“Аҳолини кредит олишга мажбурлаяпти”. Мирзиёев 2 ҳокимни нега ишдан олганини айтди (видео)
Жамият
−
19 Ноябрь 11958 2 дақиқа
Бугун, 19 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар сарҳисоби ва келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Сурхондарё вилоятидаги Денов тумани ҳокими Илҳом Аброров ва Қашқадарё вилоятидаги Чироқчи тумани ҳокими Файзулла Юсупов ишдан олинганди. Президент Мирзиёев йиғилишда улар нима сабабдан ишдан олинаётганини изоҳлади.
“Денов тумани ҳокими И. Аброров ишларни ўз ҳолига ташлаб қўйди. Ёки Чироқчи туманига бу йил маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш учун кредитга 309 миллиард сўм ресурс берилган. Туманнинг иқтисодиёт комплексида 153 нафар ходим ишлайди. Битта туманда – Чироқчида. Лекин туман ҳокими Ф. Юсупов дегани ва унинг биринчи ўринбосари З. Эргашов шунча ходим, шунча ресурс билан одамларга имкониятига яраша тайёр лойиҳа бериш ўрнига, аҳолини ёппасига кредит олишга мажбурлаяпти. Уни қайтимини ўйлагани ҳам йўқ.
Шу боис, Денов тумани ҳокими И. Аброров, унинг биринчи ўринбосари Ш. Tўрақулов, Чироқчи тумани ҳокими Ф. Юсупов, унинг биринчи ўринбосари З. Эргашевни – ҳокимларга топшириқ – бугун ишдан олсин”, деди Мирзиёев.
Президент, шунингдек, Сурхондарё вилоятидаги Узун тумани ҳокими Хабибулла Бозоровнинг натижаларини айтиб ўтди.
“Бу йил 51 та маҳалласи бор Узун туманига камбағалликни қисқартириш ва бандлик дастурлари доирасида 160 миллиард сўм маблағ берилди. Туман ҳокими Хабибулла Бозоров 70 миллион доллар хорижий инвестиция олиб келди, 47 та корхонани ишга туширди, 1300 та доимий иш ўрни яратди. Ҳудуддаги 5 та маҳалладан ўтган 7,5 км кўчани тун-у кун ишлайдиган масканга айлантириб, 300 та сервис объектида 1 минг нафар одамни ишли қилди, яна 9 та маҳалла узумчиликка ихтисослаштирилиб, лидер тадбиркор билан аҳоли ўртасида кооперация йўлга қўйди, 2 минг аҳолининг даромади 3 каррага кўпайди. Бундан ташқари, 2 мингдан зиёд микролойиҳада 4 минг 200 нафар одам даромадли қилди”, деди давлат раҳбари.
Қайд этилишича, Узун туманида йил бошидан камбағаллик даражаси 10,5 фоиздан 3 фоизгача камайган. 51 та маҳалладан 23 таси камбағалликдан ҳоли ҳудудга айланган. Маҳаллий бюджетга қўшимча тушум ўтган йилга нисбатан 17 миллиард сўмга кўпайган.
Live
Барчаси