“Бурнингни суқма”. Макрон Лукашенкога телефон қилиб, урушга аралашмасликка чақирди
Олам
−
09:06 8352 1 дақиқа
Франция Президенти Эммануэль Макрон Беларусь фуқароси Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқотда уни Украинадаги можарога аралашмасликка чақирди. Бу ҳақда TF1 телеканали хабар берди.
Телеканал маълумотига кўра, Макрон Лукашенкога Беларуснинг Европа билан муносабатларини яхшилаш учун зарур чораларни кўришни ҳам таклиф қилган.
Беларусь резиденти матбуот хизмати телефон суҳбати Франция томони ташаббуси билан бўлиб ўтганини маълум қилган.
“Давлат раҳбарлари минтақавий муаммолар ҳамда Беларуснинг Европа Иттифоқи ва хусусан Франция билан муносабатларини муҳокама қилди”, дейилади расмий баёнотда.
Макрон ва Лукашенко охирги марта 2022 йил 26 февраль куни, Россиянинг Украинадаги “махсус ҳарбий операцияси” бошланганидан икки кун ўтиб телефон орқали мулоқот қилган эди.
Май ўрталарида Россия ва Беларусь қўшма ядро машғулотларини ўтказган. Россия Мудофаа вазирлиги машғулотларда 64 минг ҳарбий хизматчи, 7800 дона ҳарбий ва махсус техника, 200 та ракета қурилмаси, 140 дан ортиқ учиш аппарати, 73 та ҳарбий кема ва 13 та сувости кемаси иштирок этганини маълум қилган.
21 май куни Александр Лукашенко Беларусь фақат ўз ҳудудига тажовуз бўлса урушга тортилишини айтган эди. Шунингдек, у Владимир Зеленскийни учрашув ўтказиб, Беларус–Украина муносабатларини муҳокама қилишга чақирган.
Live
Барчаси