Берлиндан Парижгача: Европа шаҳарларида Эрон учун намойишлар ўтказилди
Олам
−
09:53 2721 2 дақиқа
Европанинг қатор шаҳарларида Эрондаги вазият ва давом этаётган уруш фонида намойишлар ўтказилган. Берлин, Стокгольм, Париж ва Амстердамда йиғилган намойишчиларнинг бир қисми Ислом Республикаси сўнгги шоҳининг ўғли — муҳожирликдаги шаҳзода Ризо Паҳлавийни қўллаб-қувватлаган, бошқалари эса монархия давом этишига қарши чиққан. Бу ҳақда “Euronews” ёзди.
Намойишларда 1979 йилги ислом инқилобидан олдинги Эрон байроқлари — шер рамзи туширилган байроқлар кўзга ташланган. Айрим иштирокчилар Паҳлавийни мамлакатда сиёсий ўзгаришлар ва сайловларга олиб борувчи муваққат раҳбар сифатида кўраётганини айтган.
Парижда икки хил позиция намоён бўлган: бир гуруҳ Паҳлавийни ҳокимиятга ўтиш жараёнини бошқариши мумкин бўлган номзод сифатида кўраётган бўлса, айримлар “На шоҳ, на мулла” деган шиорлар билан монархия ҳам, диний ҳокимият ҳам қабул қилинмаслигини билдирган.
Лондондаги намойишларда эса урушга қарши чақириқлар янграган. “Эронга тегманг” шиори остида ўтган юришда минглаб одамлар қатнашиб, Теҳронга қарши бомбардимонларни тўхтатишни талаб қилган. Шу билан бирга, баъзи иштирокчилар Эроннинг олий раҳбариятини кучли ҳимоя қилган.
Шу кунларда Эрондаги ҳокимият масаласи халқаро сиёсий муҳокамалар марказида турибди. АҚШ Президенти Дональд Трамп Теҳронда янги раҳбарият шаклланса, мамлакат иқтисодиётини тиклашга ёрдам беришга тайёрлигини иддао қилган. Теҳроннинг БМТдаги элчиси эса мамлакат раҳбарияти фақат конституциявий тартиб асосида ва ташқи аралашувсиз танланишини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Эронга қарши ҳужумлар янада кучайтирилишини маълум қилган. Дональд Трампнинг айтишича, Теҳрон таслим бўлишдан бош тортгани ортидан янги зарбалар режалаштирилмоқда.
Live
Барчаси