Дунёни глобал ҳароратнинг янги рекорди кутмоқда – прогноз
Бу қизиқ
−
31 Май 13413 2 дақиқа
Яқин беш йил ичида ўртача глобал ҳарорат рекорд даражада ёки унга яқин кўрсаткичда кўтарилиш эҳтимоли жуда юқори. Шу билан бирга, Арктикадаги ҳарорат аномалиялари жаҳондаги ўртача кўрсаткичан юқори бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда Жаҳон метеорология ташкилотининг (ЖМТ) янги ҳисоботида сўз боради.
Ушбу ҳисоботда 13 та турли институтлар томонидан тайёрланган прогнозлар умумлаштирилган. Шунингдек, унда сўнгги беш йилдаги иқлим маълумотлари таҳлил қилинган ҳамда яқин беш йил учун ҳарорат ва ёғингарчилик бўйича минтақавий прогнозлар келтирилган.
2026-2030 йилларда йиллик ўртача глобал ер юзи ҳарорати саноатгача бўлган даврдаги (1850–1900 йиллар) ўртача кўрсаткичдан 1,3-1,9 даражага юқори бўлиши кутилмоқда. 2026 ва 2030 йиллар оралиғидаги йиллардан бири 2024 йилдагидан ҳам иссиқроқ бўлиши ва кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йилга айланиши эҳтимоли 86 фоизни ташкил этади.
Шунингдек, 2026-2030 йиллардаги беш йиллик даврнинг ўртача кўрсаткичи 1850–1900 йиллардаги қийматдан 1,5 даражага юқори бўлиши эҳтимоли ҳам катта.
Бироқ ҳарорат 1850-1900 йиллардаги ўртача кўрсаткичдан 2 даражадан кўпроққа ошиб кетмаслиги мумкин. Экспертлар, шунингдек, айниқса 2027 ва 2028 йилларда Эл-Ниньо (Тинч океани юзасидаги сув ҳароратининг кўтарилиши) ҳодисаси ривожланишини прогноз қилмоқда.
“2026 йилнинг охирига бориб Эл-Ниньо ҳодисаси кутилмоқда. Бу кейинги, яъни 2027 йилнинг навбатдаги рекорд даражада иссиқ йилга айланиш эҳтимолини оширади”, деди ҳисоботнинг бош муаллифи Леон Хермансон.
Париж иқлим келишувида белгиланган 1,5 °C (ва 2 °C) лик чегара узоқ муддатли – одатда 20 йил давомидаги глобал исишга тегишлидир. Айрим йилларда глобал ўртача ҳароратнинг вақтинчалик ушбу кўрсаткичлардан ошиб кетиши Париж келишувида мустаҳкамлаб қўйилган узоқ муддатли мақсадларга эришиб бўлмайди дегани эмас.
Прогнозларга кўра, Шимолий ярим шардаги кейинги беш қиш мавсумида (ноябрь — март) Арктикадаги ҳарорат 1991–2020 йиллардаги ўртача кўрсаткичлардан 2,8 даражага юқори бўлади, бу эса ўша даврдаги ўртача глобал ҳароратдан 3,5 баравар кўпдир.
2026-2035 йилларнинг март ойлари учун Арктика денгиз музлари ҳолати бўйича прогнозлар Баренц, Беринг ва Охота денгизларида муз қатлами концентрациясининг янада қисқаришидан далолат бермоқда.
Ёғингарчилик прогнозлари шуни кўрсатадики, Шимолий ярим шарда кейинги беш қиш мавсуми давомида одатдагидан кўра серёғинроқ об-ҳаво кузатилади. Сахел (Африка), Шимолий Европа, Аляска ва Сибирда эса, аксинча, серёғин об-ҳаво ёз мавсумига тўғри келади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ер сайёраси энг йирик иқлим фалокатига дуч келиши эҳтимоли борлиги – олимлар бундан 150 йил аввал ўн миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритган янги Эль-Ниньо циклини кутаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси