“Болаларимизнинг онги сотилмайди”. Макрон ўсмирлар учун ижтимоий тармоқларни тақиқламоқчи

Олам

image

Франция парламентининг қуйи палатаси 15 ёшга тўлмаган ўсмирлар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда “Le Monde” газетаси хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, 26 январь куни парламент аъзолари 130 га 21 овоз билан 15 ёшгача бўлган вояга етмаганларнинг ижтимоий тармоқларга киришини тақиқловчи қонун лойиҳасини маъқуллаган. Қонун лойиҳасида ўсмирларнинг мактаб ҳудудида мобил телефонлардан фойдаланиши ҳам тақиқланган. Ҳукумат билан биргаликда қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаган Франция Президенти Эммануэль Макрон овоз беришни олқишлаб, уни “катта қадам” деган.

Қонун лойиҳасида ижтимоий тармоққа кириш 15 ёшгача бўлган вояга етмаганлар учун тақиқланади, деб кўрсатилган. Энди бу тақиқни юқори синфлар (лицейлар)га ҳам татбиқ этиш режалаштирилган.

Франция Президенти Эммануэль Макроннинг илтимосига кўра, ҳукумат қонун лойиҳасини кўриб чиқишда тезлаштирилган тартибни ишга туширган.

Франциянинг собиқ бош вазири Габриэль Атталнинг сўзларига кўра, агар қонун бир ой ичида қабул қилинса, 1 сентябрдан жорий йилнинг 15 ёшгача бўлган фойдаланувчилар учун янги аккаунтлар очиш тақиқланади, 31 декабргача эса платформалар ўсмирларнинг аввалдан мавжуд ҳисобларини ўчириб ташлаши керак бўлади.

Макрон бу режани Миллий мажлис маъқуллагандан кейин Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида олқишлаган. 

“Болаларимизнинг онги сотилмайди. На Америка платформаларига, на Хитой тармоқларига. 1 сентябрга келиб, болаларимиз ва ўсмирларимиз ниҳоят ҳимояланади. Мен буни таъминлайман”, деб ёзган у. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Маданият ва ахборот вазирлиги 16 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклашга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиққани ҳақида хабар берилганди.

Алиқулов Жавоҳир


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

тақиқ Макрон ижтимоий тармоқлар ўсмирлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг