ТИВ АҚШ ўзбекиcтонликларга виза беришни тўхтатишига муносабат билдирди
Жамият
−
15 Январь 7165 2 дақиқа
Аввалроқ, АҚШ Давлат департаменти давлат бюджетига юк бўлиши мумкин бўлган аризачиларга қарши кураш доирасида 75 мамлакат фуқароларига иммигрант виза олиш учун аризаларни кўриб чиқишни тўхтатаётгани ва бу рўйхатда Ўзбекистон ҳам борлиги ҳақида хабар берилган эди. QALAMPIR.UZ ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхонов билан боғланди.
Унинг билдиришича, ростдан ҳам Ўзбекистон юқорида қайд этилаган рўйхатда бор, лекин ҳали ҳеч қандай чекловлар ўрнатилмаган. Ўзбекистон фуқароларига нон-иммигрант виза бериш тизими қандай ишлаган бўлса, шунақа давом этяпти.
Бироқ иммигрант визалар бўйича эртага, 16 январь куни АҚШ тарафи қўшимча маълумот бериши кутилмоқда.
Бунгача “Fox News” 2025 йил ноябрь ойида АҚШ Давлат департаменти бутун дунё бўйлаб дипломатик ваколатхоналарга махсус йўриқнома юбориб, АҚШ иммиграция қонунчилигидаги “public charge” (давлат ёрдами ҳисобига яшаш эҳтимоли) қоидаси доирасида консуллик ходимларидан янада қатъий текширув чораларини қўллашни талаб қилгани ҳақида хабар берган эди.
Маълумот учун, АҚШнинг иммиграцион визаси – бу чет эл фуқаросига АҚШ ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқини берадиган виза тури бўлиб, у орқали шахс мамлакатга киргач доимий резидент мақомини олади. Бундай виза АҚШда доимий яшаш, ишлаш, ўқиш ва қонун доирасида бизнес юритиш имконини беради ҳамда келажакда АҚШ фуқаролигини олиш учун мурожаат қилиш ҳуқуқини яратади. Иммиграцион визалар бир неча асосий тоифаларга бўлинади:
- АҚШ фуқаролари ёки доимий резидентларнинг яқин қариндошлари учун мўлжалланган;
- иш асосидаги визалар – АҚШ иш берувчисининг таклифи асосида малакали мутахассислар, инвесторлар ва бошқа касб эгалари учун берилади;
- Diversity Visa дастури (Green Card лотереяси) иммиграция даражаси паст бўлган давлатлар фуқаролари учун ташкил этилган бўлиб, Ўзбекистон ҳам ушбу рўйхатга киради;
- шунингдек, диний ходимлар, қочқинлар, бошпана олган шахслар ва АҚШ манфаатларига хизмат кўрсатган айрим тоифалар учун махсус иммиграцион визалар мавжуд.
Иммиграцион виза ноиммиграцион визалардан фарқ қилади, чунки у вақтинчалик эмас, балки АҚШда доимий яшашни кўзда тутади.
АҚШ жорий этаётган пауза ноиммиграцион виза – вақтинчалик (туризм, ўқиш, иш сафари, даволаниш ва бошқалар) визаларга тааллуқли эмас.
Аризаларни кўриб чиқиш жорий йил 21 январдан бошлаб тўхтатилади. Қайд этилишича, вазирлик виза бериш тартибини қайта кўриб чиқаётган бир пайтда пауза “ноаниқ муддатга” давом этади.
Live
Барчаси