АҚШ интернет чекловларини четлаб ўтувчи портал тайёрламоқда – “Reuters”
Олам
−
19 Февраль 715 1 дақиқа
Америка Қўшма Штатлари Давлат департаменти бошқа мамлакатлардаги фойдаланувчиларга ўз ҳукуматлари томонидан блокланган маълумотлардан фойдаланиш имконини берувчи интернет-портал ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Нашр маълумотига кўра, ресурсни freedom.gov манзилида жойлаштириш режалаштирилган. Платформа орқали Европа ва бошқа давлатлар аҳолиси миллий контент чекловларини четлаб ўтиши мумкин бўлади.
“Reuters” манбаларидан бирининг айтишича, фойдаланувчи трафигини VPN технологиялари ёрдамида АҚШдан чиқаётган каби кўрсатиш масаласи ҳам муҳокама қилинган. Шу билан бирга, унинг таъкидлашича, Америка расмийлари портал фойдаланувчиларининг фаолиятини кузатишни режалаштирмаяпти.
Лойиҳага Давлат котибининг ўринбосари Сара Рожерс раҳбарлик қилмоқда. Ташаббусни Мюнхен хавфсизлик конференциясида тақдим этиш режалаштирилган, бироқ тақдимот номаълум муддатга қолдирилган.
Давлат департаменти ичида мазкур ғоя баҳс-мунозараларга сабаб бўлган. Айрим ходимлар платформа орқали экстремистик ёки нафрат қўзғатувчи деб топилган материаллардан ҳам фойдаланиш имкони пайдо бўлишидан хавотир билдирмоқда.
“Reuters”нинг баҳолашича, хизмат ишга туширилиши Оқ уй ва Европадаги иттифоқчилар ўртасидаги муносабатларни мураккаблаштириши, шунингдек, Вашингтон Европа Иттифоқи фуқароларини маҳаллий қонунчиликни четлаб ўтишга ундаётгандек таассурот қолдириши мумкин.
Live
БарчасиШаҳбоз Шариф ҳам Трампни кўкларга кўтарди
19 Февраль
Трамп Орбанга ўзининг паноҳидалигини айтди
19 Февраль