2025 йилда 8 мингга яқин муҳожир ҳалок бўлган – БМТ
Олам
−
26 Февраль 871 2 дақиқа
2025 йилда дунё бўйлаб хавфли миграция йўлларида камида 7 667 киши ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган. Таъкидланишича, молиялаштириш қисқариши ва мониторинг имкониятларининг чеклангани сабабли ҳақиқий кўрсаткич анча юқори бўлиши мумкин. Бу ҳақда БМТнинг Халқаро миграцияташкилотига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Қонуний кўчиш йўллари қисқариб бораётгани сабабли одамларни контрабандистлар ва одам савдоси тармоқлари қўлига топширмоқда. Ташкилот бош директори Амй Попе бу вазиятни “глобал муваффақиятсизлик” деб атаб, хавфсиз ва тартибли йўлларни кенгайтиришга чақирган. Унинг сўзларига кўра, хавфсиз имкониятлар ёпилган сари одамлар мажбуран хавфли сафарга отланмоқда.

Энг ҳалокатли йўллар орасида денгиз маршрутлари етакчилик қилмоқда: ўтган йили Ўрта ер денгизида 2 108 киши ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган, Испаниянинг Канар ороллари сари Атлантика орқали йўл олганлар орасида эса 1 047 ўлим қайд этилган. Осиёда қарийб 3 минг муҳожир ҳалок бўлган, уларнинг ярмидан кўпи афғонлар. Африка орқали Ямандан Форс кўрфази давлатларига ўтиш чоғида 922 киши ҳаётдан кўз юмган, деярли барчаси эфиопияликлар.
Расмий рақамлар 2024 йилга нисбатан пасайишн икўрсатса-да (ўшанда қарийб 9 200 ҳолат қайд этилган), ташкилот бу камайиш ахборот йиғишдаги муаммолар ва дастурлар қисқариши билан боғлиқ эканини билдирмоқда. АҚШ молиялаштиришининг кескин қисқариши Женевада жойлашган агентлик фаолиятига ҳам зарба берган.
2026 йил ҳам оғир бошланган: 24 февраль ҳолатига кўра, фақат Ўрта ер денгизининг ўзида 606 ўлим ҳолати қайд этилган. БМТ агентлигига кўра, хавфсиз миграция механизмлари яратилмас экан, фожиалар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ливия қирғоқлари яқинида муҳожирларни олиб кетаётган резина қайиқ ағдарилиб кетиши оқибатида 53 нафар киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси