“Санжик” иши: Алимбаевлар даъвосидан воз кечди, яна бир даъвогар $300 000 ундирмоқчи

Интервью

Бугун, 1 май куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида “Real Sanjik” тахаллуси билан танилган блогер Санжар Каримовга оид жиноят иши юзасидан навбатдаги очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. 

Бу галги суд мажлисида, суд тергови якунига етгани сабабли, раислик қилувчи судья Баҳром Бердиев томонларга якуний муҳокама учун сўз берди.

Сўз аввалида, давлат айбловчиси Мирзо Улуғбек тумани прокурори ўринбосари Наврузбек Сапаров суддан айбланувчига нисбатан бир қатор моддалар бўйича жазо тайинлашни сўради. Жумладан, Жиноят кодексининг 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми бўйича БҲМнинг 25 баробари миқдорида жарима, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми бўйича БҲМнинг 500 баробари миқдорида жарима ҳамда 273-модда (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) бўйича 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси талаб қилинди.

Шунингдек, давлат айбловчиси Санжар Каримовнинг уйида ўтказилган 2025 йил октябрь ойидаги кечиктириб бўлмас тезкор тадбирда айбланувчининг хонадонидан Каримовнинг шахсий буюмини “ўйнаб” олиб чиқиб кетган ИИБ ходимига нисбатан хусусий ажрим чиқаришини сўради.

Мажлисда жабрланувчи Шаҳло Алимбаева уй-жойни қайтариб олгани боис, Санжар Каримовга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини маълум қилди.

Шунингдек, иккинчи жабрланувчи Феруза Раҳматуллаевага ҳам сўз берилди. У ўғли Шаҳзод Рисматов $220 минг доллар эвазига гаровга қўйган икки дона BMW русумли автомобиль бўйича етказилган зарарни қоплаш учун Санжар Каримовдан $300 минг доллар ундиришни сўради.

Сўз Каримовнинг ҳимоячиларига берилди. Адвокатлар томонидан прокурорнинг айблов хулосасига эътироз билдирилди. Унга кўра, давлат айбловчисининг важлари суд терговидан олдинги айбловлар билар бир хил. Суд мажлислари давомида, гувоҳлар сўроқ қилинганда аксар айловлар ўз исботини топмаган. 

Бундан ташқари, Санжар Каримовнинг уйида ўтказилган тинтув жараёнида бошқа алоқадор бўлмаган ходимлар ҳам ишга аралашгани учун, ҳамда етарлича холислар иштирокида тинтув ишлари амалга оширилмагани учун ашёвий далиллар ва тинтув жараёни номақбул деб топилиши илтимос қилинди. 

Шу билан бирга, суд тергови давомида Санжар Каримов Алимбоевларга тегишли бўлган уй-жой ва гаровдаги 2 та автомобиль учун Шаҳзод Рисматовга 220 минг АҚШ доллари бергани аниқланганди. Шу билан бирга, Каримов Алимбаевларга ушбу уй-жойни ҳадя қилиб қайтариб бергани учун Санжар Каримовни айбланувчи эмас, балки жабрланувчи деб эътироф этилиши сўралди. Бундан ташқари, Рисматовнинг онаси ва Каримов ўртасидаги аудиосуҳбат контекстидан маълум жойларигина кесиб олиниб тақдим этилгани Каримов бу гапларни ўзаро суҳбат давомида ҳиссиётга берилиб айтгани ва бунинг учун узр сўраганини суд инобатга олиши сўралди.

Томонларнинг узоқ музокараларидан сўнг, раислик қилувчи судья Баҳром Бердиев якуний қарор қабул қилиш учун жорий йилнинг 8 майига қадар танаффус эълон қилди. Бу сафар айбланувчи Санжар Каримовдан интервью олишга рухсат берилмади.

Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZнинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу видеони томоша қилинг.


Мақола муаллифи

Теглар

суд Санжар Каримов Мирзо Улуғбек туман суди “Real Sanjik”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг