Ўқитувчи ҳам одамми? Қадри каби маоши ҳам тушиб бормоқда

Таҳлил

image

Бир неча кун аввал Ўзбекистондаги мактаблардан бирида ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги можаро акс этган видеотасвир тарқалиб, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини ларзага солди. Баъзилар ўқитувчининг болалар, умуман олганда, жамият орасида обрўси тушиб кетаётганидан ҳавотир билдирган бўлса, кимлардир бундай ҳолларда устозларнинг ўзини айблашга киришиб кетди. Сўнгги янгиликларга таяниб айтиш мумкинки, Ўзбекистонда ўқитувчининг нафақат мавқейи, балки, ойлиги ҳам тушиб кетмоқда. Йўғ-э, бундан 5 йил аввал уларнинг маоши ўртача 1 млн 822 минг сўм эди, ҳозир эса 3 млн 123 минг сўм бўлган, ойликлар ошган дерсиз, аммо инфляция ва мамлакатдаги ўртача иш ҳақини ҳисобга олганда, қиймат пасайган. 

Ўзбекистонда 2023 йилги ҳисоботга кўра, 10 104 та мактабда 525 737 нафар ўқитувчи дарс бермоқда. Умумтаълим муассасаларида таълим олаётган ўқувчилар сони эса, қарийб 6,5 млн нафарни ташкил этади. 

Яқинда Президент ҳузуридаги Cтатистика агентлиги Ўзбекистондаги ўртача иш ҳақи тўғрисида маълумот берди. Унда, доимгидек, таълим ва тиббиёт ходимлари энг кам маош оладиганлар қаторида қайд этилган. Республика бўйлаб (қишлоқ хўжалиги ва кичик тадбиркорлик  субъектларисиз) ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 4 млн 551 минг сўмни ташкил этган бўлса, таълим соҳаси ходимлари маоши 3 млн 123 минг сўм, яъни ўртача иш ҳақидан 1 млн 428 минг сўмга кам эканини кўриш мумкин. 

Mаълумотларга кўра, Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи йилдан-йилга ошиб бормоқда, аммо ўқитувчиларнинг ойлик маошларида бу каби ўсиш суръатини кўрмаяпмиз. Келинг, ўтган йиллар давомида умумий ўртача иш ҳақи ва ўқитувчилар маошлари қандай ўзгарганини таққослаймиз:

2017 йили ўртача ойлик маоши Ўзбекистонда 1 млн 457,8 минг сўмни ташкил этиб, 2016 йилдагига нисбатан 12,3 фоизга ўсган. Таълим соҳаси ходимлари ўша вақтда 1 млн 160,1 минг сўм маош олар эди.

Мактабгача таълим ташкилотлари ходимларининг маоши эса 2019 йилдан буён 583 минг сўмга, яъни қарийб беш йил ичида атиги 35 фоизга ошган, холос (2019 йилда 1 млн 131 минг сўм, 2023 йилда 1 млн 714 минг сўм). Бу вақт ичида республика бўйлаб ўртача ойлик иш ҳақи 2 млн 227 минг сўмга кўпайган.

Республикада энг кўп иш ҳақи олувчи соҳа ходимларига нисбатан устоз-мураббийларнинг маоши: 

  • молия ва суғурта ходимларидан (13 млн 323 минг сўм) ўқитувчилар ойлиги 4,2 баробар;
  • ахборот ва алоқа соҳаси вакилларидан (10 млн 602 минг сўм) 3,3 баробар;
  • ташиш ва сақлаш ишчиларидан (6 млн 936 минг сўм) 2,2 баробар;
  • қурилиш соҳаси ходимларидан (5 млн 218 минг сўм) 1,6 баробарга кам.

Ўқитувчиларга маош тўлаш тартиби қандай?

Дунёнинг кўпгина мамлакатларида ўқитувчиларнинг маоши иш стажига қараб ортиб боради. Ўзбекистонда эса педагогларнинг ойлиги малака тоифасига қараб белгиланади. 20 йиллик тажрибага эга, аммо малака тоифаси олий ёки 1-тоифада бўлмаган ўқитувчилар юқори иш ҳақи ололмайди:

  •   ўрта махсус маълумотли ўқитувчи – 2 млн 575 минг сўм;
  •   олий маълумотли мутахассис ўқитувчи – 2 млн 755 минг сўм;
  •   иккинчи тоифали ўқитувчи – 3 млн 85 минг сўм;
  •   биринчи тоифали ўқитувчи – 3 млн 437 минг сўм;
  •   олий тоифали ўқитувчи – 3 млн 798 минг сўм.

Шунингдек, мактаб директори:

  •   3 млн 816 минг сўм (ўқувчи coни 400 нафаргача бўлса);
  •   4 млн 75 минг сўм (401-880);
  •   4 млн 321 минг сўм (881-1600);
  •   4 млн 571 минг сўм (1600 дан ортиқ).

Директор ўринбосарлари:

  •   3 млн 564 минг сўм (400 нафаргача);
  •   3 млн 816 минг сўм (401-880);
  •   4 млн 75 минг сўм (881-1600);
  •   4 млн 321 минг сўм (1600 дан ортиқ).

Мактаб директори ва ўринбосарларига ҳафтасига 10 соатдан ортиқ дарс ўтиш мумкин эмас. Хўш, бунинг нимаси ёмон, дерсиз. Ушбу лавозим эгаларининг маоши 3,5 млн сўмдан, кўпи билан 4,5 млн сўмни ташкил қилади. Истеъмол харажатлари йилдан-йилга ортиб бораётган бир пайтда, оиласининг асосий боқувчиси ҳисобланадиган эркакларнинг мактаб директори, директор ўринбосари ёки ўқитувчилик каби касблардаги улуши камаймоқда ва натижада, дипломли, “олий тоифали” мигрантлар кўпаймоқда. Малакали кадрларнинг ўзга юртда меҳнат қилиш ўрнига, Ўзбекистонда кўпроқ ишлаб, юқорироқ маош олгани жамият учун ҳар тарафлама фойда эмасми? 

Ўқитувчилар маошининг ўсиш суръати пасаймоқда

Статистика агентлиги тақдим этган маълумотнинг энг ачинарли томони шундаки, ўқитувчиларнинг маоши Ўзбекистондаги ўртача иш ҳақига нисбатан йилдан-йилга камайиб боряпти. Масалан, таълим соҳаси ходимлари 2019 йилда Ўзбекистондаги ўртача иш ҳақининг 80 фоизи миқдорида маош олган. Кейинги йилларда эса бу миқдор қуйидагича бўлди:

  •     2020 йилда 74,2 фоиз;
  •     2021 йилда 71,8 фоиз;
  •     2022 йилда 69,2 фоиз;
  •     2023 йилда 68,6 фоиз.

Аксига олиб, Ўзбекистонда инфляция (пулнинг қадрсизланиши) даражаси ҳали ҳам юқори. Марказий банк 2017-2018 йиллардаги рекорд даражалик инфляциянинг пасайишига эришган бўлса ҳам, 5 фоизлик барқарор мақсадга етишганича йўқ. Ўтган 5 йилда инфляция даражаси қуйидагича эди:

  •     2019 йил – 17,5 фоиз;
  •     2020 йил – 14,5 фоиз;
  •     2021 йил – 12,8 фоиз;
  •     2022 йил – 10,8 фоиз;
  •     2023 йил – 11,4 фоиз;
  •     2024 йил январь ҳолатига кўра – 8,4 фоиз.

