АҚШдаги баъзи марказий осиёликларнинг яшаш картаси текширилади
Олам
−
28 Ноябрь 1655 1 дақиқа
Оқ уй яқинида отишма содир бўлганидан сўнг, АҚШ 19 та давлат, жумладан, Туркманистондан келган чет элликларнинг яшаш карталарини текширувдан ўтказади. Бу ҳақда BBC хабар берди.
АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизмати раҳбари Жозеф Эдлоунинг маълум қилишича, Президент Дональд Трамп унинг идорасига “ташвишга сабаб бўлувчи давлатдан келган ҳар бир чет элликнинг яшаш картасини тўлиқ ва пухта қайта текшириш” топшириғини берган.
Қайси давлатлар назарда тутилганлиги борасида Эдлоу 2025 йилнинг июнь ойида Дональд Трамп томонидан чиқарилган фармонни эслатган. Ушбу фармонга кўра, 12 давлат (Афғонистон, Мьянма, Чад, Конго, Экваториал Гвинея, Эритрея, Гаити, Эрон, Ливия, Сомали, Судан ва Яман) фуқаролари АҚШга киритилмаслиги, шунингдек, яна 7 давлат (Того, Туркманистон, Бурунди, Куба, Лаос, Сьерра-Леоне, Венесуэла) фуқароларининг кириши чекланган.
Эдлоу бошқа тафсилотларни ошкор қилмаган.
Ушбу баёнот Оқ уй яқинида содир бўлган отишмадан икки кун ўтгач берилган.
Отишма оқибатида 1 нафар АҚШ Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси – 20 ёшли Сара Бекстрем шифохонада вафот этган, яна бирининг эса аҳволи оғир. Отишма гумони билан 29 ёшли Афғонистон фуқароси Раҳмонуллоҳ Лаканвал ҳибсга олинган.