Андижонда “кофечилар” ушланди
3-саҳифа
−
30 Май 10387 1 дақиқа
Таркибида Ўзбекистонда муомаласи тақиқланган кучли таъсир қилувчи модда бўлган жами 11 кг қаҳва маҳсулоти савдосига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
ДХХ ва Божхона органлари ҳамкорлигида Андижон вилоятида ўтказилган тезкор тадбир давомида Марҳамат тумани марказидаги савдо мажмуасида 1991 йилда туғилган фуқаро шартли харидорга 900 дона “Keto coffee mix” маҳсулотини 6 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ушбу маҳсулот Андижон шаҳридаги “Жаҳон савдо комплекси”да жойлашган дўкондан харид қилинганлиги маълум бўлиб, тезкор тадбир давом эттирилган. Натижада Андижон шаҳрида яшовчи, 1987 йилда туғилган фуқарога тегишли дўкондан жами 480 дона “Keto coffee mix” маҳсулоти олинган.
Маълум қилинишича, ашёвий далил сифатида мусодара қилинган жами 11 кг “Keto coffee mix” маҳсулоти таркибида “сибутрамин” кучли таъсир қилувчи моддаси мавжуд бўлиб, Ўзбекистон ҳудудида унинг муомаласи таъқиқланган.
Билдирилишича, мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарёда таркибида “Сибутрамин” кучли таъсир қилувчи моддаси бўлган оздирувчи қаҳваларни 200 АҚШ доллар эвазига чегарадан олиб ўтаётган ҳайдовчи тўхтатиб қолинган эди.
Live
Барчаси