“Ойлигимиз ҳақида хорижликларга айтишга уялдик”

QALAMPIR.uz ўзбекистонлик педагоглардан уларнинг ойлик маошидан қанчалик қониқиши ҳақида сўради. Ўқитувчилардан бири хорижлик меҳмонларга иш ҳақи қанча эканини айтишдан уялганини гапириб берди:

“Бир неча йил олдин семинарда франциялик меҳмонлар ойлик маошимиз қанча эканини сўраганди. Биз айтишга уялдик, устимиздан кулмасин, деб 100 долларга кўпайтириб айтдик. Улар бизга раҳми келгандек қараб, “Нимага бунчалик кам, ахир бу чойчақа-ку”, деди. Франциялик ўқитувчилар ўзларининг ойлик маоши, иш шароитлари ҳақида гапириб берганда ўзимизни ҳақиқатан арзимас пулга, чойчақа эвазига ишлаётгандек ҳис қилдик. Биз ўзимизга машина, қимматбаҳо буюм сотиб олиш ёки хорижга саёҳат қилиш учун йиллаб пул тўплашимиз керак. Улар эса, хоҳлаган вақтида бу ишларни амалга ошириши мумкин, аммо ҳар иккала давлат ўқитувчилари бир хил вазифани бажаради. Менимча, ўзбекистонлик ўқитувчилар иш юкламаси кўплиги ҳисобига европалик педагоглардан ҳам кўпроқ ишлайди”, дейди андижонлик француз тили ўқитувчиси Г.М.

Ўқитувчиларга энг кўп маош тўланадиган мамлакатлар

OECD ҳисоботига кўра, Люксембургдаги ўқитувчилар дунё бўйича энг кўп маош олади. Бакалавр даражасига эга бўлгандан сўнг, педагог фаолиятини йилига 67 000 евро (908 млн сўм) миқдоридаги маош билан бошлайди. Иш ҳақи 10 ва 15 йиллик меҳнат фаолияти давомида мос равишда 20 000 евродан (271 млн сўм) 31 000 еврогача (420 млн сўм) қўшилиши мумкин. 30 йиллик малакага эга устозларга эса, 119 000 евро (1 млрд 613 млн сўм) гача маош (ойига тахминан 134 млн сўмдан) тўланади. Магистр даражасига эга бўлган ўқитувчи бакалавр даражасига эга ўқитувчилардан кўпроқ маош олади.

Швейцария – иш тажрибасига қараб, йиллик 73 646 доллардан (998 млн сўм) 95 591 доллар (1 млрд 295 млн сўм) гача.

Германия –  каръера бошида ойига 1 553 доллар (19 млн сўм) дан, 2 йилдан 5 йилгача тажрибага эга бўлганда 2 078 долларгача (25 млн сўм) иш ҳақи олади. Иш стажига қараб ойлик маоши кўпайиб бораверади.

Шунингдек, таққослаш учун Россияда ўқитувчиларнинг ўртача иш ҳақи 45 787 рублни (6 млн 187 минг сўм) ташкил қилади.

Қўшни мамлакатларда ўқитувчилар маоши қандай? 

Қозоғистон миллий статистика бьюросининг сўнгги ҳисоботига кўра, 2023 йилнинг учинчи чорагида таълим соҳасида ўртача иш ҳақи 247 439 тенге (6 млн 774 минг сўм)ни ташкил қилган. Тажрибаси ва унвони юқори бўлган ўқитувчиларнинг маоши иш юкламасига қараб энг кўпи 600 минг тенге (16 млн 426 минг сўм)гача етади. 2024 йилда қозоқ ўқитувчисининг ўртача маоши тахминан 250 минг тенге (6 млн 844 минг сўм) бўлиши айтилган эди. 

Қирғизистонда 2023 йилда ўқитувчиларнинг ўртача ойлик маоши 24,4 минг сом (3 млн 359 минг сўм)ни ташкил этди. Агар ўқитувчи 1,5 ставка ишласа, базавий тариф (7040 сом) 1,5 га кўпайтирилади. Синф раҳбарлиги учун 1400 сом (192 минг сўм), тил ва математика ўқитувчиларига ёзма ишларни текширгани учун 2800 сом (385 минг сўм) қўшимча пул тўланади. 3 йилдан 8 йилгача иш стажига эга устозларга 10 фоиз, 8-13 йилгача 20 фоиз, 13 йил ва ундан юқори тажрибага эга устозларга 30 фоизлик устама ҳақи қўшиб берилади. Ушбу қўшимча рағбатлар ҳисобига ўтган йили Қирғизистонда баъзи ўқитувчиларга 30 000 сомгача (4 млн 130 минг сўм) ҳақ тўланган.

Тожикистон ва Туркманистонда ўқитувчилар маоши нисбатан кам: Тожикистонда ойлик 1 млн 160 минг сўм бўлса, Туркманистонда 2 млн 187 минг сўмдан 4 млн 984 минг сўмгачани ташкил этади.

Ўқитувчиларга қандай имтиёзлар берилган?

Бугунга келиб, ўқитувчиларнинг ойлиги гарчи минг долларга чиқмаган бўлса-да, қонунчиликда улар учун маълум бир имтиёз ва устамалар берилган:

1. Қишлоқ жойлардаги таълим муассасаларида жисмоний тарбия ўқитувчиси ҳамда спорт устози бўлиб ишлаётган аёлларнинг тариф ставкаларига ҳар ойда 15 фоиз миқдорда устама ҳақ белгиланади. 

2. Таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб ишлаётган нуфузли халқаро олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 150 фоиз, асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 100 фоиз миқдорида устама ҳақи тўланади. 

3. Таълим сифати паст мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар жорий қилинган. Бунда:

  • бир вилоят доирасида бошқа туман ва шаҳарлардан келиб фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз;
  • бошқа вилоятдан келиб фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкаларига 100 фоиз махсус устамалар тўланади.

4. Xалқаро тан олинган сертификат ва халқаро стандарт талабларига жавоб берадиган миллий сертификатга эга бўлган педагог кадрларга –уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида;

5. 2025 йил 1 январга қадар чет тили фанидан камида С1 даражадаги миллий сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик устама 50 фоиз миқдорида тўланади.

Педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама – умумтаълим фанлари бўйича сертификат амал қилиш муддати давомида, лекин уч йилдан кўп бўлмаган вақт мобайнида тўланади.

Шунингдек, устама оладиган ўқитувчилар сони мактабдаги умумий ходимларнинг 50 фоизидан ошмаслиги керак. Умумтаълим мактабларида сертификатга эга бўлиб, белгиланган устамаларни олиб келаётган ўқитувчилар сони кўпаймоқда. Аммо, таълим соҳаси ходимларининг ўртача маоши ҳали-ҳануз камлигича қоляпти.

Ўқитувчиларга берилган ваъдалар

2019 йилнинг март ойида собиқ Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги биносида ўтказилган матбуот анжуманида устувор вазифа – ўқитувчиларнинг маошини ошириш эканини билдирган эди.
2020 йил 20 ноябрда Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтда фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимлари ва педагоглар билан қилган мулоқот чоғида ўқитувчи 1000 доллар олмагунча ишга келмаслик кераклигини айтганди. 

2020 йил 20 июнь куни Бухорода сайловчилар билан учрашган Шавкат Мирзиёев:

“Энди муаллимларнинг нафақат билими, балки малака ва маҳоратини ҳам баҳолаб, малака сертификатини бериш тизими жорий этилади. Умуман, келгуси етти йилда муаллимларнинг ойлик маоши 2 карра оширилади”, деганди. 

2021 йил 28 сентябрда Шавкат Мирзиёев Фарғона вилояти сайловчилари билан учрашувда, агар президентликка сайланса, алоҳида таълим дастури қабул қилинишини ваъда қилди.

“Мен муаллимнинг маошини 1000 долларга етказмагунча тўхтамайман”, деган эди Президент.

