2020 йилдан буён ёши кичрайтирилган 8 нафар футболчи аниқланди
Спорт
−
14 Февраль 7547 2 дақиқа
Ўзбекистон Профессионал лигаси (ЎзПФЛ) Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда Лига 2020 йилдан буён ёши кичрайтирилган 8 нафар футболчини аниқлади. Бу ҳақда лига матбуот хизмати хабар берди.
ЎзПФЛ 2020 йилдан буён Адлия органлари билан ҳамкорликда ишлаб, ҳар мавсум сўнгида ўзининг илк профессионал меҳнат шартномасини имзолаган футболчилар рўйхатини шакллантиради ҳамда улар орасидан ёши кичрайтирилган футболчиларни аниқлайди. Худди шу тартибда Лига 2024 йилги мавсумда илк профессионал шартномасини имзолаган футболчилар рўйхатини Адлия органларига тақдим этганди. Аниқланишича, рўйхатда мавжуд бўлган 364 нафар футболчидан фақатгина бир нафарида бу каби муаммо мавжуд.
“Яъни, футболчи аслида 2004 йил туғилган бўлсада, унинг 2006 йилда туғилганлигини тасдиқловчи ҳужжат лига рўйхатидан ўтказилган”, дейилади манба хабарида.
Лига футболчини рўйхатдан ўтказган клубдан унинг тегишли ҳужжатларини ҳақиқий туғилган йили бўйича қонун доирасида расмийлаштиришни таъминлашни шу йилнинг 7 февраль санасига қадар амалга оширишни талаб қилганди. Ўтган давр мобайнида клуб ҳамда футболчининг ота-онаси мазкур қонун бузилиш ҳолатини бартараф этиш устида иш олиб борди ва унинг ҳужжатлари ҳақиқий туғилган йили бўйича расмийлаштирилиши таъминланди.
Маълумот учун, Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда лига 2020 йилдан буён бир қатор футболчиларни ўз ҳужжатларини ҳақиқий туғилган йили бўйича расмийлаштирилишига эришди:
2020: 1 нафар (Қашқадарё вилояти);
2021: 3 нафар (Жиззахдан 2 нафар ва Тошкент вилояти);
2023: 3 нафар (Қашқадарёдан 2 нафар ва Самарқанд вилояти);
2024: 1 нафар (Тошкент вилояти).
Live
Барчаси