Рус медиаси Озарбайжонга ҳужум қилишни сўрамоқда

Таҳлил

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Путин учун чинакам муаммога айланди. Диаспоранинг таъқиб остига олиниши, бир-бирининг мамлакатда бўлиб турган фуқароларини қамаш, AZAL самолётининг ҳалокатини яна кун тартибига олиб чиқиш энди бу икки ўртадаги арзимаган зиддиятлар сирасига киради. Чунки Илҳом Алиев эндиликда тўғридан тўғри Украинани риторик жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда. 19 июль куни Озарбайжон Президенти Хонкендида бўлиб ўтган учинчи Шуша халқаро медиа-форумида жиддий гапларни айтиб ўтди. У Украинани таслим бўлмасликка, аннексияга умуман рози бўлмасликка чақирди. Бундан ташқари, Алиев яна AZAL самолёти авиаҳалокати масаласини кўтарди ва Баку ҳали ҳам Россиядан ўз талабларини бажаришни кутаётганини қўшимча қилди. Форумда мазкур сигналлардан ташқари, бошқа мавзулар, хусусан, Озарбайжон Қорабоғ устида тарихий адолатни тиклагандан сўнг, унга биринчи совғани Ўзбекистон тақдим қилгани ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди. Бугун айни пайтда энг кўп муҳокама марказида бўлиб келаётган ушбу форумда Алиев томонидан Россия манзилига йўлланган сигналлар ва бошқа муҳим тезисларга батафсил тўхталамиз.

Россияга огоҳлантирувчи сигнал

Илҳом Алиев Хонкендини жорий йилдаги Озарбайжоннинг сиёсий марказига айлантирди. Дастлаб 4 июль куни бу ерда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити ўтказилиб, Россия билан тенгма-тенг олишаётган бир пайтда расмий Баку учун бу сиёсий тадбир шаҳарда Алиев олдида жам бўлган кўплаб лидерларнинг ташрифи билан муҳим аҳамият касб этди. 19 июль куни эса Хонкендида Шуша халқаро медиа форуми ташкиллаштирилиб, унда Алиев халқаро майдонда аллақачон ҳисоблашадиган фигурага айланганини кўрсатди. Мазкур форум Россияга отилган тош ва Ўзбекистонга айтилган раҳмат билан эсда қолди. Алиев томонидан кўтарилган масалалардан бири бу 2024 йилнинг декабрида Қозоғистонда ҳалокатга учраган Озарбайжон ҳаво йўлларининг Embraer 190 самолёти ҳалокати атрофидаги жараён бўлди. У бу борада Москва тегишли қадамларни ташламаётгани ва Озарбайжон айни пайтда Россияга қарши халқаро судларга даво қилиш учун ҳужжатларни тайёрлаётганини маълум қилди. Алиевнинг сўзларига кўра, етти ой давомида Озарбайжон Россия томонидан бирорта ҳам аниқ жавоб олмаган. Унинг айтишича, Озарбайжон Бош прокурори мунтазам равишда Россия Тергов қўмитасига сўровлар юборади, бироқ бунга жавобан фақат “тергов давом этмоқда” деган гап келади. Алиев эса бу позицияни “самарасиз” деб атади.

“Биз нима бўлганини биламиз ва буни исботлай оламиз. Биз биламизки, Россия расмийлари ҳам содир бўлган воқеадан хабардор. Нима учун улар бундай вазиятда бирон-бир қўшни қиладиган ишни қилмаяпти?” дейди Алиев.


Алиевнинг таъкидлашича, Озарбайжон Россиядан ўз айбига иқрор бўлишни, ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига товон тўлашни ва AZAL авиакомпаниясининг самолётига етказилган зарарини қоплашни талаб қилади. Бу талаблар Озарбайжон Президенти томонидан биринчи бор янграётгани йўқ. Аслида бу талаблар рўйхатининг қисқарган ҳолатдагиси. Чунки ўтган йили Алиев юқорида санаб ўтилган мажбуриятларга қўшимча равишда Россиянинг узр сўрашини ҳам талаб қилганди. Бироқ Путин билан телефон суҳбати амалга оширилганидан сўнг Озарбайжон раҳбари Россия кечирим сўраш шартини бажарганини маълум қилиб, Путин ундан узр сўраганига ишора қилганди ва бу билан кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Бу гал эса Алиев самолёт ҳалокати юзасидан Озарбайжон қанча керак бўлса, шунча кутишини айтди ва бунга мисол тарзида Malaysia Airlines авиакомпаниясининг Boeing 777 ҳалокати бўйича тергов ишлари ўн йилдан ортиқ давом этганини келтирди. Маълумот учун, 2014 йилда Донецк осмонида уриб туширилган ушбу рейс бўйича суд жараёнлари орадан 11 йил ўтиб, жорий йил июль ойида якунланди. Европа инсон ҳуқуқлари суди бу учун жавобгарликни Россия томонидан Украина шарқида қўллаб-қувватланган ФХХ кураторлиги остида ҳаракатланган сепаратистларга юклади.

Украинани таслим бўлмасликка чақириш

Украиналик машҳур журналист Дмитрий Гордон форумда яна катта саҳнага чиқди. У Алиевнинг Украинага бўлган қўлловини юзага чиқаришга эришди. Алиевга савол билан юзланар экан, Гордон ўзининг кириш сўзларини уни улуғлаш билан бошлади. Украиналик журналист Озарбайжон раҳбаридан ўттиз йилдан сўнг ўз ҳудудий яхлитлигини тиклашга муваффақ бўлган халқ раҳбари сифатида украиналикларга қандай маслаҳат бериши ҳақида сўради ва ҳаммаси шундан бошланди.

“Ҳурматли жаноб Президент, биз Украинада Озарбайжоннинг Сизнинг раҳбарлигингизда ўз заминини, ўз ҳудудини қайтариб олганини ҳайрат билан кузатдик. Бу биз учун жуда илҳомлантирувчи мисол ва, албатта, украиналиклар Украинанинг давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлагашингизни қайта-қайта очиқ билдирганингиз учун сиздан миннатдор. Бу унутилмайди. Мана кўп йиллар давомида биз Украина давлатининг мавжудлиги хавф остида турган энг оғир жанг, энг оғир уруш шароитида яшаяпмиз. Сиз ғолиб халқ раҳбари сифатида Украина ва украиналикларга қандай маслаҳат бера оласиз?” деди журналист.

Ушбу саволга жавобан Алиев бир неча йил аввал ҳам шунга ўхшаш саволга жавоб берганини ва унинг жавоби аввал айтганидан фарқ қилмаслигини маълум қилди. У вазиятни Тоғли Қорабоғ юзасидан Арманистон билан бўлган можарога қиёслади ва украиналикларни ҳеч қачон таслим бўлмасликка, Россиянинг босиб олиш ҳаракатларига рози бўлмасликка чақирди.

“Менимча, бу Украина халқининг орзу-умидларига тўғри келади. Ҳеч қачон босиб олишга рози бўлманг. Бу асосий маслаҳат. Биз шундай қилдик”, деган Илҳом Алиев.

Алиев Озарбайжоннинг яқин ўтмиши қандай кечгани ва у ҳам оғир даврларни бошдан кечирганига алоҳида тўхталди. Бир қарашда бу гаплар билан Озарбайжон етакчиси Украинага далда бергандек кўринди. Чунки Европанинг энг катта давлати ҳам ҳозир ўз тарихидаги энг оғир дамларни ўтказмоқда. Алиев эса Украинага берган маслаҳати билан бирга Озарбайжоннинг босқинга қарши тажрибаси ҳақида ҳам ўртоқлашди. У биринчи Қорабоғ уруши даври Озарбайжон учун жуда оғир ва фожиали бўлиб, кўплаб қурбонлар бўлганини айтди. Алиевга кўра, тўқнашувдан кейинги давр ҳам унчалик осон бўлмаган. Унинг қўшимча қилишича, ўша пайтда мамлакат аҳолиси 8 миллион кишини ташкил қилган. Давлат аҳоли жон бошига қочқинлар сони бўйича энг юқори давлатлардан бирига эга эди. Озарбайжон бюджети бўш бўлган ва мамлакатга ташқаридан деярли ҳеч қандай ёрдам келмаган. Хусусан, халқаро қўллаб-қувватлаш мавжуд бўлмаган.

“Иқтисодий нуқтаи назардан қараганда, бизда тирикчилик воситасидан маҳрум бўлган бир миллион одам бор эди: 700 мингдан ортиғи Озарбайжон туманларидан, Қорабоғдан, шунингдек, Арманистонда яшаб, депортация қилинган 250 минг озарбайжон. ”, деди Президент.

Алиев ана шундай қийин шароитда мамлакатни унинг отаси, марҳум собиқ президент Ҳайдар Алиев бошқаргани ва у вазиятни барқарорлаштиришга ҳамда давлатни босқичма-босқич тиклашга муваффақ бўлганини ҳам қўшимча қилди. Унга кўра, ўша кезларда мамлакатда маблағ йўқ, ғазна эса буткул бўш бўлган. Амалда эса ҳеч ким Озарбайжонни қўллаб-қувватламаган, ҳеч қаердан жиддий халқаро ёрдам келмаган, иқтисодиёт вайрон бўлган, инфляция 1000 фоиз, ишсизлик ва қашшоқлик аллақачон 100 фоизга яқинлашган. Илҳом Алиев отаси Ҳайдар Алиев ҳокимият тепасига келганида Озарбайжон шундай аҳволда бўлгани, унинг ўзи ҳам 70 ёшда бўлиб, соғлиғи ҳам ёмон бўлиб, оғир касалликка чалингани, лекин шундай вазиятда ҳам мамлакатни барқарорлаштиришга муваффақ бўлганини таъкидлади.

Кўп ўтмай, халқаро вазият Озарбайжонга қарши бўлса ҳам, мамлакат аста-секин ўз ҳудудини қайтариб ола бошлади. ЕХҲТнинг Минск гуруҳи ҳамда кўплаб ташқи кучлар Арманистон томонда бўлиб, уларнинг барчаси статус-кво ўзгармаслиги ва вазият абадий давом этишини таъминлашга ҳаракат қилди. Бироқ, Озарбайжон бундай воқеликларга рози бўлмади ва 2020 йилда мустақил қарор қабул қилган ҳолда ўзининг тарихий ҳудудларини бирин-кетин қайтариб ола бошлади.

Адолатга ишончим кам эди деган Алиев уни куч билан тиклаш мумкинлигини айтди. Ҳа, Алиев бу тарихий воқеаларни Гордонга айтиб берар экан, ўз жавобининг сўнггида яна бошланғич нуқтага қайтди. Қорабоғ орқали Украинадаги босқинга қарши қандай туриш лозимлигини тушунтириб, энг сўнггида Алиев Киевни яна таслим бўлмасликка чақирди. Аммо Алиевнинг бу гаплари бироз мунозарали. Яъни бир неча ой олдин, Россия ва Баку муносабатлари жуда кескин бузилмаган пайтда Озарбайжон етакчиси Россиянинг Украинага босқини атрофидаги саволга “дунёда урушлар томонлардан бири таслим бўлиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаганидан кейингина тугайди”, деб жавоб қайтарганди.

Ўша пайтларда Алиев Киев ва Москва ўртасидаги инқирозли ҳолатни якунлаш учун ҳозир ҳеч қандай имконият йўқлигини айтиб, агар бу урушни тугатишнинг қандайдир йўли бор бўлса, у ҳолда “мен халқаро муносабатларда ҳеч нимани билмас эканман”, деганди. Аммо орадан вақт ўтиб, Екатеринбургдаги воқеалар содир бўлгач, Озарбайжон етакчиси адолат ва унга куч билан эришиш мумкинлиги ҳақида гапириб қолди. Шу боис унинг Украинага берган маслаҳати холис ёки шунчаки Россияга Киев орқали рекошет зарба йўллаш учун айтилгани аниқ эмас. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам Алиев шу куни Киевни бир неча бор давом этиш, таслим бўлмаслик ва босқинга қарши туришга чорлади. Хусусан, украиналик журналист Елена Қурбонова томонидан Озарбайжон Президентига Украина ҳарбийларининг нишон-белгилари топширилди. Илҳом Алиев уларни чуқур миннатдорлик билан қабул қилди ва ўша лаҳзада ҳам қисқа қилиб, Украина ва украиналикларга “шу таҳлит давом этиш зарурлигини” таъкидлади.

Мирзиёевга раҳмат!

Алиев Россияни “савалаган” форумда Ўзбекистон ва мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёевга алоҳида миннатдорлик билдирди. Озарбайжон Президенти Қорабоғни қайта тиклаш борасида Ўзбекистоннинг кўрсатган ёрдами ва Шавкат Мирзиёевнинг биродарлик қўллови учун раҳмат айтди. Алиевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон тиклаш ишларини амалий ҳаракатлар билан бошлаган биринчи давлат ҳисобланади. Озарбайжон раҳбари Ўзбекистон ҳукумати Қорабоғдаги Фузулий шаҳрида 960 ўринли Мирзо Улуғбек номидаги мактаб биносини қуриб берганини алоҳида таъкидлади. Энг қизиғи, ушбу мактабни битирганлар Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига имтиҳонсиз қабул қилиниши олдин маълум қилинганди. Илҳом Алиев эса айни пайтда бутун Қорабоғ ҳудудида кенг кўламли тиклаш ишлари олиб борилаётганини, бу жараёнда халқаро ҳамкорлар орасида Ўзбекистоннинг иштироки алоҳида эътирофга лойиқ эканини ҳам қўшимча қилди.

Маълумот ўрнида шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Ўзбекистондан ташқари Қозоғистон ва Қирғизистон ҳам кейинчалик Озарбайжонда таълим даргоҳлари, хусусан мактаб қуриш лойиҳаларини бошлаганди.

Алиев қаердан куч оляпти?

Собиқ совет мамлакатлари ичида Болтиқбўйи давлатларини инобатга олмаганда ҳали ҳеч бир раҳбар Киевни Россияга қарши курашга чорламаганди. Бундай ишни қила олиши мумкин бўлган ягона шахс – Алиев ниҳоят шундай қадамни ташлади. Аммо у нега Путин билан юзма-юз келишдан, унинг манзилига кучли сигналлар юборишдан заррача чўчимайди, деган савол ўртага чиқади. Аслида бу анча йиллар олдин йиғилишни бошлаган ва бугунга келиб мустаҳкамланган кучли сиёсий ирода маҳсулидир. Катта эҳтимол билан барчаси 2020 йилги тарихий адолатни тиклаган урушга бориб тақалади. Қорабоғни қайтариш учун бошланган урушда Арманистон томонидан урушга қўшилиши керак бўлган ёки энг камида ҳарбий кўмакни аямаслиги лозим бўлган Россия амалда жойидан силжимади. КХШТ таркибида бўлгани боис Ереван Россиядан ёрдам кутишга ҳақли эди, аммо Владимир Путин Туркиянинг Bayraktar дронлари қатнашган бу урушда унга қарши томонда туриб жанг қилишга жазм қилолмади. Якунда эса Россия бир вақтнинг ўзида бутун бошли Арманистондан ҳам, Баку устидаги босимидан ҳам айрилди. Туркия билан урушда бир асрлик нохуш тарихга эга Россия бугун Путин даврида ҳам Анқара ва унинг сояси остидаги мамлакатга раҳна солишдан тийилди. Бугун Алиевда шаклланган кучли позициянинг илдизи ҳам катта эҳтимол билан айнан шу 2020 йилга бориб тақалади. Шу йили постсовет ҳудудида сиёсий ҳақиқатлар кескин ўзгарди. Россия ўз таъсири остидаги каттакон Кавказорти ҳудудидаги тожни Туркияга дефакто топширди. Орадан икки йил ўтиб, Кремль яна катта тавакалчиликка қўл урди ва бу орқали Марказий Осиёда ҳам унинг босқинчилик сиёсатига қарши салбий кайфият шаклланишига ўзи йўл очиб берди. Бу сафар Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан Ўзбекистон аҳолисининг катта қисми 2014 йил Қрим аннексиясида бўлгани каби воқеага беэътибор бўлмади. Бу гал Россиянинг ҳаракатлари босқинчиликдан бошқа ҳеч нарса эмаслигини кўпчилик тушунмоқда.

Озарбайжонга ҳужум қилиш сўралди

Алиевнинг бу қадамидан сўнг, Россиядаги уруш мавзусига ихтисослашган турли Telegram-каналлар ва блогерлар Москвани Озарбайжонга қарши уруш очишга чақирмоқда. Аммо уларнинг фикри Кремль учун сариқ чақалик аҳамият касб этмайди. Шундай бўлса-да, бундай уруш блогерлари Кремль корридорларидаги кайфиятни қайсидир манода ифодалаши мумкин. Улар орасида кимлардир “Каспий яқин фурсатларда кейинги ҳарбий ҳаракатлар театрига айланиши” билан дағдаға қилган бўлса, бошқаси Озарбайжон билан урушга тайёрланишни эртароқ бошлаш кераклигини таъкидламоқда. Бундан ташқари, “Баку марказига “Орешник” каби чақириқлар ва Озарбайжон НАТО филиали, деган танқидлар ҳам янгради. Россиялик энг машҳур уруш блогерларидан бири Юрий Подоляк эса Озарбайжон Россиянинг душмани экани, уни куч билан бостириш кераклигини таъкидлади. Подоляк ҳатто бу борада Ташқи ишлар вазирлигига ўйиндан чиқиш ва бу ишни Мудофаа вазирлигига топширишни таклиф қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Путин Озарбайжон Илҳом Алиев Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг