Америкаликлар Эронга қарши ҳужумларни қўллаб-қувватламади
Олам
−
02 Март 11089 4 дақиқа
АҚШ ва Исроил томонидан Эронга қарши бошланган йирик ҳарбий операциядан сўнг ўтказилган сўров натижалари америкаликларнинг аксарияти бу ҳужумларни қўллаб-қувватламаётганини кўрсатди. Бу ҳақда бугун, 2 март куни “Al Jazeera” хабар берди.
Респондентларнинг атиги 25 фоизи АҚШ-Исроил зарбаларини маъқуллаган. 43 фоиз иштирокчи ҳужумларга қарши эканини билдирган, 29 фоизи эса бу борада аниқ фикрга эга эмаслигини айтган. Сўровнома икки кун ўтказилган.
Партиялар кесимида натижалар турлича бўлган. Республикачиларнинг 55 фоизи ҳужумларни қўллаб-қувватлаган, 13 фоизи қарши чиққан, 32 фоизи эса иккиланаётганини билдирган. Шу билан бирга, республикачиларнинг 42 фоизи агар операция Яқин Шарқда АҚШ аскарларининг ўлими ёки жароҳатланишига олиб келса, уни қўллаб-қувватламаслигини айтган.
Демократлар орасида эса қаршилик анча юқори: 74 фоиз ҳужумларни маъқулламаган, 7 фоиз қўллаб-қувватлаган, 19 фоиз эса аниқ позиция билдирмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Эронга қарши ҳарбий операция тахминан тўрт ҳафта давом этиши мумкинлигини айтганди.
АҚШ–Исроил–Эрон уруши
Кеча, 28 февраль куни Исроил кутилмаган вақтда Эронга қарата ҳаводан зарбалар йўллади. Ушбу зарбалар Эроннинг муҳим объектлари – Президент қароргоҳи, давлат идоралари ва ядро иншоотларига теккани иддао қилинмоқда. Эроннинг “Mehr” ахборот агентлиги Теҳрондаги Эрон разведка биносига ҳам ҳужум қилинганини ёзган. Дастлабки манбаларга кўра, Эронга ўттиздан ортиқ ракеталар йўлланган бўлиши мумкин.
Орадан бироз вақт ўтиб Исроил Мудофаа кучлари Эронга ҳужумни расман тасдиқлаган. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Исроил фуқароларидан хавфсиз жойга яширинишни сўраган. Мамлакатда шошилинч равишда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
Шу орада АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон бўйича операциялар ҳақида 8 дақиқалик баёнот берган ва унда Эронга қилинган ҳужумда АҚШнинг иштирок этганини тасдиқлаган. Унинг қайд этишича, Эронга қилинган ҳарбий опреациялар Америка халқини ҳимоя қилиш учун амалга оширилмоқда. У ўз баёнотида эронликларни амалдаги тузумни ағдаришга чақирган. Трамп Эрон ҳарбий хизматчиларига таслим бўлишни ва бунинг эвазига “иммунитет” олишни таклиф қилди ёки “муқаррар ўлим”ни танлашлари мумкинлигини айтган.
Қолаверса, барча воқеаларни бир четдан кузатиб турган Эрон собиқ валиаҳд шаҳзодаси Ризо Паҳлавий ҳам Эрон халқига мурожаат қилиб, мамлакат учун ҳал қилувчи лаҳзалар келганини таъкидлаган. Шунингдек, у бу сўнгги жанг эканини ва унда Эрон халқи Ислом Республикаси тузуми устидан ғалаба қозонишини таъкидлаган.
Орадан кўп вақт ўтмай энди Эрон Исроил давлати ҳудудига қарата зарба йўллашни бошлади.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам ҳужумларни тасдиқлаб, баёнот берган. Унга кўра, Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши қўшма операцияси Эрон террор режими келтириб чиқараётган таҳдидни бартараф этишга қаратилган. Нетаньяху махсус мурожаатида сўнгги 47 йил давомида Эрон раҳбарияти Исроил ва АҚШга қарши очиқ таҳдидлар қилган ҳамда минтақада зўравонлик сиёсатини юритганини айтган.
Аввалроқ, Эрон давлат телевидениеси Хоманаий Исроил ва АҚШ томонидан ўлдирилганини хабар қилган эди. Эроннинг “Tasnim” ахборот агентлиги маълумотларига кўра, у кеча, 28 февраль куни эрталаб ўз ишхонасида ўлдирилган. Оятуллоҳнинг вафоти муносабати билан мамлакат бўйлаб 40 кунлик умумхалқ мотами ва 7 кунлик умумхалқ дам олиш кунлари эълон қилинди.
Шунингдек, Эрон ҳудудига уюштирилган ҳужум чоғида Оятуллоҳнинг оила аъзоларидан тўрт киши – қизи, куёви, набираси ва келинларидан бири ҳам ҳалок бўлган.
Қайд этиш жоиз, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Ислом Республикаси Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг вафоти тасдиқланганидан сўнг, мамлакат “Қуролли кучлари тарихидаги энг шиддатли ҳужум операцияси” бошланганини маълум қилганди.
Шундан сўнг, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси мамлакат Исроил ва АҚШга қарши янги ҳужумлар бошланганини эълон қилди.
Live
Барчаси