Бакалаврни хорижий тилда битирганлардан магистратурада тил сертификати сўралмайди

Жамият

image

Энди Ўзбекистонда таълимни хорижий тилда якунлаган талабалардан кейинги босқичда хорижий тил сертификати талаб қилинмайди. Бу ҳақда жорий йилнинг 10 апрелда қабул қилинган 58-сонли “Олий таълим, фан ва инновациялар тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонида келтирилган.

Ҳужжатга кўра, таълим дастурини хорижий тилда якунлаган талабалар кейинги босқич учун ҳужжат топширишда хорижий тилни билиш тўғрисидаги сертификатни тақдим этишдан озод этилади. Унга кўра, соҳани ривожлантиришда янги – “5 Т” (таълим, тарбия, тадқиқот, тижоратлаштириш ва тизимли такомиллаштириш) тамойили жорий этилади.

Шунингдек, “Янги Ўзбекистон стипендияси” дастури амалга оширилади. Ушбу дастур давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига ажратилган грант квоталарининг тўлмай қолган қисми ҳисобидан ҳар йили 500 нафаргача иқтидорли чет эл фуқароларига грант (ўқиш харажатини қоплаш ва махсус стипендия) беришни назарда тутади.

Ҳужжатда, шунигдек, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари маркази негизида Олий таълимни ривожлантириш ва глобал ҳамкорлик маркази ташкил этилиши қайд этилган. Қолаверса, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб хорижий талабаларни ўқишга қабул қилиш “Study in Uzbekistan” платформаси орқали йўлга қўйилади. Бунда, қабул шартлари ва тартиби олий таълим ташкилоти томонидан мустақил белгиланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент фармони Олий таълим хорижий тил сертификат Бакалавр

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг