Афғонистондаги отишмада 12 киши ҳалок бўлди
Олам
−
11 Апрель 3026 2 дақиқа
Кеча, 10 апрель куни Афғонистон ғарбидаги Ҳирот вилоятида содир бўлган отишмада 12 киши ҳалок бўлди, яна 20 киши яраланган. Бу ҳақда “Аmu” хабар берди.
Маълумотларга кўра, ҳужум Ҳирот вилояти Инжил туманидаги шиалар тез-тез ташриф буюрадиган Деҳ Мири зиёратгоҳи ҳудудида содир бўлган. Ҳужумдан сўнг ҳалок бўлганларнинг жасади ва ярадорлар Ҳирот минтақавий шифохонасига олиб келинган. Ҳалок бўлганлар орасида икки аёл ва бир бола ҳам бор.
Гувоҳларнинг айтишича, ҳужумни мотоциклда ҳаракатланган тўрт нафар қуролли шахс уюуштирган. Улар бир гуруҳ тинч аҳолини тўхтатиб, аввал пул, телефон ва тақинчоқларни тортиб олган, сўнг эркаклар ва аёлларни ажратиб, ўқ узишни бошлаган.
Омон қолганларнинг билдиришича, ҳодиса вақтида одамлар зиёрат учун йиғилган бўлган, бу эса қурбонлар диний мансублигига кўра нишонга олинган бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Ҳужумчилар воқеа жойидан қочиб кетган, жабрланганлар эса маҳаллий аҳоли шифохонага етказилган.
“Толибон” муваққат ҳукумати ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Абдул Матин Қанайнинг ҳозирда ҳолат юзасидан тергов олиб борилаётганини билдирган. Ҳозирча ҳеч қайси гуруҳ ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.
Собиқ президент Ҳамид Карзай ушбу ҳужумни кескин қоралаб, уни “инсонийликка зид” дея атаган ва қурбонлар орасида аёллар ва болалар ҳам борлигини таъкидлаган.
Қайд этиш жоиз, сўнгги йилларда Афғонистонда шиаларга, айниқса ҳазора жамоасига қарши ҳужумлар такрорланиб келмоқда. Бундай ҳужумлар кўпинча экстремистик гуруҳлар, жумладан ИШИД билан боғланади. 2021-2024 йиллар оралиғида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳисоботлари ва мустақил кузатувчилар ўнлаб шундай ҳужумларни қайд этган. Масжидлар, мактаблар ва жамоат жойларига қилинган ҳужумлар оқибатида юзлаб тинч аҳоли ҳалок бўлган ёки жароҳатланган. Йирик ҳужумлар сони вақт ўтиши билан ўзгариб турса-да, мақсадли зўравонликлар давом этмоқда ва бу диний озчиликни ҳимоя қилиш масаласида хавотирларни сақлаб қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистонда портламай қолган ўқ-дорилар 2025 йилда жами 471 нафар тинч аҳолининг ҳалок бўлишига олиб келгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиЎзбекистонда зилзила содир бўлди
12 Апрель
Венгрияда Орбан ҳам сайловда овоз берди
12 Апрель