16 февраль воқеалари бўйича судланган 5 киши оқланди
Жамият
−
24 Июль 2021
15405Бугун, 24 июль куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида 1999 йил 16 февраль воқеаларига алоқадорлиги юзасидан судланган 5 нафар шахсга оқлов ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент вилояти Зангиота туман судининг 1999 йил 30 июндаги ҳукмига кўра, Ёлқин Тўлаганович Камолов, Муҳаммадзоҳир Набиевич Хўжаев, Иброҳим Шавкатович Юнусов, Бахтиёр Набижанович Бегматов, Искандар Тожибаевич Бўриев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 208-моддаси билан айбли деб топилиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум килиш жазоси тайинланган.
Уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1999 йил 30 апрелдаги “9 майни Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилиниши муносабати билан амнистия тўғрисида”ги фармони 2-банди моддаси тадбиқ этилиб, тайинланган жазони ўташдан озод қилинганлар.
Таъкидланишича, Мазкур иш бўйича Абдураҳмонов Ғуломжон ҳам судланган бўлиб, ишнинг унга оид қисми муҳокама қилинмади.
Суднинг ҳукмига кўра, Ғ.Абдураҳмонов Тошкент вилояти ИИБ ДАНга қарашли Тошкент туманида жойлашган “Ғишт-кўприк” ДАН масканида нозир, милиция катта сержанти бўлиб ишлаб келиб, Ўзбекистон Республикаси чегарасидан ўтаётган транспорт воситалари устидан назорат ўрнатишни ташкил этиш билан боғлиқ бўлган ишларни амалга оширишдаги мансабдор шахс бўла туриб, Ё.Камолов Тошкент вилояти бўйича божхона хизмати “Ғишт-кўприк” божхона маскани бош нозири ва 1999 йил 16 февралда смена бошлиғи вазифасини вақтинча бажариб келиб, И.Юнусов Тошкент вилояти божхона хизмати “Ғишт-кўприк” божхона масканининг нозири – божхона хизмати лейтенанти) лавозимида ишлаб келиб, И.Бўриев Тошкент вилояти бўйича божхона маскани лейтенанти лавозимида ишлаб келиб, М.Хўжаев Тошкент вилояти бўйича божхона хизмати “Ғишт-кўприк” божхона масканининг нозири – божхона хизмати лейтенанти лавозимида ишлаб келиб, Б.Бегматов Тошкент вилояти бўйича божхона хизмати “Ғишт-кўприк” божхона маскани лейтенанти лавозимида ишлаб келиб, Ўзбекистон Республикаси чегарасидан ўтаётган шахс ва транспорт воситалари устидан божхона назоратини ўрнатишни ташкил қилиш билан боғлиқ бўлган ишларни амалга оширадиган мансабдор шахслар бўла туриб, ўз хизмат бурчларини тўлиқ бажармасдан куйидаги жиноятни қасддан содир этганликда айбли деб топилганлар.
Яъни 1999 йил 16 февраль куни соат 10:50 дан соат 12:05 гача диний эсктриместик ҳаракатлари аъзолари бўлган З.Ҳасанов, Х.Раҳмонов ва Н.Йўлдошев ва бошқалар томонидан Ўзбекистон Республикаси давлат тузумини Конституциясига хилоф равишда ўзгартириш, террористик ҳаракатлар орқали қонуний тарзда сайланган ва тайинлаган ҳокимият вакиллари ва Республика Президенти ҳаётига тажовуз қилиш орқали ҳокимиятни босиб олиш мақсадида Тошкент шаҳрини ҳар хил ҳудудларида автомашиналарни ва Абдулла Каҳҳор кўчасидаги 22-уйни портлаш йўли билан қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишган. Ушбу содир этилган портлашлар натижасида 16 нафар шаҳар вафот этган, 123 нафар шахс тан жароҳати олган, давлат муассасалари, жамоат ташкилотлари ва фуқаролар мулкларига жуда кўп миқдорда моддий зарар етказилган. Жиноят содир этилганларидан кейин террористлар майда гуруҳларга бўлиниб, Ўзбекистон Республикаси чегарасидан, шу жумладан Тошкент вилоятида жойлашган “Ғишт-кўприк” ДАН ва божхона маскани орқали чиқиб кетишган.
Судланувчи Ғ.Абдураҳмонов соат 11:50 да ДАН тўсиғини ёпиб, ДАН маскани орқали транспорт уловларини ҳамда жисмоний шахсларни ўтказишни тўхтатиш ҳақидаги буйруқни олгандан сўнг, қасддан ДАН маскани орқали транспорт воситаларини ҳамда жисмоний шахсларни ДАН масканидан ўтказмаслик тўғрисидаги буйруқни бажармаган. Шу туфайли тахминан соат 12:30 ларда террористик ҳаракатлар содир этган иштирокчилар Н.Йўлдашев, З.Ҳасанов ва Х.Раҳмонов ҳеч қандай тўсиқсиз ушбу ДАН маскани орқали фуқаро А.Сулаймановга тегишли “ВАЗ 2101” давлат рақамли Б 54-81 ТН автомашинасида ўтиб кетишган. Ё.Камолов, И.Юнусов, М.Хўжаев, Б.Бегматов ва И.Бўриев соат 12:20 да Ўзбекистон Республикаси чегарасини ёпиб, божхона маскани орқали транспорт уловларини ҳамда жисмоний шахсларни ўтказишни тўхтатиш ҳақидаги буйруқни бажармаган. Яъни Ё.Камолов, И.Юнусов, М.Хўжаев, Б.Бегматов ва И.Бўриев божхона маскани ҳудудини Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетаётган транспорт воситаларидан уларни орқага қайтариш йўли билан бўшатишган ва божхона кириб кетиш йўлини темир панжара билан тўсиб, транспорт воситаларини ўтказишни тўхтатишган. Аммо буйруққа биноан жисмоний шахсларни ҳам божхона масканидан ўтишини давом эттирган. Шу туфайли тахминан 12:30 ларда ушбу божхона масканидан террористик ҳаракатларни содир этган Н.Йўлдашев, З.Ҳасанов, Х.Рахмонов ҳеч қандай тўсиқсиз божхона маскани орқали ўтиб кетишган ва охирги иккитаси Қозоғистон Республикаси ҳудудида ғойиб бўлган. Натижада давлат манфаатларига жиддий зарар етказилган.
Суднинг ҳукмига нисбатан судланувчи Ё.Камолов, И.Юнусов, М.Хўжаев, Б.Бегматов ва И.Бўриевнинг ҳимоячиси адвокат Н.Қулдошев томонидан апелляция шикояти берилган.
Мазкур жиноят иши Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида раислик қилувчи судья С.Аширматов, судлов ҳайъати судьялари Д.Иззатов ва Х.Бердикличев(иш бўйича маърузачи)дан иборат таркибда кўриб чиқилди. Судлов ҳайъати томонидан 2021 йил 24 июль куни оқлов ҳукми чиқарилди.
Судлов ҳайъатининг оқлов ҳукмига кўра, Тошкент вилояти Зангиота туман судининг 1999 йил 30 июндаги Ёлқин Тўлаганович Камолов, Муҳаммадзоҳир Набиевич Хўжаев, Иброҳим Шавкатович Юнусов, Бахтиёр Набижанович Бегматов, Искандар Тожибаевич Бўриевга нисбатан ҳукми бекор қилиниб, улар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 208-моддаси бўйича айбсиз деб топилди.
Иш бўйича уларнинг қилмишларида жиноят таркиби мавжуд бўлмаганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан реабилитация қилинди ва жиноят ишининг уларга оид қисми ҳаракатдан тугатилди.
Эслатиб ўтамиз, 1999 йилнинг 16 февраль куни Тошкентда бир қанча қўпорувчилик ҳаракати рўй берганди. Тошкент осмонини қора тутун қоплаган ўша мудҳиш кундаги террорчилик ҳаракатлари фақатгина мамлакатнинг конституциявий тузумига қарши ҳаракат эмас, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовга суиқасд ҳам эди.
Шу куни пойтахт Тошкентнинг турли ҳудудларида, жумладан Мустақиллик майдони, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий банк бинолари ёнида 6 та кучли портлашлар юз берган. Уларда 16 нафар киши қурбон бўлган, 100 дан ортиқ одам жароҳатланган.