2021 йил 6 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев Сенатнинг янги биносида қилинган тантанали қасамёддан сўнг сўзлаган нутқида, келгуси беш йилда Ўзбекистонда олий тоифали ўқитувчиларнинг маоши эквивалент ҳисобида минг долларга етказилишини маълум қилган эди…

Ўқитувчиларни қийнаётган муаммолар ҳам талайгина

Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг иш юкламаси юқорилигича қолмоқда: 1 ставкалик иш улар дарс ўтадиган синфларга қараб ҳафтасига:

  • 1-4 синф – 18 соат;
  • 4-11 синф – 20 соатни ташкил этади.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида 2023 йилнинг май ойига қадар бошланғич синф ўқитувчиларининг педагог ставкасини 16 соат этиб белгилаш бўйича таклиф тайёрлаш вазифаси белгиланган эди, аммо бу ҳақда на Ҳукумат қарори чиқди, на устозлар интиқиб кутган “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонунда иш ставкаси 16 соатга қисқартирилди.

Аксига олиб, ушбу қонундан 2020 йил ноябрь ойида тақдим этилган қуйидаги асосий таклифлар  олиб ташланди:

  • педагогларнинг пенсия ёши беш йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиши;
  • педагог ходимнинг таълим соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун ҳар ойлик базавий лавозим маошига устамалар тўлаш;
  • олий маълумотга эга бўлмаган аммо таълим ташкилотларида камида беш йил иш стажига эга педагог ходимни – кириш тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида ва қабул параметрларидан ташқари ОТМнинг педагогика йўналишига [сиртқи, кечки ва масофавий таълим шакли] суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш.

Устозларни энг кўп қийнаб келаётган муаммолардан яна бири: мактабларда ўзлаштириш қийин бўлган фанлар, жумладан, “информатика”, “Меҳнат таълими” ва чет тили дарслари 25 нафаргача ўқувчи бўлган синфларда икки гуруҳга бўлиб ўтилмаётганидир. QALAMPIR.UZ мухбири суҳбатлашган педагоглардан бири ушбу фанларни ўқитишда синфда кўпи билан 15 нафар ўқувчи бўлиши кераклигини айтди:

“Ота-оналар арз қилиб келади баъзида, фарзандимни дарсда олиб ўтирма, хорижий тилни ўқув марказига бориб ўрганади барибир, сен ўргата олмаяпсанми, қўйиб юбор, деб. Боласи чет тилини яхши ўзлаштиролмаётгани учун биз ўқитувчиларни айблайди. Синфда 24 нафар ўқувчи бор, дарс 45 дақиқа бўлади, хорижий тилни грамматика, ўқиш, ёзиш, тинглаб тушуниш ва гаплашиш асосида ўргатиш учун бу камлик қилади. Ўқув марказларида эса бир гуруҳда кўпи билан 14-15 та ўқувчи таҳсил олади. 25 йиллик тажрибага эга педагог сифатида айтмоқчиманки, ўқувчиларни икки гуруҳга ажратишнинг максимал чегараси 20 нафаргача бўлиши керак. Аҳоли сийрак яшайдиган талайгина ҳудудлар, қишлоқлардаги битта синфда ўқувчилар сони 20-25 нафаргачани ташкил қилади. Қонунга бўйсунишга мажбурмиз, хорижий тилни синфни иккига бўлмасдан ўргатамиз. Ҳар бир ўқувчига вақт ажратишга, хатолари устида ишлашга улгурмаяпмиз”.

Шаҳар мактабларида эса, ҳолат ундан-да ёмонроқ. Бир синфда 40, 45 ва ҳатто 50 нафаргача бола таълим олмоқда. Тасдиқланган низомга мувофиқ, синфда ўқувчилар сони 35 нафардан ортмаслиги белгиланган. Аммо, дарс хоналарининг, педагогларнинг етишмаслиги боис синфларда 35 тадан кўп бола ўқитишга тўғри келяпти. Бу нарса ўз-ўзидан таълим сифатига таъсир қилмай қолмайди.

Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, ўқитувчиларнинг олаётган маоши бирваракайига 40 та болага дарс ўтиб кетказилган энергия, узилган асаб толаларига арзийдими? Нега халқ таълими ходимлари жамиятнинг энг кам иш ҳақи тўланадиган қатлами бўлиши керак? 

Моҳинур Маматова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг