“Жуда уятли ҳолат”. Сенат нотўғри маълумот орқали қонунни қабул қилмоқчими?
Жамият
−
26 Январь
34966Аввалроқ, 11 январь куни Сенат орган ходимларини фото ва видеога олиб интернетда тарқатишни тақиқлаш бўйича қонунни "хаспўшлаш"га уриниб, бу борадаги "хориж тажрибаси"дан бир неча мисоллар келтирган эди. Жумладан, унда бу каби қонун Буюк Британия, Франция ва Германия сингари ривожланган мамлакатларда ҳам мавжудлиги қайд этилган.
BBC Ўзбек хизмати Сенат эълон қилган мисолларни текшириб, ушбу маълумотларнинг ёлғон ёки ноаниқлигини аниқлади.
Буюк Британия
Баҳсли қонунни асослаган Сенат ахборотида шундай дейилганди:
“Буюк Британияда кўчаларда ёки биноларида хизмат вазифаларини бажараётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини уларнинг розилигисиз суратга олишни тақиқловчи норма мамлакат парламенти томонидан 2000 йилда тасдиқланган. Мазкур нормага кўра, хизмат вазифаларини бажараётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимини унинг розилигисиз камера, видеокамера ёки мобиль телефон орқали тасвирга олган ёки тасвирга олишга уринган шахс ҳибсга олиниши ва кейинчалик 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин”.
BBC Ўзбек хизматининг билдиришича, “Террорчиликка қарши курашиш тўғрисида”ги қонунга кўра, фақат биттагина ҳолатда, яъни терроризм хавфи мавжуд бўлсагина, террорчи дея шубҳа қилинган шахсдан тасвирга олишни тўхтатишни сўрашлари мумкин. Лекин кейинчалик у одам террорчи бўлиб чиқмаса, унда шубҳа қилган ва тасвирга олишни тўхтатган полициячининг ўзи жавобгарликка тортилади.
Лондон марказида тартибни сақлашга масъул "Metropolitan Police" сайтида ҳам “Аҳоли ва матбуот вакиллари жамоат жойларида тасвирга олиш учун рухсат сўрашга мажбур эмас ҳамда полициянинг ҳолатлар ва полиция ходимларининг суратга олинишини тўхтатиш ваколати мавжуд эмас”, деб ёзиб қўйилган.
Германия
Сенатнинг яна бир далилида "Германияда полиция ходимларини суратга олиш тақиқланган эмас, лекин бу фотосуратлар ёки видеоларни ижтимоий тармоқлар ва интернетга жойлаштириш тақиқланган”и келтирилган.
BBC маълумотларига кўра, бу жумла бир томондан тўғри, бошқа томондан эса чалғитувчи ахборот. Ҳақиқатан ҳам Германияда шахсий ҳуқуқлар қонун билан жуда кучли ҳимоя қилинади. Жамоат жойларида алоҳида шахсни берухсат суратга олиш ва уни тарқатиш мумкин эмас. Полиция ходимлари ҳам айни фуқаролик ҳуқуқларидан фойдаланади. Лекин полиция ходимининг тасвирларини тарқатишни тақиқловчи бирор алоҳида қонун ёки норма Германия қонунчилигида мавжуд эмас.
Франция
“Францияда бир ва бошқа операциялар давомида полиция ходимлари ёки жандармларнинг шахсини идентификация қилишга ёрдам берадиган тасвирларни тарқатиш бир йиллик қамоқ ва 45 минг евро жарима билан жазоланади”, дейилади Сенатнинг изоҳида.
Фактчек қилган журналистлар эса, 2021 йилнинг апрелида Франция парламенти полицияни тасвирга олишни тақиқловчи қонун қабул қилгани, лекин ўша йилнинг ўзидаёқ Франция Конституциявий суди ушбу қонунни Конституцияга зид деб топиб, бекор қилганини аниқлаган.
Юқоридагиларга ўз муносабатини билдирган ҳуқуқшунос, блогер Хушнудбек Худойбердиев буни "Сенат учун жуда уятли ҳолат" деб атади.
“Сенаторлар ҳам хулоса қилади, деган умиддамиз. Ҳурматли сенаторларимиздан ёлғон асосига қурилган қонунни маъқулламасликларини сўраб қоламиз”, дейди у.
LiveБарчаси