Ақл Марказлари нима ва Ўзбекистонга нега “THINK TANK”лар керак?

Таҳлил

image

“Сиёсат – бу сиёсатчиларга топшириб қўйиш учун жуда ҳам жиддий масаладир.”
(Шарль де Голль)

Ақл марказлари – бу сўзни эшитган заҳоти кўз олдинггизда нима гавдаланади? Эҳтимол, кўпчиликнинг хаёлига ақлий ривожланишида нуқсони бор инсонларга ёрдам кўрсатиладиган тиббий муассаса келар. Ёки улкан кутубхоналарда, қалин китоблар орасида ўтирган олимлар, махфий лабораториялар, хуфия жосуслар ташкилотини тасаввур қилгандирсиз. Бироқ, биз бугун мутлақо бошқа бир олам – мамлакатларнинг тақдирини ҳал қилувчи интеллектуал марказлар ҳақида сўз юритамиз.

Аслида “Think tank”лар ёки ақл марказлари – замонавий дунёнинг “яширин мияси”, глобал жараёнларни ҳаракатга келтирувчи ғоялар фабрикасидир. Машҳур француз давлат арбоби Шарль де Голль таъбири билан айтганда, сиёсатни сиёсатчилар эмас, сиёсатшунослар юритиши лозим. Ақлий марказлар эса айнан ана шундай сиёсатга соф академик ёндашадиган инсонлар гуруҳидир.

Ушбу мақола орқали сиз дунё сиёсатида “кўринмас кучлар”нинг ўрни қанчалик катта эканлиги, давлатларнинг халқаро майдондаги ҳаракатлари ортида аслида кимлар турганлиги, ақл марказларининг эволюцияси ва Ўзбекистонда бу соҳа қанчалик ривожланганлиги ҳақида билиб оласиз.

Ақл марказларининг тарихи

“Ақл марказлари” (Think tanks) – бу ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий муаммоларни таҳлил қилиш, уларга ечим топиш ҳамда давлат сиёсатига таъсир ўтказиш билан шуғулланувчи мустақил тадқиқот институтларидир.

Гарчи “think tank” атамаси XIX асрдан кейин қўлланила бошланган бўлса-да, ақл марказларининг дастлабки кўриниши 800 йиллардаги Европага бориб тақалади. Бу даврда қироллик мулозимлари ва черков руҳонийлари иштирокида солиқлар масаласида ташкил этилган кенгашларни илк илмий-таҳлилий йиғинлар сифатида талқин этиш мумкин.

Аввалига давлат тасарруфида шаклланган ақл марказлари аста-секин мустақилликка интила бошлади. Парижда 1620 йиллар атрофида ака-ука Пьер ва Жак Дюпюи томонидан ташкил этилган “Académie des frères Dupuy ” номли илмий маскан (кейинчалик Дюпюи кабинети номи билан ҳам танилган) молиявий жиҳатдан мустақил фаолият юритган.

Молиялаштириш, яъни пул кўп ҳолларда муассаса кимга ёки нимага таъсир ўтказмоқчи эканлиги, унинг мавзулар кўламини ҳам белгилаб беради. Марказ давлат томонидан молиялаштирилса, унинг фаолияти ҳам ҳукумат манфаатларига монанд олиб борилади. Шу сабаб ҳам жаҳонда хусусий “think tank”лар шаклланган бўлиб, улар турли фондлар, хайрия ташкилотлари томонидан молиялаштирилади ҳамда ўз илмий ишларини сотиш эвазига ҳам мўмайгина даромад қилади. Шунингдек, ақл марказлари автоном ва мустақил, ярим мустақил, ҳукуматга қарашли, ярим ҳукуматга қарашли, университетга қарашли, сиёсий партияга қарашли каби гуруҳланади.

