Банк карталари орасида катта миқдордаги пул ўтказмалари учун ҳимоя кучайтирилади
Жамият
−
30 Апрель 6060 2 дақиқа
Банк карталаридан фойдаланиш ҳамда жисмоний шахслар ўртасида катта миқдордаги пул ўтказмаларини қўшимча биометрик ва бошқа ҳимоя чораларини қўллаган ҳолда назорат қилиш механизмлари жорий этилади. Бу ҳақдаги қонун лойиҳаси бугун, 30 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан маъқулланди.
Қайд этилишича, Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилган.
Ушбу қонун лойиҳаси билан тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотлари фаолияти соҳаларида, шунингдек, давлат ташкилотларини хусусийлаштиришда акциядорлик жамиятларини ташкил этишнинг ва улар ҳуқуқий ҳолатининг ўзига хос хусусиятлари, тўлов терминали, виртуал тўлов терминали, антифрод тизими ва уларнинг мазмун-моҳияти ҳақидаги тушунчалар қонунчиликда белгиланмоқда.
Шу билан бирга, лицензиялаш жараёнларини янада қисқартириш ва банкларнинг тўлов хизматлари бозорида фаолиятини янада рағбатлантириш мақсадида банкларнинг тўлов тизими оператори сифатида фаолиятини бошлаш учун хабардор этиш тартиби жорий қилинмоқда.
Лойиҳа билан муҳим тўлов ташкилотлари тушунчаси киритилмоқда, ушбу тоифадаги ташкилотлар томонидан узлуксиз хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида уларнинг тўлов тизими иштирокчиси бўлиши учун ҳуқуқий асос яратилмоқда. Хусусан, тўлов тизимларининг операторлари молиявий инфратузилмада муҳим аҳамиятга эга эканлигини ҳисобга олиб тўлов операцияларнинг самарадорлиги ва ишончлигини янада таъминлаш мақсадида уларнинг асосий функциялари белгиланмоқда.
Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари томонидан фуқароларга онлайн хизматлар кўрсатишда техник ҳимоя усулларини такомиллаштириш, антифрод тизимларини жорий этиш, кетма-кет уч ёки ундан ортиқ ўтказмалар назоратини автоматлаштириш, банк карталаридан фойдаланишни ҳамда жисмоний шахслар ўртасида катта миқдордаги пул ўтказмаларини қўшимча биометрик ва бошқа ҳимоя чораларини қўллаган ҳолда назорат қилиш механизмларини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк бошқаруви ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан “Тўлов тизимлари операторлари, электрон пуллар тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қарор ишлаб чиқилганди. Жорий йил 2 июлдан кучга кирадиган мазкур қарор билан Ўзбекистонда тўлов тизимларидаги пул ўтказмалари устидан назорат кучайтирилиши белгиланган.
Live
Барчаси