Дунёда илк бор Gemini асосида ишлайдиган электромобил яратилди
Олам
−
26 Январь 5541 2 дақиқа
Volvo компанияси EX60 номли янги электромобиль моделини тақдим этди. У Gemini асосидаги сунъий интеллект (СИ) билан жиҳозланган дунёдаги илк автомобиль сифатида тақдим этилмоқда. Бу ҳақда “Exler” хабар берди.
EX60 икки чипли конфигурацияда ишлайди: NVIDIA DRIVE AGX Orin ва Qualcomm Snapdragon 8255 процессорлари уйғунлашган. Ушбу тизим биргаликда сониясига 250 триллиондан ортиқ амал бажариш қувватини таъминлайди. Бу эса хавфсизлик, навигация ва салон тизимларида сунъий интеллектни реал вақт режимида қайта ишлаш имконини беради.
Google Gemini буйруқларга асосланган анъанавий овозли ёрдамчиларни алмаштириб, табиий мулоқотга асосланган суҳбатни таклиф этади. Ҳайдовчилар аниқ калит сўзларсиз, мураккаб ва кўп босқичли сўровларни бемалол бера олади.
Масалан, электрон почтадан манзилни топиб, уни навигацияга қўшиш каби вазифалар оддий оғзаки нутқ орқали бажарилади.
Gemini Google’нинг Gmail ва Kalendar каби сервисларига бевосита уланади. Бу ҳайдовчиларга ҳайдаш интерфейсидан чиқмасдан туриб, жадвални бошқариш, хабарларни қидириш ва маршрутларни режалаштириш имконини беради.
Автомобиль 11,4 дюймли юқори аниқликдаги асбоблар панели дисплейи билан жиҳозланган.
Келажакдаги версияларда сунъий интеллект автомобилнинг 360 даражали камераларидан келаётган видеони реал вақт режимида таҳлил қилиш имкониятига эга бўлади. Шундан сўнг тизим диққатга сазовор жойлар ёки атроф-муҳит ҳақида саволларга дарҳол жавоб бера олади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ технология гиганти Google аввалги муваффақиятсиз уринишидан сўнг сунъий интеллект ёрдамида ишлайдиган янги авлод ақлли кўзойнакларини 2026 йилда бозорга чиқаришни режалаштираётгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси