“Арсенал” Англиянинг энг қиммат жамоасига айланди 

Спорт

image

“Transfermarkt” портали Англия Премьер-лигаси футболчиларининг трансфер нархларини янгилади. Янгиланган трансфер нархларидан сўнг Лондоннинг “Арсенал” клуби Англиядаги энг қиммат жамоага айланди.

Ихтисослаштирилган футбол сайти футболчиларнинг бозор қийматини янгилаганидан сўнг, “Арсенал” жамоаси таркибини 1,31 миллиард еврога баҳолаган. Бу кўрсаткич “Арсенал”ни Англиядаги энг қиммат жамоага айлантирди. “Манчестер Сити” жамоасининг таркиби 1,21 миллиард евро билан иккинчи, “Ливерпуль” клубининг таркиби эса 1,15 миллиард евро билан учинчи ўринда қайд этилди. Рейтингда тўртинчи ўринни 1,14 миллиард еврога баҳоланган “Челси” жамоаси эгаллаган бўлса, бешинчи ўринда 920,6 миллион евролик таркибга эга “Тоттенхэм ” жойлашган.

Айни дамдаги Англия Премьер-лигасининг энг қиммат футболчиси Эрлинг Ҳоланд  бўлиб турибди. “Transfermarkt” портали норвегиялик ҳужумчининг трансфер нархини 180 миллион еврога баҳоламоқда. Ундан кейинги ўринларни “Арсенал” футболчиси Букаё Сака ва “Ливерпуль” жамоаси ҳужумчиси Александр Исак эгаллаган. Уларнинг ҳар иккаласининг трансфер нархи 140 миллион евро. Ундан кейинги ўринда “Ливерпуль” футболчиси Флориан Вирц бормоқда. Унинг нархи 130 миллион евро.

Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Манчестер Сити” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов трансфер нархи ўзгаришсиз қолди. Ҳозирда Ҳусановнинг “Transfermarkt” порталидаги нархи 35 миллион евро ҳисобланади.


Мақола муаллифи

Теглар

трансфер Арсенал Англия Премьер-лига

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг