Озарбайжон Пашиняннинг иддаоларига жавоб қайтарди

Олам

image

Аввалроқ, амалий ташриф билан Францияга борган Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Ереван ва Баку ўртасида тинчлик ўрнатиш ҳали ҳам имконсиз, деб билиши ва Арманистонга янги ҳужум эҳтимолини тахмин қилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу иддаолар юзасидан Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги ўз муносабатини билдирди.

Вазирликка кўра, Арманистоннинг Озарбайжонга қарши асоссиз айбловлари минтақада кескинлик яратиш ва тинчлик жараёнига яна бир зарба беришни мақсад қилган.

ТИВ Пашиняннинг баёнотлари Германия канцлери Олаф Шольц ташаббуси билан учрашувдан сўнг, нега айнан Францияда айтилганига урғу берган.

“Бу баёнотлар Германия канцлери ташаббуси билан уч мамлакат раҳбарлари ўртасида ўтказилган учрашувдан сўнг, Арманистон томонидан айтилди. Пашинян янги ғоялари учун жой сифатида Францияни танлади. Буни Арманистон томонидан Германиянинг саъй-ҳаракатларига ҳурматсизлик белгиси ва Франциянинг тинчлик жараёнига салбий таъсири давом этаётгани деб баҳолаш мумкин", дейилган вазирлик баёнотида.

Шунингдек, вазирлик гўё Озарбайжоннинг Арманистонга қарши ҳужумга тайёргарлик кўраётгани, мамлакатнинг халқаро ҳуқуқ тамойилларига амал қилмаслиги каби даъволар мавжуд фактларни бузиб кўрсатиш ва халқаро ҳамжамиятни чалғитишга қаратилганини қўшимча қилган. 

"Яқинда оммавий ҳарбийлаштириш сиёсатини олиб борган ва қарийб 5 ой давомида минтақада барқарорликни бузган Арманистон томонининг бу қадамларини яшириш мақсадида Ғарбий Озарбайжон ҳамжамиятининг чақириқларини, шунингдек, Арманистоннинг асоссиз баёнотларга берган жавобларини баҳона қилиб, мамлакатимиз урушга тайёргарлик кўраётганини даъво қилиш мутлақо асоссиздир", деган Озарбайжон ТИВ.

Бундан ташқари, Арманистон Конституциясида, амалдаги қонун ҳужжатларида, унинг расмий хат ва баёнотларида, халқаро ташкилотлар ва судлар томонидан чиқарилган ҳужжатларда Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигига қарши даъволарнинг давом этиши юқоридаги ҳолатларга далил сифатида келтирилган.

"Турли халқаро платформалардан фойдаланиб, мамлакатимизга қарши тажовузкор туҳматчи риторикани юритаётган Арманистон томонини тинчлик истиқболига путур етказувчи баёнотлар беришни тўхтатишга ҳамда Жанубий Кавказ минтақасини тинчлик ва ҳамкорлик масканига айлантириш учун яратилган имкониятлардан фойдаланишга чақирамиз", дейилади баёнот ниҳоясида.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон Пашинян Ташқи ишлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг