Киевга Берлин ракета учиргичлар, Париж эса муддати ўтган ракеталар беради 

Олам

image

Франция Украинага муддати ўтган узоқ масофали Scalp ракеталарини, Германия эса 3 та HIMARS ракета учиргичларини етказиб беради. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.

Франция Украинани Россия агрессиясидан ҳимоя қилишда ёрдам беришнинг янги усулини ўйлаб топди. Chrysalis дастурининг бир қисми сифатида Украинага муддати ўтган ёки яроқлилик муддати ўтган компонентлардан йиғилган узоқ масофали Scalp ракеталарини топшириш режалаштирилган. 

“Radio France Internationale” маълумотларига кўра, Chrysalis дастури контейнерларда сақланадиган Scalp ракеталаридан фойдаланади. Бундай ракеталарнинг икки тури мавжуд – яроқлилик муддати ўтган, лекин фойдаланилмаган ва таркибий қисмлари бошқа Scalp ракеталарида фойдаланиш учун олиб ташланиб, кейин демонтаж қилинган. Контейнерларда сақланадиган ракеталар француз заводларига етказилади ва у ерда уч ой ичида фойдаланишга яроқли ҳолга келтирилади.

Ушбу ракеталар тезда Россияга қарши жойлаштирилиши кутилаётганлиги сабабли уларнинг синовлари соддалаштирилган схема бўйича амалга оширилади. RFI манбаларидан бири бу режани иқтисодий нуқтаи назардан жуда самарали деб атади, чунки контейнерлардан олиб ташланган Scalp ракеталари аллақачон утилизацияга мўлжалланган.

2024 йил январида Франция Президенти Эммануэль Макрон Украинага 40 та Scalp ракеталарини етказиб бериш ниятида эканлигини маълум қилди. Chrysalis дастури худди шу вақтда ишга туширилган. Манбаларга кўра, топилган ечим янги Scalp ракеталарини ишлаб чиқаришга нисбатан харажатларни тўрт баравар камайтиради. Chrysalis дастури бу йил якунланиши режалаштирилган.

Германия Мудофаа вазири Борис Писториус эса АҚШга ташрифи чоғида Украинага 3 та HIMARS ракета учиргичлари етказиб берилишини эълон қилди. Писториус кеча, 9 май куни америкалик мавқедоши Ллойд Остин билан Вашингтонда бўлиб ўтган учрашувдан сўнг, ракета учиргичлар АҚШ ҳарбий захираларидан олиниши ва бу Берлин томонидан молиялаштирилишини айтди.

“Етказиб бериш Вашингтон билан ҳамкорликда амалга оширилади”, дейди Германия Мудофаа вазирлиги раҳбари.

AFP’нинг ёзишича, Остин билан учрашувдан олдин Германия Мудофаа вазири Патриот ҳаво мудофаа тизимини ишлаб чиқарувчи Raytheon мудофаа компаниясига ташриф буюрган. Писториуснинг сўзларига кўра, у ердаги раҳбарият билан етказиб бериш муддатларининг қисқариши ҳақида ҳам гаплашган. Манбага кўра, янги Патриотларни сотиб олиш бўйича шартнома ёзда имзоланиши керак.

Бундан ташқари, Писториус Филадельфиядаги Boeing компаниясига ташриф буюрди, унга Бундесвер 60 та CH47-F Chinook оғир транспорт вертолётларини ва бир нечта P-8A Poseidon сувости патрул самолётларини сотиб олишга иккита катта буюртма берди.
Германия Мудофаа вазири 7 май куни АҚШ ва Канадага тўрт кунлик ташрифи аввалида Украинани Россия агрессиясидан ҳимоя қилишда давомли бирлашган қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлаган. 

"Путин ўзининг шафқатсиз босқинчилик урушида муваффақият қозонмаслиги керак. Демократиялар ўзини ҳимоя қила оладими, деган савол туғилади. Бу Европанинг энг муҳим стратегик вазифаси, Путин уруши дунё тартибига энг катта таҳдиддир", деди у Нью-Йоркдаги Америка яҳудий қўмитаси вакиллари олдидаги чиқишида.

НАТО бўйича ҳамкорлар - АҚШ ва Канада билан музокараларда Германия Мудофаа вазири халқаро хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилиш ва Германиянинг Шимолий Атлантика альянсидаги иштирокини кучайтиришни тушунтириш ниятида. Ллойд Остин билан учрашувидан кейин Писториус бугун, 10 май куни Оттавада Канада Мудофаа вазири Билл Блэр билан учрашади.

"НАТО бизнинг хавфсизлигимиз учун марказий ўрин тутади ва биз ҳеч нарсани оддий деб билмаймиз. Биз замон яна ўзгарганини тушундик. Уруш Европага қайтди ва тинчлик учун дивидендлар вақти тугади. Шунинг учун биз ўз вазифамизни бажарамиз. Германия бу йил мудофаа учун Бундесвер тарихида ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ маблағ сарфлайди. НАТОнинг ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизини мудофаага ажратиш нормаси бажарилади ва биз эришган ютуқларимиз билан тўхтаб қололмаймиз", дея таъкидлади Писториус.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия НАТО Франция Украина HIMARS Scalp

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made