ДХХ раиси коррупцияни йўқотиш масаласида Президентга ваъда берди
Жамият
−
15 Январь 11800 4 дақиқа
2025 йилда Ўзбекистонда давлат идораларининг 1083 нафар ходими коррупцияда айбланиб лавозимидан озод этилди, улардан 661 нафари жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати раиси генерал-полковник Баҳодир Қурбонов жорий йилнинг 13 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган Хавфсизлик кенгашининг мамлакат ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилишида сўз очди.
“Коррупция таҳдидини бартараф этиш йўналишида назорат ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда бошқа давлат тузилмаларида мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, порахўрлик, таъмагирлик қилиш ва бошқа турдаги коррупцион жиноятларига қўл уриш ҳолатлари ҳамон сақланиб қолмоқда. Ўтган йилда давлат идораларининг коррупция ва бошқа жиноятларига алоқадор бўлган 1083 нафар ходимлари тизимдан четлатилди. 661 таси жиноий жавобгарликка тортилиб судланди”, дейди генерал-полковник Қурбонов.
Унинг қайд этишича, давлат идоралари, ташкилотлари ва муассасаларида маиший коррупция ҳолатлари ҳамон давом этмоқда. Бунга асосан коррупцион хавф-хатарлар мавжуд бўлган муносабатларда инсон омили юқорилиги ва рақамлаштириш кенг жорий этилмаганлиги салбий тасир кўрсатмоқда.
ДХХ раиси 2026 йилда асосий эътиборни коррупцион хавф-хатарлар мавжуд функция ва муносабатларни рақамлаштиришга, ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этишга, аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш ва уларда коррупцияга тоқатсиз муносабатни шакллантиришга оид амалий ва тарғибот тадбирларини ташкил этишга қаратишга ваъда берди.
Маълумот учун, 2025 йил бошида эълон қилинган "Коррупцияни қабул қилиш индекси" (2024 йил якунлари бўйича) натижаларига кўра, Ўзбекистон ўз позициясини ўзгартирмаган ҳолда, 180 давлат ичида 121-ўринни эгаллаган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йилнинг 26 декабрь куни Олий Мажлис палаталарига йўллаган Мурожаатномасида 2026 йил мамлакатда коррупцияга қарши кураш бўйича фавқулодда йил бўлишини айтган эди. Бу масалада давлат амалдорларига алоҳида мурожаат қилган давлат раҳбари, уларни қуйидагича огоҳлантирган.
“Лавозимим, унвоним бор, менга ҳеч ким тегмайди”, деганлар адашади. Қонун олдида ҳамма тенг! Хавфсизлик хизмати, ички ишлар, прокуратура, солиқ, божхона, молия, банк, йирик давлат компаниялари, вазирлик va ҳокимликлар, бир сўз билан айтганда, бирорта идора va ташкилот назоратдан четда қолмайди. Комплаенс хизматининг фаолиятига тўсқинлик қилганлар коррупцияга шерик деб баҳоланади va жавобгарлик шунга мос ҳолда бўлади”.
Президент 1 январдан эътиборан барча идораларда комплаенс va коррупцияга қарши ички назоратга масъул ўринбосар лавозими жорий этилиши, Ҳисоб палатасининг вакили фаолияти йўлга қўйилиши, ушбу раҳбарлар – тизимдаги нопок шахсларни аниқлаш, шунингдек, бюджет маблағи талон-торож бўлиши ва мансабни суиистеъмол қилиш ҳолатларини олдини олиш бўйича таъсирчан назорат ўрнатиши ҳамда Президент олдида ҳисобот беришини айтганди.
Ўзбекистон Ҳукумат коррупцияга қарши курашга ҳар қанча бел боғлаб, ижтимоий тармоқлар ва телеканалларда порахўрлар сазойи қилинишига қарамай, одамлар кундалик ҳаётида ва ижтимоий муносабатларда коррупция камаймаётганидан ёзғиради.
Қонундан дарак йўқ!
Президент Фармони билан 2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари, ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими ҳам жорий этилиши белгиланганди. Ҳа деганда энди катталарнинг мол-мулки хатловдан ўтказилади. Нафақат ўзи, балки қариндошлари ҳам бойиб кетолмайди, дейишди.
Бироқ, ҳалигача бу қонундан дарак йўқ. “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилиши керак эди. Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг QALAMPIR.UZ'га берган маълумотига кўра, 2021 йилнинг август-сентябрь ойларида қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, ДХХ, ИИВ, ДСҚ, Олий суд, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банки билан дастлабки ва идоравий келишувлардан ўтказилиб, уларнинг таклифлари асосида такомиллаштирилган. Қонун лойиҳаси 2021 йилнинг 1 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига, 13 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган. Лекин, натижа йўқ!
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрелда имзоланган “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 2025 йил май ойида тайёр бўлиши айтилган эди. Аммо, яна натижа йўқ.
Live
Барчаси