Геликни пулини ишлаган Дўсматов, ўзбек футболи суянчиғига айланган Файзуллаев ва Ҳусанов – Спорт дайжести

Спорт

Бугун “Гелик жанги”да, “гелик”нинг пулини ютган Ҳасанбой Дўсматов, Тошкентга келиши аниқ бўлиб улгурган Рой Жонс ва Осиё кубогида иштирок этиши сўроқ остида турган Аббосбек Файзуллаев ҳамда Абдуқодир Ҳусанов ҳақида гаплашамиз. Ассалому алайкум. Бироз танаффусдан сўнг яна экранларингизда спорт дайжести.

“Гелик жанги”дан Дўсматов 350 минг АҚШ доллари ишлаб топди

Кеча, 14 апрель куни Тошкент шаҳридаги “Ҳумо арена”да Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) томонидан IBA чемпионлар оқшоми турнири ўтказилди.

Марказий жангда ташкилот камари учун испаниялик Самуэль Кармонага қарши рингга кўтарилган Ҳасанбой Дўсматов катта устунликка эришиб, ҳакамларнинг якдил қарори билан ғалабага эришди.

Шундай қилиб, Дўсматов жангдаги ғалаба учун 350 минг АҚШ доллари миқдоридаги гонорарга эга бўлди.

13 апрель куни Тошкент шаҳрида Дўсматов-Кармона жанги олдидан face-to-face маросими ўтказилганди. Ўша тадбирда IBA президенти Умар Кремльёв қайси боксчи 5-раундгача ғалабага эришса, Mercedes Benz G-Class автомобилини совға қилишини айтганди, бироқ жанг тўлиқ давом этди ва баҳсда ўзбекистонлик чарм қўлқоп устасининг қўли баланд келди.

Бокс афсонаси Рой Жонс Тошкентга келади 

Америкалик афсонавий боксчи, турли вазн тоифаларида жаҳон чемпиони Рой Жонс Тошкентга келадиган бўлди. Бу ҳақда унинг ўзи Instagram саҳифасида маълум қилди.

Қайд этилишича, 55 ёшли Жонс май ойида Ўзбекистонга келади. У Маҳмуд Муродовга тегишли Муродов профессионал лигасининг (МПЛ) 9-турнирида фахрли меҳмон сифатида иштирок этади.

МПЛ турнири 11 май куни Тошкент шаҳридаги “Юнусобод” спорт мажмуасида ўтказилади. Ҳозирча мусобақада иштирок этувчи жангчилар номи эълон қилинмаган. 

Таъкидлаш жоиз, бу Ройнинг Тошкентга биринчи марта келиши эмас. У 2019 йил ноябрь ойида пойтахтда ўтказилган GFC-20 мусобақасида ҳам меҳмон бўлганди.

Абдуқодир Ҳусанов Golden Boy соврини даъвогарлари қаторига киритилди

Ўзбекистон терма жамоаси ва Франциянинг “Ланс” клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Golden Boy-2024 даъвогарлари рўйхатидан жой олди.

Ҳозирда Ҳусанов ушбу рўйхатда 73-ўринни эгаллаб турибди. Ҳимоячи 61,4 очкога эга.

20 ёшли футболчи Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Ланс” жамоасида муваффақиятли ўйин кўрсатмоқда. У Қатар мезбонлик қилган Осиё кубогида ҳам ишончли ўйин кўрсатди.

Рўйхатда 1-ўринни “Барселона”да тўп сураётган испаниялик 16 ёшли Ламин Ямал эгаллади. Унинг ҳисобида 91,9 очко мавжуд. Кучли учликдан “Бенфика” аъзоси Жуан Невиш ва “Ман Юнайтед” футболчиси Алехандро Гарначо ўрин олган.

Қайд этиш жоиз, Golden Boy соврини учун рўйхатга Европада тўп тепаётган 21 ёшгача бўлган 100 нафар энг яхши футболчи киритилган.

Аббосбек Файзуллаев РПЛ рамзий жамоасига киритилди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Москванинг ЦСКА клуби аъзоси Аббосбек Файзуллаев Россия Премьер Лигасининг 24-турида ёрқин ўйин кўрсатган футболчилардан иборат рамзий терма жамоадан ўрин олди. Бу ҳақда “WhoScored” портали хабар берди.

Чемпионатнинг охирги турида “Локомотив”га қарши ўйинда “армиячилар”нинг  битта голига ассистентлик қилган Файзуллаевнинг Москва дербисидаги ўйини 8,1 баллга баҳоланди.

Эътиборлиси, тур рамзий терма жамоасига ЦСКАдан фақат ўзбекистонлик футболчи киритилган. Шунингдек, Москва дербисида қатнашган “Локомотив” аъзолари Илья Лантратов ва Максим Глушенков ҳам рамзий жамоадан жой олди.

Файзуллаев ва Ҳусанов Осиё кубогида қатнашади

Россиянинг ЦСКА ҳамда Франциянинг “Ланс” клуби аъзолари Аббосбек Файзуллаев ва Абдуқодир Ҳусанов Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси сафида U-23 Осиё кубогида иштирок этадиган бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.

Гап шундаки, Темур Кападзе Осиё кубоги учун танлаган якуний қайдномада Файзуллаев ва Ҳусановнинг номлари келтирилган, бироқ икки футболчи ҳам Қатарга бироз кеч етиб келиши боис, қитъа биринчилигининг дастлабки турини ўтказиб юборади.

Маълумот учун, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Осиё кубогининг 1-турида Малайзия билан куч синашади. Баҳс бугун, 17 апрель куни Тошкент вақти билан 18:00 да старт олади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳожимат Эркинов ва Иброҳимҳалил Йўлдошев ҳам жамоа сафига келиб қўшилгани хабар қилинганди.

Машҳур статистик портал Ўзбекистоннинг Париж Олимпиадасида нечта медаль ютишини тахмин қилди

Олимпиада бошланишига роппа-роса 100 кун қолганида спорт статистикасини тўплаш билан шуғулланувчи “Gracenote” компанияси таҳлилчилари ҳар бир мамлакат учун медаллар сони бўйича янгиланган прогнозни эълон қилди.

Тахминларга кўра, медаллар жадвалида АҚШ ғолиб чиқади, Америка спортчилари 127 медални қўлга киритади, шундан 38 таси олтин медаль бўлади. АҚШдан кейин 75 та медаль билан Хитой иккинчи, 65 та медаль билан Буюк Британия 3-ўринни қўлга киритади.

Биринчи бешликдаги ўринларни Япония ва Франция жамоалари банд этиши тахмин қилинмоқда.

Эътиборлиси, портал прогнозларида Ўзбекистон делегацияси медаллар сони бўйича 19-ўринда қайд этилмоқда. Ўзбекистонлик спортчилар Париж Олимпиадасида 13 та медаль, жумладан 3 та олтин, 4 та кумуш ва 6 та бронзани қўлга киритиши тахмин қилинмоқда.

Маълумот учун, бўлажак Олимпиадада 30 та спорт тури бўйича 329 та медаллар жамланмаси ўйналади. Олимпиада тарихида биринчи марта брейк-данс ва қояга чиқиш каби йўналишларида баҳслар бўлиб ўтади. 

Олимпиадада бутун дунёдан жами 10500 га яқин спортчи қатнашиши кутилмоқда.

Футзал бўйича Жаҳон чемпионати Ўзбекистоннинг қайси шаҳарларида ўтказилиши эълон қилинди

Футзал бўйича Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати учрашувларига мамлакатнинг Тошкент, Бухоро ва Андижон шаҳарлари мезбонлик қилади. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.

Футзал бўйича жаҳон чемпионати жорий йилнинг 14 сентябридан 6 октябрига қадар бўлиб ўтади. Бўлажак турнирга қуръа ташлаш маросими 26 май куни Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.

Айни кунларда Таиланд мезбонлик қилаётган Осиё кубогида иштирок этаётган испаниялик мутахассис Хосе Венансио Лопес мураббийлигидаги Ўзбекистон футзал терма жамоаси мезбон мақомида бўлганлиги учун мундиалда тўғридан-тўғри иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бугун Ўзбекистон футзал терма жамоаси Осиё кубогида иккинчи ўйинини ўтказиши хабар қилинганди.


 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made