“Бу бизнинг айбимиз”. Алкоголь маҳсулотлари яна нақд пулда сотилади
Жамият
−
22 Апрель 26603 2 дақиқа
Яқин кунларда умумий овқатланиш корхоналарида алкоголь маҳсулотларини нақд пул шаклида ҳам сотиб олиш имконияти яратилади. Бу ҳақда кеча, 21 апрель куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда Солиқ қўмитаси раиси Фаррух Пўлатов маълум қилди.
Очиқ мулоқот давомида тадбиркор алкоголь маҳсулотларини сотишда хорижликлар билан муаммолар юзага келаётганини айтган.
Шундан сўнг, Пўлатов бу масала бўйича ишлар олиб борилаётгани ва тез орада ҳаммаси ўз жойига тушишини билдирган.
“Бу бизнинг айбимиз. Бу бўйича ишлаяпмиз, яқин кунларда ечим берамиз. Албатта, буни тўғрилаб берамиз”, деган Солиқ қўмитаси раиси.
Унинг қўшимча қилишича, мазкур тартибга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирда тегишли идоралар билан бу масала бўйича келишилмоқда.
Шунингдек, очиқ мулоқот давомида мамлакатга ташриф буюрувчи туристлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида меҳмонхоналарда туристик йиғимни нақд пул кўринишида қабул қилиш имконияти яратилгани ҳам қайд этилган.
Қўшимча қилинишича, мазкур масала Савдо-саноат палатаси томонидан солиқ маслаҳатчилари, аудиторлар ҳамда бухгалтерлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда ҳам кўтарилган.
Қайд этиш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 10 декабрь куни қабул қилинган “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб кучга кирди.
Унга кўра, қуйидагилар учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади:
- давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар;
- электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўловлар;
- алкоголь ва тамаки маҳсулотлари;
- транспортларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали аҳолига нефть-газ маҳсулотларини сотиш ва электрда ҳаракатланадиган транспортларни зарядлаш бўйича хизматлар;
- қиймати 25 млн сўмдан ошадиган товар ва хизматлар;
- кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган М, Н, О ва Г тоифага кирувчи транспортлар ҳамда махсус автотранспорт воситаларини сотиш ва сотиб олиш.
Умуман олганда, янги тартиб тез фурсатда ижтимоий тармоқларда муҳокама ва норозиликларга сабаб бўлди. Жамоатчилик нақд пулдан воз кечиш амалиёти ортидан “заправка”ларда, олди-сотди муассасаларида муаммолар юзага келаётганидан норози.
Live
Барчаси