Мактаб ўқувчиси ўқитувчи ва синфдошларини гаровга олди
Олам 13 Май 20:01 10557
image

Россиянинг Қозон шаҳрида пичоқ ва пневматик тўппонча билан қуролланган 17 ёшли ўсмир ўқитувчи ва синфдошларини гаровга олди. Ўсмир уларни бир соатга яқин синфхонада ушлаб тургач, полиция ходимларига таслим бўлган.

“Казанского репортера” нашри маълумотига кўра, воқеа Адорат кўчасидаги 7-сонли гимназияда учинчи дарс вақтида содир бўлган. 17 ёшли ўқувчи дарсга бироз кеч қолган. Синфхонага кириб, ўз ўрнига ўтирмай, ўқитувчининг столи устига пневматик тўппонча ва ошхона пичоғини қўйган. Маълумотларга кўра, ўша вақтда хонада ўсмирнинг 12 нафар синфдоши ва ўқитувчи бўлган.

Ўқувчи қизлардан бири дарҳол мессенжер орқали онасига хабар берган. Аёл ҳам ўз навбатида полицияга мурожаат қилган. Безори бир соатдан камроқ вақт давомида одамларни гаровда ушлаб тургач, ҳеч қандай талаб қўймасдан таслим бўлган.

Юз берган кўнгилсиз ҳодисада ўқувчилардан ҳеч ким жабрланмаган, аммо ўқитувчининг юраги ёмон бўлиб, шифохонага олиб кетилган.

17 ёшли ўсмир нима мақсадда синфдошлари ва ўқитувчисини гаровга олгани тўғрисида ҳозирча ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 230
Рейтинг: 2.9