Абу-Дабидаги дунёнинг энг йирик нефть заводларидан бирига дрон зарба берди
Олам
−
10 Март 4214 2 дақиқа
Бугун, 10 март куни Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳридаги Эр-Рувайс саноат мажмуаси ҳудудида учувчисиз учиш аппарати ҳужуми оқибатида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда амирлик маъмурияти матбуот хизмати Х ижтимоий тармоғида хабар берди.
“Абу-Даби расмийлари дром ҳужуми оқибатида Эр-Рувайс саноат мажмуаси объектида чиққан ёнғинни бартараф этишмоқда. Ҳозирча жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ”, дейилади хабарда
Нефтни қайта ишлаш мажмуаси Абу-Дабининг Эр-Рувайс туманида жойлашган бўлиб, у ишлаб чиқариш қуввати бўйича дунёда тўртинчи, БААда эса энг йирик ҳисобланади. Завод кунига 922 минг баррель нефтни қайта ишлаш имкониятига эга.
“Bloomberg” манбаларга таяниб ёзишича, мажмуа иш фаолиятини тўхтатган.
Қайд этиш жоиз, дрон ҳужумлари Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши қўшма операцияси муносабати билан Яқин Шарқдаги қатор ҳодисаларнинг бир қисмига айланди. Зарбалар бутун Форс кўрфази бўйлаб энергетика сектори ишида узилишларга олиб келди.
Эрон ёқилғи ташиладиган энг муҳим транспорт артерияси – Ҳормуз бўғозини тўсиб қўйганидан сўнг, минтақадаги нефть танкерларига бир неча бор зарбалар берди. Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) вакили Сардор Наини агар Ғарб давлатлари тажовузкор ҳаракатларини давом эттирса, Эрон Ҳормуз бўғози орқали нефть олиб чиқилишига йўл қўймаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, ИИҚК бунга уринаётган ҳар қандай кемани йўқ қилишга тайёр.
“The Financial Times” нашрининг ёзишича, эндиликда Саудия Арабистони, БАА, Ироқ ва Қувайт ё қазиб олишни қисқартиришни бошлайди, ёки конларни бутунлай ёпади, чунки Форс кўрфазида нефть тўпланиб қолгани сабабли омборларнинг ҳаддан ташқари тўлиб кетиш хавфи мавжуд.
Ушбу фонда жаҳон бозорида нефть нархи сўнгги тўрт йиллик энг юқори даражага – баррелига 120 долларга етди, бироқ кейинчалик пасайди. Ҳозирда нархлар бир баррель учун 90 доллардан бироз юқорироқни ташкил этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистонидаги Рас-Танура шаҳрида жойлашган Saudi Aramco нефтни қайта ишлаш заводига (НҚИЗ) зарба берилганди. Бу иш Эрон дрони томонидан амалга оширилгани иддао қилинди. Кейинроқ эса бу ҳужум ортида Исроил тургани айтилди.
Live
Барчаси