Замонавий “think tank”ларнинг “отаси”, дунёдаги илк мустақил ақл маркази сифатида “The Club de l’Entresol” тан олинган бўлиб, ушбу маскан 1723 йил Парижда ташкил этилган. Клубга аббат Пьер-Жозеф Алари асос солган бўлиб, ўзининг Париждаги қароргоҳи – Place Vendôme’да учрашувлар ташкил қилган. Клубда тахминан 20 нафарга яқин доимий аъзолар бўлган ва уларнинг асосий қисми ўша даврнинг энг нуфузли зиёлилари, дипломатлари ва ҳуқуқшунослари бўлган. Аъзолар муайян сиёсат соҳаларига ихтисослашган: масалан, Алари Германия бўйича, Марк-Пьер д’Аргенсон давлат ҳуқуқи ва институтлари бўйича, Баллерой ва Шампо тинчлик шартномалари бўйича изланишлар олиб борган. Сиёсатга йўналтирилганлик ва тузилган тадқиқот дастури клубни мамлакатда машҳур қилиб юборган, аммо ўша даврдаги сўз эркинлигига нисбатан қатъий цензуралар олимлардан ниҳоятда эҳтиёткор бўлишни талаб қилган. Клубнинг 1731 йилда ёпилишига ҳам, йилномачи д’Аргенсоннинг сўзларига кўра, айнан ошкоралик сабаб бўлган.

XIX аср Буюк Британияда дастлабки номдор ақл марказлари пайдо бўла бошлади. Мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини сақлаб қолиш, жаҳон сиёсатининг бошқарув дастагини Қироллик қўлига қайтариш учун Британияга интеллектуал юруш керак эди. 1831 йилда ташкил этилган Қироллик бирлашган хизматлар институти (Royal United Services Institute–RUSI) дунёдаги энг қадимги таҳлилий марказ ҳисобланади. У дастлаб ҳарбий офицерлар учун тажриба алмашиш ва стратегик тадқиқотлар ўтказиш майдони сифатида яратилган. Аммо, кейинчалик RUSI халқаро миқёсдаги мудофаа ва хавфсизликнинг барча масалаларини, жумладан, молиявий ва уюшган жиноятчилик, терроризм ва уни келтириб чиқарувчи мафкуралар, шунингдек, инсон омили билан боғлиқ бошқа таҳдидлар ва табиий офатлар келтириб чиқарадиган муаммоларни ўрганувчи ақлий марказга айланди.

XX аср бошларида АҚШда давлат бошқарувини илмий асосда ташкил этишга эҳтиёж туғилди. 1910 йилда америкалик саноатчи ва хайриячи Эндрю Карнеги томонидан асос солинган Халқаро тинчлик учун Карнеги жамғармаси (Carnegie Endowment for International Peace) халқаро муносабатларни тадқиқ қилишга ихтисослашган илк йирик фонд бўлиб тарихга кирди. Карнеги ўз ворисларига ушбу жамғармадан “цивилизациямизга энг ёмон доғ бўлган халқаро урушни тугатишни тезлаштириш” учун фойдаланишни васият қилган.

1916 йилда Роберт Брукингс томонидан асос солинган Brookings Institution (дастлаб Ҳукумат тадқиқотлари институти) замонавий “ақл маркази” моделини яратди. Улар давлат бюджети, иқтисодий самарадорлик ва ижтимоий ислоҳотлар бўйича ҳукуматга профессионал тавсиялар бера бошлади. 1921 йилда эса АҚШнинг ташқи сиёсий элитасини бирлаштирган машҳур Халқаро алоқалар кенгаши (CФР) ташкил этилди.

Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳарбий стратеглар хавфсиз жойда тўпланиб, махфий режалар тузадиган хоналарни “think tank” (фикрлар танки/омбори) деб аташган. Урушдан кейин 1948 йилда АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари кўмагида RAND Corporation ташкил этилди. RAND замонавий таҳлил марказларининг “олтин стандарти”га айланди. Айнан шу ерда тизимли таҳлил, ўйинлар назарияси ва стратегик режалаштиришнинг илмий методлари ишлаб чиқилди.

1970 йилларга келиб, ақл марказлари фақат академик тадқиқот билан чекланмай, муайян мафкураларни тарғиб қила бошлади. 1973 йилда ташкил этилган “Heritage Foundation” консерватив ғояларни сиёсатга татбиқ этишда инқилоб қилди. Улар қалин илмий китоблар ўрнига сиёсатчилар учун қисқа, тушунарли ва тезкор “policy briefs” (сиёсий маълумотномалар) тайёрлашни йўлга қўйди.

Тарих гувоҳлик берганда

Юқоридаги ақл марказлари ҳали-ҳануз ўз актуаллигини йўқотмаган, дунёнинг энг нуфузли “think tank”ларидан ҳисобланади. Уларнинг меҳнати доим ҳам эътироф этилмаса-да, тарих кўп бора ақл марказларининг дунё сиёсатидаги аҳамиятига гувоҳ бўлган.

2003 йилда бошланган Ироқ уруши АҚШ ташқи сиёсатидаги энг баҳсли қарорлардан бири сифатида тарихга кирди. Бу жараёнда сиёсий қарорлар фақат Оқ уй ёки Пентагон деворлари ичида шаклланмаган. Вашингтондаги нуфузли ақл марказлари, жумладан, Brookings Institution ҳам муҳокама майдонининг муҳим иштирокчисига айланди.

Уруш арафасида Броокингс экспертлари Ироқ режими, минтақавий хавфсизлик ва оммавий қирғин қуроллари эҳтимоли ҳақида фаол чиқишлар қилди. Жумладан, ушбу тадқиқот марказининг Яқин Шарқ сиёсати бўлими директори Кеннет Поллаcк 2002 йилда “Таҳдид солувчи бўрон: Ироққа бостириб кириш учун асос” китобини нашр эттирди. Бу асар АҚШнинг 2003 йилда Ироққа бостириб киришини оқловчи “пропаганда қуроли” вазифасини ўтади. Айрим таҳлилларда, ҳатто Саддам Ҳусайн ҳокимияти потенциал стратегик таҳдид сифатида талқин қилинди. Бу позициялар Конгресс эшитувлари ва етакчи ОАВларда кенг иқтибос қилиниб, сиёсий муҳитнинг шаклланишига хизмат қилди. Марказ расмий қарор қабул қилмаган бўлса-да, унинг эксперт хулосалари уруш вариантини легитим муҳокама даражасига олиб чиқди.

Тарихдаги яна бир муҳим воқеа – Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши (Brexit) эди. 2016 йил 23 июнда Буюк Британияда ўтказилган референдум мамлакатнинг Европа Иттифоқидан чиқиши – Brexit жараёнини бошлаб берди. Ушбу тарихий қарор арафасида ва ундан кейин Лондон марказидаги нуфузли таҳлилий марказ – Chatham House муҳокама майдонининг муҳим интеллектуал платформасига айланди.

Референдумдан олдин, 2015 йил Chatham House эксперти Ричард Г. Whitman бошчилигидаги таҳлилчилар гуруҳи савдо, миграция ва хавфсизлик масалаларига доир бир қатор таҳлилий ҳисоботлар эълон қилди. 2015–2016 йилларда марказ томонидан ўтказилган ёпиқ ва очиқ форумларда собиқ дипломатлар ҳамда сиёсатчилар иштирок этди. Хусусан, ўша пайтдаги бош вазир Давид Кемероннинг Европа билан музокаралар стратегияси ва суверенитет масаласи кенг муҳокама қилинди. 2016 йил июлида эса янги бош вазир Тҳереса Май Brexit бўйича “Brexit means Brexit” тамойилини илгари сурар экан, эксперт доиралар, жумладан Chatham House платформаларида келажакдаги савдо модели ва хавфсизлик ҳамкорлиги сценарийлари таҳлил қилинди.

2017–2019 йилларда марказ Европа Иттифоқи билан эркин савдо, “но-деал” сценарийси ва Ирландия чегараси муаммоси юзасидан аниқ тавсиялар берди. Chatham House ҳукумат қарорларини бевосита қабул қилмаган бўлса-да, парламент муҳокамалари ва ОАВ дискурсида фактларга асосланган экспертиза билан Brexit жараёнининг стратегик йўналишига сезиларли таъсир кўрсатди.

Тарихда ақл марказлари дунё сиёсатига таъсир этган вазиятлар кўп бўлган, аммо доим ҳам бу каби ҳукумат ва таҳлил марказлари ўртасидаги алоқалар оммага очиқланавермайди. Гарчи биз ҳар куни ҳам сиёсий майдонда уларни эсламасак-да, қайсидир маънода геосиёсий “ўйин”нинг соядаги ушбу “ўйинчи”лари билвосита воқеликка ўз таъсирини ўтказиб келади. Айниқса, бугунги кунда ақл марказлари фақатгина сиёсий, ижтимоий ёки ҳарбий соҳаларни таҳлил қилишдан ташқари, мафкура ишлаб чиқиш билан ҳам шуғулланаётган бир даврда уларнинг ҳаётимиздаги ўрнини рад этиб бўлмайди.

Ўзбекистон ақл марказлари

Ўзбекистонда сиёсатшунослик ва халқаро муносабатлар мактаби аста-секин шакллана борар экан, параллель равишда миллий ақл марказлар ҳам вужудга келмоқда. Марказий Осиёнинг ҳам марказида жойлашган Ўзбекистон кўплаб куч марказлари орасида мувозанат сақлаши, ўз манфаатларини илгари сурувчи ташқи сиёсат юритиши лозим. Айниқса, бугунги кундаги геосиёсий беқарор бир вазиятда сиёсат ҳар қачонгидан ҳам мукаммал интеллектуал таҳлилга ва бунга қодир экспертларга эҳтиёж сезмоқда.

Айни дамда Ўзбекистон ҳудудида ҳам бир қатор ақл марказлари фаолият юритиб келмоқда ва уларнинг асосий қисми давлат тасарруфида ёки давлат тасарруфидаги университетлар қошида ташкил этилган.

Ўзбекистондаги энг номдор ақл марказларидан бири – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти. Марказ 1992 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига асосан ташкил этилган бўлиб, асосий вазифаси Марказий Осиёда хавфсизлик, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлик масалалари борасида қўшма тадқиқотлар олиб боради, ички ва ташқи сиёсати йўналишларига оид давлат дастурлари, ҳужжатлар ва қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ва бошқа халқаро таҳлил марказлари билан ҳамкорликлар олиб боради.

Мамлакатдаги яна бир муҳим таҳлилий институт – Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактаби (СТИБОМ). Ушбу муассаса Ўзбекистондаги энг нуфузли ақл марказларидан бири ҳамда тизимли таҳлил бўйича мутахассисларни тайёрлашда Ўзбекистондаги етакчи олий ўқув юртлари ҳисобланади. Олий мактаб 2000 йил 16 октябрда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактабини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони асосида ташкил этилган. 2023 йилда эса Олий мактаб Ўзбекистоннинг нуфузли Топ-20 ақл марказлари қаторида қайд этилди.

Барчамизга маълум, “Ҳаракатлар стратегияси” ҳамда “Ўзбекистон – 2030” каби стратегияларни ишлаб чиққан “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳам мамлакатдаги муҳим таҳлилий марказлардан бири ҳисобланади. Шунингдек, тараққиёт стратегиясидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва натижаларини изчил муҳокама қилиш, давлат органлари ва халқ ўртасидаги очиқ мулоқотни таъминлаш, жамоатчилик назоратини самарали ташкил этишда ўзига хос замонавий медиа-майдон вазифасини ўтайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ҳам Ўзбекистондаги Топ-20 ақл марказларидан бири ҳисобланади. Унинг асосий функционал вазифаси давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда илмий асосланган таклиф ва тавсиялар тайёрлаш, аҳоли даромадларини ошириш юзасидан муаммоларни ўрганиб, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг боришини баҳолаш билан шуғулланади.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги мураккаб ва тез ўзгараётган дунёда давлат бошқаруви фақат амалий тажриба билан эмас, чуқур таҳлил ва илмий асосланган тавсиялар билан мустаҳкамланиши зарур. Ақл марказлари – сиёсий қарорлар сифатини оширувчи, узоқ муддатли стратегияни шакллантирувчи муҳим институтдир. Ўзбекистонда сўнгги йилларда таҳлилий марказлар фаолияти жонланаётган бўлса-да, хусусий ва мустақил “think tank”лар сонини кўпайтириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Рақобат ва фикрлар хилма-хиллиги бўлмаган жойда сифатли стратегик ечим туғилмайди. Шундай экан, мамлакат тараққиёти учун эркин, мустақил ва профессионал ақл марказлари муҳитини кенгайтириш зарур.


Мақола муаллифи

Теглар

Париж Think tank Дюпюи The Club de l’Entresol Ақл марказлари RUSI

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг