда бу тарздаги жиноятларни хаспўшлашган уриниш урчиб бормоқда. 

Хусусан Хоразмда меҳрибонлик уйи қизлари билан жинсий алоқа қилган собиқ мансабдорлар жазони ўташ учун қамоққа эмас, манзил-колонияга юборилгани, лекин жамоатчиликка бошқача маълумот берилгани аниқланди. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида мазкур масала юзасидан изоҳ талаб қилиб, пост қолдирганди. Тошкент шаҳар судлари эса бунга ўз расмий муносабатини билдирди.

Қайд этилишича, Хоразм вилояти Адлия бошқармаси собиқ раҳбари Ойбек Машариповв ва Янгиариқ тумани ФВВ собиқ бошлиғи Анвар Курязов жиноят содир қилган вақтда амалда бўлган Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисмида (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 3 йилгача, 128−1-моддасида (Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсга моддий қимматликлар бериш ёхуд уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш) 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган бўлиб, Жиноят кодексининг 15-моддасига кўра, ҳар икки жиноят ҳам ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар таснифига киритилган.

Шу сабабли, Машарипов ва Курязовга жиноят содир этилган вақтда амалда бўлган Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми ва 128−1-моддаси санкцияси доирасида жазо тайинланган.

Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 50-моддасида ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинаётганларга нисбатан жазони манзил-колонияларда ўталиши назарда тутилган. Шу сабабли, жазони ижро этиш мақсадида собиқ амалдорларнинг манзил-колонияларга жўнатилиши белгиланган.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 3 ноябрдаги ҳукмига мувофиқ, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган Ойбек Машарипов ва Анвар Курязов ҳозирги кунда Самарқанд вилояти ҳудудида жойлашган манзил-колонияларда жазо муддатларини ўтаб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг апрель ойида Хоразмдаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари (3 нафар қиз) 10 ой давомида вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Анвар Курязов томонидан зўрлаб келингани маълум бўлганди. Хива туман суди уларга нисбатан 1,5 йил озодликни чеклаш жазосини тайинлаганди. Шунингдек, уларга шароит яратиб берган болалар уйи раҳбари 5 ярим йилга қамалганди. Уч нафар судланувчи ҳукм устидан Хоразм вилояти судига шикоят қилган, лекин апелляция инстанцияси ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.

2023 йилнинг 3 ноябрь куни Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида Хоразмдаги меҳрибонлик уйида қизларни зўрлаган амалдорларга оид жиноят ишини апелляция тартибида янгидан кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди. Суд ҳукми билан уларнинг ҳар бирига узил-кесил 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Хоразмда меҳрибонлик уйи қизлари билан жинсий алоқа қилган собиқ мансабдорлар жазони ўташ учун қаттиқ тартибли қамоқхонага эмас, балки манзил-колонияга юборилганини тугаётган ҳафтада Олий суд раиси ўринбосари Икромжон Муслимов ҳам изоҳлади.  

“Жазони ўташ тартибига келадиган бўлсак, бу судьянинг қўлидаги масала эмас. Бу қонунда қатъий белгилаб қўйилган ҳолат. Жиноят тўртга бўлинади: ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган, оғир ва ўта оғир жиноятларга. Қонунда биринчи марта ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган жиноят содир қилган шахсга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланса, уни манзил-колониясида ўташи қатъий белгиланган. Уни суд мен хоҳладим қаттиқ тартибда, мен хоҳладим умумий тартибда, деб белгилаб беролмайди. Шу сабабли, қонун талабидан келиб чиққан ҳолда юқорида қайд қилинган шахсларга жазони манзил колониясида ўташ белгиланган”, дейди Муслимов.

Хўш, суднинг педофил амалдорларга нисбатан қўллаган ҳукмига сиз нима дейсиз?

Сиз Юлдуз Усмонованинг бу гапларига қўшиласизми? Албатта, ҳамманинг ҳаётга, кечаги ва эртанги кунга нисбатан ўз қарашлари бор. Майли, мавзудан узоқлашмайлик.

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда маҳбусларга нисбатан қийноқлар давом этаётгани ҳақида видеохабар тарқалди. Омбудсман ҳолат юзасидан ўрганиш олиб борди. 

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган видеомурожаатда Бухоро вилояти "Отбозор" турмасида сақланаётган маҳбусларга нисбатан қийноқлар амал қилиши ҳақида сўз борган. Унда маҳкумларнинг сочлари тақир калга олиниши, уларга тефаль ва нос киритилмаслиги, кўникма марказлари ва тинтувга оид норозиликлар билдирилган. 

Ушбу видеохабарда Бухоро шаҳридаги 4-сон Тергов ҳибсхонаси (ТҲ) ҳақида гап кетаётгани аниқланган. Мурожаат зудлик билан Омбудсман назоратига олиниб, унинг вилоятдаги минтақавий вакили томонидан жойига бориб ўрганилган.

Мониторинг давомида, ҳибсхонада сақланаётган маҳбуслар билан учрашилиб, хабарда келтирилган ҳолатлар юзасидан сўралганда, улар қайнатилган сув сўралган заҳотиёқ берилаётгани, сочлари эса фақат машинкада енгиллаштирилган ҳолда олиниши, ҳар ҳафта ювинишга етарли вақт берилаётгани, посилка ва бандероллар ҳамда йўқловлар орқали тамаки маҳсулотлари олаётганликларини билдирган.

Улар билан суҳбат давомида омбудсман минтақавий вакилига қийноқ ҳолати бўйича мурожаатлар келиб тушмаган. “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги қонуннинг 26-моддасига кўра, ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганларга қонунчиликда белгиланган санитария, гигиена ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган маиший шароитлар яратилиши айтилган.

Мониторингда ҳибсхона маъмурияти томонидан Тергов ҳибсхонасида сақланаётган шахсларни доимий равишда қайнатилган сув ва иссиқ чой билан таъминлаш мақсадида сув қайнаткич ўрнатилгани аниқланди.

Нос тамаки маҳсулоти расмий рўйхатдан ўтказилмагани, маҳсулот нимадан иборатлиги номаълум бўлгани сабабли тергов ҳибсхонасида сақланаётган шахсларга берилишига ҳибсхона раҳбарияти томонидан чеклов қўйилгани аниқланган. 

Тугаётган ҳафтада Афғонистонда қотилликда айбланган икки киши омма олдида қатл этилди. 

Али Лала қишлоғидаги футбол майдонида ўтказилган қатлда Ғазни вилояти аҳолиси иштирок этган. Бир кун аввал “Толибон” аъзолари икки кишининг қатлни томоша қилиш учун аҳолини футбол майдонига чақирган. Қатл ҳукми чиқарилганлар беш ва етти йил аввал одам ўлдирганликда айбланган.

“Толибон” етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода суд қарорини кўриб чиқиб, ўлим жазосини тасдиқлаган. 

Маълумот учун, ушбу воқеа “Толибон” ҳокимиятга келганидан кейин содир бўлаётган тўртинчи оммавий қатл сифатида қайд этилган. Нашрнинг ёзишича, ўлим ҳукми ижросини томоша қилганлар орасида жиноятчиларнинг оила аъзолари ҳам бўлган.

Арманистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотида иштирокини тўхтатди. Бу ҳақда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян “France 24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

"Коллектив хавфсизлик шартномаси, бизнингча, Арманистонга нисбатан, айниқса, 2021-2022 йилларда амал қилмади. Бу бизнинг эътиборимизсиз қолиши мумкин эмас. Биз бу келишувдаги иштирокимизни тўхтатдик. Кўрамиз, кейин нима бўлади", деган Пашинян. 

Арманистондаги Россия ҳарбий базаси ёпилиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Бош вазир “ҳозирда бу ҳақда гап кетмаётгани”ни айтди.

Шунингдек, Пашинян Россия расмийларининг позициясини танқид қилди. Унинг айтишича, Россия бир неча ой олдин очиқчасига Арманистон аҳолисини ҳукуматни ағдаришга чақирган. Бош вазирнинг фикрича, Москвадан унга қарши бундай ташвиқот заифлашмайди.

“Биз ўз ҳудудимиздаги ноқонуний ҳаракатларга тоқат қила олмаймиз”, дейди Арманистон Бош вазири.

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Котибияти эса Арманистондан ташкилотдаги аъзоликни тўхтатиб қўйгани ҳақида ҳеч қандай баёнот олмаганини айтиб чиқди. 

Охири бахайр бўлсин-у лекин Пашинян сўнгги пайтларда Путин билан кўп даҳанаки жангга киряпти. Мамлакат 1 февраль куни Халқаро жиноий судга расман қўшилди. Мамлакатда ратификация қилинган Рим статутига биноан, Халқаро жиноий суд томонидан Россия Президенти Владимир Путинга нисбатан ҳибсга олиш ордерига кўра, энди Путин Арманистонга келса, ҳибсга олиниши керак.

Қолаверса, Пашинян охирги пайтлар КХШТдан тўйиб юрганди. КХШТнинг 2023 йил ноябрь ойидаги Минскдаги саммити ташкилот ва Арманистон муносабатлари ёмонлашгани фонида ўтди. 

Пашинян аввалроқ КХШТни 2021 йил май ва 2022 йил сентябрь ойларида Баку билан тўқнашувлар вақтида Ереванга ёрдам бермаганликда айблаган эди. Шу фонда Арманистон КХШТдан мамлакатга ёрдам бериш масаласини кун тартибидан олиб ташлашни сўради. Пашинян Минскдаги саммитга бормади, бу эса Путин ва унинг оғзи бўлган Лушенконинг асабини бузди. 

Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Мудофаа вазирлиги раҳбарлари саммит олдидан ташкилот томонидан ўтказилган тадбирларда ҳам қатнашмади. Республика парламенти спикери Ален Симонян декабрь ойида бўлиб ўтган КХШТ Парламент Ассамблеяси йиғилишида иштирок этмаслигини маълум қилди. Мамлакат Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидаги элчисини чақириб олди ва янгисини тайинлади. 

Ўтган йилнинг сентябрь ойида  Беларусда бўлиб ўтган КХШТ жамоавий кучларининг “Жанговар биродарлик-2023” оператив-стратегик машғулотларида ҳам, октябрда Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятида бўлиб ўтган “Бузилмас биродарлик – 2023” қўшма машғулотларида ҳам Арманистон қатнашмаган. 

Яна айтаман, Усмонованинг айтганларида жон бор. Ҳаром йўллар орқали топилган пуллар, бировнинг мусибати ва қарғиши эвазига топилган давлат ҳеч қачон бахт олиб келмаганини кўп ва хўп кўрдик. Кўришгунча. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг