Дунёда яна бир уруш бошланиши мумкин. Бу сафар Жанубий Америкада
Олам
−
05 Декабрь 2023
20217Жорий йилнинг 3 декабрь куни Венесуэла ҳукумати нефтга бой Эссекибо ҳудудини қўшни мустақил Гаяна томонидан аннекция қилиниши бўйича референдум ўтказди. “Meduza” нашрига кўра, айнан шу ҳудуд Лотин Америкасида урушга олиб келиши мумкин.
Ўтказилган референдумда резидентлардан бешта саволга жавоб бериш сўралган. Жумладан, варақаларда улар Гаяна-Эссекибо янги давлатини яратишга, унинг аҳолисига фуқаролик беришга ва уни Венесуэла харитасига киритишга рози бўлиш-бўлмаслиги келтирилган.
Референдум 1 декабрь куни Венесуэлага Гаяна ҳудудий яхлитлигини бузувчи ҳар қандай ҳаракатларни амалга оширишни тақиқлаган Халқаро суд қарорига мамлакат ҳукуматининг жавоби бўлди.
Венесуэла ва Гаяна ўртасидаги ҳудудий низо бўйича йиғилиш баҳоргача ўтказилмайди ва суд қарори йиллар ўтиб қабул қилиниши мумкин – аммо суд референдум ўтказишни тақиқламаган.
Мамлакат Миллий сайлов кенгаши раҳбари Элвис Аморосонинг сўзларига кўра, сайловчиларнинг 95 фоиздан ортиғи референдумнинг барча бешта саволини маъқуллаган, камида 10,5 миллион овоз берилган.
Кенгаш овозлар сони сайловчилар сонига тенгми ёки у ҳар бир саволга берилган жавоблар йиғиндиси сифатида ҳисобланганми, тушунтириш берилмаган. Аморосо, шунингдек, сайлов участкаларига қанча сайловчи келганига аниқлик киритмаган.
“The New York Times” газетасининг ёзишича, давлат сектори ходимлари овоз беришга мажбур қилинган бўлса-да, бу кутилганидан анча паст натижа бўлган.
Газета кузатувчилари деярли бўм-бўш бўлган сайлов участкаларини кўрган, экспертлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам шундай хабар берган. Шунингдек, “Reuters” агентлиги кўплаб сайлов участкаларида жуда оз ёки умуман одам бўлмаганини ёзган.
Гаяна Президенти Ирфаан Али Эссекибо гаяналикларга тегишли эканини айтган ва унинг ҳукумати мамлакат чегаралари бузилмай қолиши ва фуқароларнинг яқин соатлар, кунлар ва ойларда қўрқадиган ҳеч нарсаси йўқлигини таъминлаш учун доимий иш олиб боришига ишонтирган.
Венесуэла ва Гаяна ўртасидаги Эссекибо бўйича баҳс узоқ тарихга эга.
Венесуэла бу ҳудудни Испания мустамлакаси давридан бери ўз чегаралари ичида деб ҳисоблайди ва 1899 йилдаги Халқаро арбитраж судининг Эссекибони ўша пайтдаги Британия Гвианаси қисми сифатидаги қарорга рози эмас.
Расмий маълумотларга кўра, Николас Мадуро иккинчи марта ғалаба қозонган 2019 йилги сайловлардан сўнг Венесуэлада тартибсизликлар бошланди ва икки ҳокимият режими ўрнатилди. Қўшма Штатлар бошчилигидаги ўнлаб давлатлар Мадурони ҳокимиятни тортиб олишда айблаган мухолифат етакчиси Хуан Гуайдони Венесуэланинг муваққат президенти сифатида тан олди.
2022 йил охирига келиб Гуайдонинг мухолифат кабинети тарқатиб юборилди. Бироқ 2023 йил октябрь ойида мухолифат (Венесуэла Миллий сайлов кенгаши кўмагисиз) 2024 йилги президентлик сайловларида Мадурога қарши курашадиган номзодлар орасида праймериз ўтказди. Овоз беришда 2,4 миллиондан ортиқ венесуэлалик иштирок этди.
Каракасдаги Андрес Белло католик университети тадқиқот маркази директори Бениньо Аларкон референдумда кам иштирок этганини Мадуро ҳукуматининг катта муваффақиятсизлиги деб ҳисоблаган. У референдум ўтказишдан асосий мақсадни ҳукуматнинг "сайлов машинаси"ни бўлажак президентлик сайловлари олдидан синаб кўриш нияти деб атайди ва уларнинг ҳатто шартли шаффофлигига ҳам шубҳа қилган.
Бундан ташқари, экспертлар референдум ўтказиш Мадурога кун тартибини бўлажак сайловлардан, унинг позицияси чайқалиши мумкин бўлган ҳудудий баҳсларга эътиборни тортиш имкониятини беришини айтган.
Ҳарбий таҳлилчи Росио Сан Мигелнинг фикрича, референдумнинг маъқулланиши Мадурога исталган вақтда армия иштирокида чегара тўқнашувларини бошлаш ваколатини беради. Агар Мадуро ўзини ютқазаётганини ҳис қилса, у "уруш тугмасини" босиб, сайловларни тўхтатиб, мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиши мумкин.
Референдумдан бир ҳафта олдин Гаяна Ташқи ишлар вазири Робер Персо мамлакатлар ўртасидаги кескинлик даражасини "мисли кўрилмаган" деб таърифлаган.
Ўз навбатида, Венесуэла ҳарбийлари Эссекибонинг комплекс ривожланиши учун логистик таъминот нуқтаси бўладиган ҳаво йўлаги қурилишини эълон қилди ва Бразилия бу суҳбатлар фонида шимолий чегара минтақасидаги ҳарбий иштирокини оширди.
LiveБарчаси
Афруза Ҳамдамова 2 карра жаҳон чемпиони.
09 Ноябрь