Атмосферага зарар етказаётган 18 та объект фаолияти тўхтатилди (видео)
Жамият
−
25 Ноябрь 2025 5085 2 дақиқа
Тошкент шаҳри ва вилоятидаги атмосферага зарар етказаётган 18 та объект фаолияти вақтинчалик тўхтатилди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 24 ноябрь куни кечки 19:00 дан сўнг мамлакатда атроф-муҳит хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда атмосфера ҳавосини ифлослантиришга қарши курашиш мақсадида кенг кўламли экологик назорат тадбирлари амалга оширилган.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) томонидан ташкил этилган экологик назорат тадбирлари Тошкент вилоятининг Қибрай, Зангиота ва Тошкент туманлари, шунингдек, Тошкент шаҳрида тузилган 4 та тезкор гуруҳ томонидан амалга оширилган. Тадбирлар қўшимча равишда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда Ички ишлар идоралари ходимлари ҳам жалб қилиниб, уларнинг фаолияти мувофиқлаштириб борилган.
Рейд давомида жами 103 та корхона ва иқтисодий фаолият юритувчи объектлар текширилиб, уларнинг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишга оид қонунчилик талабларига қай даражада риоя қилаётгани ўрганилган.
Ўрганишлар натижасида 38 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган, ҳуқуқбузарликка йўл қўйган шахсларга нисбатан жами 34,8 млн сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилган. Шунингдек, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатган ва қонун талабларини бузган 18 та объект фаолияти 10 кунга вақтинча тўхтатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ экология мутасаддилари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида кенг кўламли рейд тадбирлари бошлаб юборилгани ҳақида хабар берилган эди. Экологик меъёрларни бузаётган иссиқхоналар, турли хил печлар ва ҳавога зарарли моддалар чиқараётган корхоналар фаолияти Ишчи гуруҳ томонидан текширилган.
Live
Барчаси