Путин хавотирда. Британия Марказий Осиёда нима қилмоқчи?

Таҳлил

Россия ва бошқа Осиё мамлакатларидан турли хил мансабдор шахсларни Марказий Осиёга тез-тез қатнашига ўрганиб қолганмиз. Аммо Европа вакилларининг, айниқса буюк британиялик амалдорларнинг ташрифи минтақамиз учун бироз бегона. Гап Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмероннинг Марказий Осиё ва Мўғулистон бўйлаб қилган сайр-у саёҳати ҳақида кетмоқда. Кэмерон фақатгина саёҳат учун эмас, балки жуда кўплаб сабаб ва мақсадлар билан келгани аниқ, албатта. Бугун унинг ташрифи, эришилган натижалар ва унинг келишини хушламаган Россия ҳақида гаплашамиз. 

Тожикистон – кичик бизнес ва меҳнат миграцияси 

Жорий йилнинг 22-26 апрель кунлари Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Марказий Осиё давлатлари ва Мўғулистонга бирин-кетин сафар қилди. Дастлаб у ташрифини Тожикистондан бошлади. Кэмерон Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан учрашди ва улар ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Суҳбат чоғида икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, савдо ва маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатлар муҳокама қилинган. 

Шунингдек, учрашувнинг яна бир мавзуси сув ва иқлим муаммоларини ҳал этиш, меҳнат миграцияси, давлатлар ўртасидаги ҳаво йўлларини диверсификация қилиш йўналишида мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўлган. Учрашувда минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида Тожикистон ва Қироллик ўртасидаги ҳамкорлик ҳам муҳокама қилинган.

Қирғизистон – сув ресурслари ва меҳнат миграцияси

Шундан сўнг, Кэмерон Қирғизистонга йўл олди. Қирғизистонда ҳам у шахсан Президент Садир Жапаров билан учрашди. Қизиғи, у бу давлат билан ҳам меҳнат миграцияси масалалари бўйича ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилган. Айниқса, Қирғизистон сув ресурсларига бой эканлигини, Буюк Британия республикадаги экологик лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини алоҳида таъкидлаган. 

Ўзбекистон – иқтисодий муносабатлар ва шерикчилик

23 апрель куни эса Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Дэвид Кэмерон ўртасида учрашув бўлиб ўтди. 

Суҳбат чоғида барча соҳалар бўйича икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган асосий вазифалар белгилаб олинган. Иқтисодий муносабатларни жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Ишбилармон доиралар ўртасидаги тўғридан тўғри алоқаларни ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ўзаро тайёрлик қайд этилган. 

Музокаралар якунида Кенг қамровли шерикчилик тўғрисидаги декларация ҳамда Минтақавий ва халқаро боғлиқлик ҳамда инфратузилма соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми имзоланди.

Қайд этиш жоизки, Кэмерон ва Саидовнинг олдинги учрашуви ўтган йилнинг 30 ноябрь куни Шимолий Македония пойтахти Скопе шаҳрида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 30-йиғилиши доирасида бўлиб ўтган.

Ҳа айтганча, Кэмерон Ўзбекистонда фақат Саидов билан эмас, Сенат Раиси Танзила Норбоева билан ҳам учрашган. Бу учрашувда Дэвид Кэмерон турли хил йўналишларни муҳокама қилган ва Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, хусусан, муносиб меҳнат тамойилларини жорий этиш, гендер тенгликка эришиш, оилавий зўравонликка қарши курашиш борасида ижобий ишлар амалга оширилаётганини қайд этган.

Кэмерон бошқа давлат раҳбарларидан фарқли ўлароқ Президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлгани йўқ. Чунки Мирзиёев 22 апрель кунидан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққанди. 

Эътиборлиси, Кэмерон барча давлатларга ташрифидан сўнг яна Ўзбекистонга қайтган. Бу ҳақда сал кейинроқ тўхталамиз. 

Туркманистон – нефть-газ саноати ва таълим 

24 апрель куни эса Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Кэмеронни қабул қилди. Музокараларда нефть-газ саноати, қишлоқ хўжалиги ва янги технологиялар ҳамкорлик учун истиқболли деб топилган. Қарангки, у учрашувда мамлакатлар таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш ниятидалиги, хусусан, Буюк Британия инглиз тилини ўқитишни ривожлантиришга тайёрлигини билдирган.

Ашхободда ёзиб олинган Х аккаунтидаги видеомурожаатида Кэмерон минтақа мамлакатларига ташриф буюраётганини, чунки бу Буюк Британия хавфсизлиги ва фаровонлиги учун муҳим эканини айтган.

“Ҳозир мен Туркманистон пойтахти Ашхободдаман ва мен 1997 йилдан буён бу мамлакатга ва минтақанинг бошқа давлатларига келган Британиянинг Ташқи ишлар бўйича биринчи давлат котибиман. Нега мен бу ердаман? Илгари минтақа билан кўпроқ ишлашимиз керак эди. Аммо ҳозир биз шу ердамиз, чунки бу Британия хавфсизлиги ва фаровонлиги учун муҳим. Хавфсизлик – чунки бу минтақа Хитой, Россия ва Афғонистон ҳамда бу ердан 40 километр узоқликда жойлашган Эрон ўртасида жойлашган. Биз бутун дунё бўйлаб, шу жумладан бу ерда ҳам ишлашимиз, рақобатлашишимиз ва бизнес юритишимиз керак. Биз қилаётган иш Буюк Британия аҳолисини иш билан таъминлаши ва ватанига фаровонлик олиб келиши мумкин”, дейди Дэвид Кэмерон.

Қозоғистон – Стратегик шериклик ва ҳамкорлик

Шундан сўнг у ўз йўналишини Қозоғистонга бурган. У мамлакат раҳбари  Қосим-Жомарт Тўқаев билан учрашди. улар савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни, жумладан, энергетика, яшил иқтисодиёт, молия ва инновациялар соҳаларида кўпайтириш учун мавжуд салоҳиятга эътибор қаратди.

Ўз навбатида, Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон сўнгги 11 йил ичида Қозоғистон ва Буюк Британия икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда катта муваффақиятларга эришганини айтди. Британия Ташқи ишлар вазири икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқалар XVI асрга бориб тақалишини таъкидлади.

“2013 йилдан бери биринчи марта мен Қозоғистонга ташриф буюряпман ва бу даврда Қозоғистон эришган улкан ютуқларни қайд этаман. Мен бу тараққиётнинг гувоҳи бўлдим, буни кўриб жуда хурсандман. Биз стратегик мулоқотимизни кўп йиллар аввал бошлаган эдик ва бугун ниҳоят Стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзоладик. Бу ҳамкорлигимизнинг барча соҳаларини қамраб оладиган ҳужжатдир”, дейди Дэвид Кэмерон.

Унинг қайд этишича, Буюк Британия қозоғистонлик талабаларнинг Буюк Британияда ўқиши учун Chevening стипендияси учун бюджет ва маблағни икки баробарга оширишни режалаштирмоқда.

Мўғулистон – рангли ва нодир ер металлар

Дэвид Кэмерон барча Марказий Осиё давлатларига ташрифини якунлагандан сўнг 25-26 апрель кунлари Мўғулистонга келди. 

Кэмеронни давлат раҳбари Хурелсух Ухнаа Улан-Батордаги президент саройидаги анъанавий уй чодирида кутиб олди. Инглиз амалдори мўғул болаларининг дарс жараёнида ҳам қатнашган. У болалар билан учрашувда “Бўш вақтим унчалик кўп эмас, лекин бўлганда овқат пиширишни, сайр қилишни ва от минишни яхши кўраман”, деб ҳазиллашган. 

Аммо Мўғулистон раҳбари унинг бу сўзи оғзидан чиқиши биланоқ орзусини амалга оширди. Унга анъанавий эгар совға қилинди ва Кэмерон мўғул отини миниб кўрди. 

Эътиборли жиҳати, Кэмерон Мўғулистонда пайтида мазкур сафардан нимани кўзлаганини очиқ айтди. Бу эса оддий - Марказий Осиё мамлакатларига Буюк Британия ҳамда минтақада таъсир ўтказиш учун курашаётган Россия ва Хитой билан ҳамкорлик қилиш ўртасида “танлов” қилиш. 

У Мўғулистон Ташқи ишлар вазири билан ҳам учрашиб, нодир ер металлари соҳасида ҳамкорлик меморандумини имзолаган.

Қайд этиш жоиз, ўтган йили Мўғулистон ва Буюк Британия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 60 йил тўлди ва бу ташриф сўнгги 11 йил ичида Буюк Британия Ташқи ишлар вазири даражасида мамлакатга амалга оширилаётган илк ташриф ҳисобланади.

Тошкентда яна тўхтаган Кэмерон

Эсингизда бўлса, юқорида Кэмерон Ўзбекистонга қайтганини айтгандим. Гап шундаки, у Мўғулистондан сўнг яна Ўзбекистонда тўхтаган. Кэмерон Лондонга қайтаётганда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан яна учрашган. Аммо унинг қайтиш сабаби очиқланмаган. Фақатгина Бахтиёр Саидов ўз каналида “Буюк Британия-Ўзбекистон муносабатларини янада сезиларли натижалар билан бойитиш тарафдори эканимизни яна бир бор тасдиқладик”, дея қайд этган, холос.

Типирчилаб қолган Россия

Ҳар сафар Марказий Осиёга Ғарбдан бирор амалдор келганда, кўнглига ғулғула тушадиган Россия бу сафар ҳам жим қараб турмади.

26 апрель куни Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан учрашди. Учрашувдан сўнг матбуотга баёнот берган Галузин Кэмероннинг Ўзбекистонга ташрифи Россияга максимал даражада зарар етказишга ва уни иттифоқдошларидан узоқлаштиришга қаратилганини таъкидлади. 

"Мақсад – Россияга максимал даражада зарар этказиш, давлатни йўқ қилиш, унинг анъанавий хорижий ҳамкорлари ва иттифоқчиларини Россиядан узоқлаштириш", дейди дипломат.

Галузиннинг ўзбекистонлик расмийлар Лондон ниятининг сир-синоатини кўришига ишончи комил. 

Ўзбекистон сиёсатшунослари нима дейди?

Ушбу вазиятга ўзбекистонлик сиёсатшунос Суҳроб Бўронов ўз фикрларини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиёга европалик дипломат ташриф билан келса, қўштирноқ ичидаги "россиялик дўстларимиз" жони ҳалқумига келгандек ташвиш торта бошлайди.

“Ажабланарли эмаски, Европа ёки океанорти ўлкаларидан бирор бир дипломат Марказий Осиёга, жумладан Ўзбекистонга ташриф билан келса, "россиялик дўстларимиз" жони ҳалқумига келгандек ташвиш торта бошлайди. Гўёки улар билан ҳамкорлик қилиш Марказий Осиё давлатлари учун мумкин эмасдек. Михаил Галузиннинг ташрифи ва гапларининг оҳанги ҳам "инглизларнинг нияти нима экан?" деган савол ва хавотирлар билан тўла”, дейди Бўронов.

Шунингдек, Прогрессив ислоҳотлар маркази директори Миршоҳид Асланов ҳам Кэмероннинг ташрифига ўз фикрларини билдирган.

“Унинг қарашлари Ғарб давлатларининг анъанавий “Буюк оға” ёндашувидан фарқланиб, моҳиятан ўзаро манфаатларга ва глобал муаммоларга биргаликда тенг равишда ечим топишга қаратилган. Ушбу қарашлар кенг жамоатчилик ўртасида ижобий қабул қилинди ва минтақа мамлакатлари сиёсатчилари томонидан қўллаб-қувватланди. Марказий Осиё мамлакатлари минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва қитъанинг савдо ва сиёсий маркази сифатидаги тарихий ўрнини (Буюк Ипак Йўли) тиклаш учун катта имкониятни илк бор қўлга киритмоқда. Бу эса яқин ва узоқдаги кучли давлатлар билан ҳамкорликда минтақавий тинчлик ва тараққиётни рағбатлантиришни, ҳамда глобал кучларнинг минтақамиздаги давлатларни фақатгина рақобат объекти сифатида кўришни назарда тутувчи “Совуқ уруш” ёки “Янги катта ўйин” дунёқарашдан воз кечишга чақиришни тақозо этади”, дейди Асланов.


Мақола муаллифи

Теглар

Мўғулистон Марказий Осиё давлатлари Дэвид Кэмерон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made