ОКМКда Муҳандислик мактаби очилмоқда

Бизнес

image

Ҳар қандай саноат корхонаси тараққиётини ўз касбининг устаси, ҳар томонлама етук, замонавий илғор технологияларни пухта ўзлаштирган муҳандис техник ходимлар белгилаб беради.

Олмалиқ кон-металлургия комбинатида ташкил этилаётган муҳандислик мактабида ҳам айнан мана шундай профессионал ходимлар тайёрланади. 

Ушбу мактабни лойиҳалаш ишлари Германиянинг “Aurubis” компаниясининг ўқув маркази намунасида амалга оширилган. Унинг қурилиш ишлари якунланиш арафасида. Мактаб тингловчилари бу ерда нафақат назарий балки амалий машғулотларни ўтишларига шароит яратилмоқда.

Бунинг учун мактабга 5та ўқ ўзакли фрезерлик ускунаси, 2та рақамли  дастурий бошқарувли токарлик дастгоҳи, 1 та фрезер ускунаси, металларни кесувчи лазер ускунаси, дурадгорлик иш стол(верстак)лари ҳам олиб келиниб, монтаж қилинмоқда.

Муҳандислик мактабида биринчи босқичда геология, кончилик иши, кон саноати транспортлари, маркшейдерлик иши, фойдали қазилмаларни бойитиш, металлургия, механика, энергетика, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш йўналишларида фаолият олиб бораётган  комбинат ишчи ходимлари ўқитилади.

Иккинчи босқичда эса ушбу мактабда комбинат ва Ўзбекистоннинг бошқа саноат корхоналари учун муҳандис техник ходимларни тайёрлаш режалаштирилган.

Дуал таълимга мўлжалланган Фрайберг техника университети кончилик академияси, “Aurubis” AG ва “GP Günter Papenburg” AG компанияларининг кадрларни тайёрлаш бўйича таълим методологиялари асосида комбинат мутахассислари, хорижий ҳамкор ташкилотлар иштирокида ўқув дастурлари ишлаб чиқилган. Бундан ташқари, информатика ва инглиз тили фанлари дарслари чуқурлаштирилган тартибда ўқитилиши режалаштирилган.

Ҳозирда Муҳандислик мактабининг 3та йўналиши механика, металлургия ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш бўйича маҳаллий ўқитувчилар ва 32 нафар таҳсил олувчилар суҳбат асосида танлаб олинган. 

Дарс жараёнлари Фрайберг техника университети кончилик академиясининг профессор-ўқитувчилари иштирокида онлайн ва офлайн форматда ташкиллаштирилиши келишилган.

Фрайберг техника университети кончилик академиясининг электрон платформасидан академиянинг барча электрон китоблари ва электрон маърузалари билан бирга фойдаланишга келишилди.

Маълумот учун: ОКМКда 2024 йилнинг 3 январь ҳолатига 2 311 нафар олий маълумотли ишчи-ходимлар мавжуд.

ОКМК Ахборот хизмати

 Реклама ҳуқуқи асосида


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг