АҚШ Исроил ва Ливанга янги келишув таклиф қилди

Олам

image

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Исроил ва Ливан ўртасидаги можарони юмшатишга қаратилган янги ташаббусни илгари сурди. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.

Маълум қилинишича, у сўнгги 48 соат ичида Ливан Президенти Жозеф Аун ва Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан музокаралар ўтказган.

АҚШ таклифига кўра, биринчи босқичда Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” Исроилга қарши барча ҳужумларни тўхтатиши керак. Бунга жавобан Исроил ҳам Байрутга нисбатан ҳарбий ҳаракатларни кучайтирмаслик мажбуриятини олади.

Америкалик расмийлардан бирининг таъкидлашича, бу қадамлар босқичма-босқич кескинликни камайтириш ва жанговар ҳаракатларни самарали тўхтатиш учун имкон яратади.

Хабарларга кўра, Ливан Президенти Жозеф Аун АҚШнинг сулҳ таклифини қўллаб-қувватламоқда. Ливан парламенти спикери Набиҳ Берри эса “Ҳизбуллоҳ” ўт очишни тўхтатиш режимига риоя қилишини билдирган, бироқ сулҳнинг дастлабки қадамлари бўйича масъулиятни Исроил зиммасига юклаган.

АҚШ маъмурияти вакили “Ҳизбуллоҳ” Эрон сиёсатига эргашаётганини ва можаронинг давом этишидан манфаатдор эканини таъкидлаган. Унинг фикрича, Эрон Ливандаги вазиятни чўзиш орқали кейинчалик можарони ҳал қилишдаги ролини намойиш этишга уринмоқда.

Шунингдек, АҚШ томони Исроил тинч аҳолига қарши ҳужумлар давом этаётган бир пайтда бунга чидаб туришини кутмаслигини билдириб, кескинликни пасайтиришнинг энг тез йўли “Ҳизбуллоҳ” томонидан зудлик билан ўт очишни тўхтатиш эканини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатига қарши зарбалар янада кучайтирилишини маълум қилганди. Бу қарор “Ҳизбуллоҳ” томонидан Ливан жануби ва Исроил шимолидаги нишонларга дрон ҳамда ракета ҳужумлари уюштирилганидан кейин қабул қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ливан Биньямин Нетаньяху Ҳизбуллоҳ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг