Дилафрўз Чўлиеванинг жасади Ўзбекистонга қайтарилди

3-саҳифа

image

Жорий йилнинг 6 март куни Туркиянинг Баликесир вилоятидан топилган 46 ёшли Дилафрўз Чўлиеванинг жасади Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси хабар берди.

Қайд этилишича, асли самарқандлик бўлган Чўлиеванинг жасади қайтарилишида Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги кўмаклашган.

“Вафот этган фуқаро ҳақида ижтимоий тармоқларда тасдиқланмаган ва ўрганилмаган маълумотларни тарқатмасликни сўраймиз ҳамда марҳуманинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз”, дейилади хабарда.

Туркиядаги учинчи қотиллик

Дилафрўз Чўлиева 2026 йил 25 январь куни Туркиянинг Баликесир ҳудудидаги иш жойидан номаълум томонга чиқиб кетган ва бедарак йўқолган. Шу муносабат билан унинг ўғли Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти орқали мурожаат йўллаган.

Мазкур мурожаатдан сўнг, Ўзбекистоннинг Туркиядаги дипломатик ваколатхоналари томонидан Туркия Ташқи ишлар вазирлигига тегишли нота юборилган ҳамда Туркия Ички ишлар вазирлиги Хавфсизлик бош бошқармаси билан ҳамкорликда қидирув ишлари йўлга қўйилган.

Анқарадаги элчихона ва Истанбулдаги Бош консулхона, диаспора ташкилотлари, адвокатлар ҳамда ижтимоий тармоқ фаоллари томонидан қидирув ишлари олиб борилган. Жорий йил 28 февраль куни Баликесир туманидаги ўрмон ҳудудидан шахси номаълум жасад топилган.

Жасад узоқ вақт давомида қолиб кетганлиги сабабли ташқи кўринишидан аниқлаш имкони бўлмаган. Шу боис топилган жасад ва марҳуманинг ўғлидан қон намуналарини олиш орқали тиббий солиштирув (ДНА) текширувлари ўтказилган ва жасад Дилафруз Чўлиевага тегишли экани тасдиқланган.

Мазкур жиноятни содир этишда гумонланиб 4 нафар шахс қўлга олинган бўлиб, ҳозирги вақтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Олдинроқ, Туркиянинг Истанбул шаҳри Шишли туманида чиқинди йиғувчи томонидан ахлат контейнеридан ўзбекистонлик Дурдона Ҳакимованинг жасади топилгани ҳақида хабар берилган эди.

Кейинроқ мазкур иш доирасида у ўлдирилган Умрониядаги уйда яна бир ўзбекистонлик аёл – Сайёра Эргашалиева ҳам бўлаклаб ўлдирилгани аниқланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Ўзбекистонга қайтарилди Дилафрўз Чўлиева

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг