Андижонда бир гуруҳ қиморбозлар ушланди
3-саҳифа
−
28 Январь 3127 1 дақиқа
Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида бир гуруҳ шахслар жамланиб, қимор ўйнаётган пайтда қўлга олинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Унга кўра, жорий йилнинг 24 январь куни Андижон вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизматининг вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, Шаҳрихон туманида яшовчи 1987 йилда туғилган фуқаро ўз яшаш хонадонида бир гуруҳ шахсларни жамлаб, уларга моддий манфаат эвазига таваккалчиликка асосланган қимор ўйинлари ўтказиш учун шароит яратиб берганлиги аниқланган.
Тезкор тадбир жараёнида даврада бўлган жами 10 млн 254 минг сўм нақд пул маблағлари, шунингдек, 400 АҚШ доллари, ўйин ташкилотчисига бериш учун тайёрлаб қўйилган 170 минг сўм чўтал пуллари ҳамда 36 дона ўйин карталари далилий ашё сифатида баённома асосида расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Шаҳрихон туман Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 278-моддаси (қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) билан жиноият иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида 75 ёшли фуқаронинг уйидан 20 кг “марихуана” гиёҳванд моддаси чиққанлиги ҳақида хабар берилганди.
Алиқулов Жавоҳир
Live
Барчаси