АҚШ ва Эрон ўртасида жуда яхши музокаралар бўлди – Трамп
Олам
−
08 Май 2222 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Вашингтон ва Теҳрон ўртасида “жуда яхши” музокаралар бўлиб ўтганини маълум қилди. Бу ҳақда у Оқ уйдаги матбуот анжуманида сўз очди.
Унга кўра, АҚШ ва Эрон яқин вақт ичида келишувга эришиши ва можарога барҳам бериши мумкин.
“Ҳозир ишларимиз яхши кетяпти ва биз керакли натижага эришишимиз лозим. Агар бунга эриша олмасак, кейинги катта қадамни ташлашга тўғри келади. Аммо улар ҳам келишув тузишни хоҳлаяпти”, деган Трамп.
Америка Президентининг айтишича, Теҳрон Вашингтоннинг асосий талабларидан бири – ядровий қурол ишлаб чиқишдан воз кечишга рози бўлган. Бироқ Эрон ҳукумати ҳозирча Трампнинг бу баёнотига расмий муносабат билдирмаган.
Аввалроқ, “Axios” нашри Оқ уйдаги манбаларига таяниб, АҚШ ва Эрон “ўзаро англашув меморандуми”ни имзолаш арафасида эканини хабар қилган эди. Нашр маълумотига кўра, ушбу бир саҳифалик ҳужжат томонлар ўртасидаги тинчлик келишувининг асоси бўлади ва кейинги музокаралар учун йўл очади.
Ҳужжатда 30 кунлик музокаралар ўтказиш режаси кўзда тутилган. Бу музокараларда Ҳормуз бўғози, Эроннинг ядровий дастури ва АҚШ санкциялари бўйича қўшимча келишувлар муҳокама қилиниши айтилмоқда.
Нашрнинг ёзишича, Оқ уй Эрон ушбу меморандумни ҳафта охиригача имзолашига умид қилмоқда.
Эрон ҳукумати эса урушни якунлаш бўйича АҚШ таклифини ўрганаётганини ва яқин кунларда ўз жавобини музокараларда воситачи бўлиб турган Покистон орқали Вашингтонга етказишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет АҚШ ва Эрон ўртасидаги вақтинчалик сулҳ ҳали ҳам сақланиб турганини маълум қилганди. Бу баёнот сўнгги кунларда икки давлат ўртасида денгизда ва ҳудудларда бир-бирига зарбалар берилгани ҳақидаги хабарлар фонида янграган.
Live
Барчаси