Инсоният энг йирик иқлим фалокати билан юзма-юз келиши мумкин
Олам
−
16 Май 11515 2 дақиқа
Ер сайёраси энг йирик иқлим фалокатига дуч келиши эҳтимоли бор: олимлар бундан 150 йил аввал ўн миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритган янги Эль-Ниньо циклини кутмоқда. Бу ҳақда “The Washington Post” нашри хабар берди.
Эль-Ниньо ёки Жанубий осцилляция – Тинч океанининг тропик зонаси шарқий-марказий қисмидаги сув юзаси қатламининг ҳар бир неча йилда такрорланиб турадиган ҳарорат тебранишидир. Жорий йилда ушбу ҳудудларнинг исиши ўртача кўрсаткичдан 3 даража юқори бўлиши ва рекордларни янгилаши мумкин.
Нашрнинг эслатишича, қарийб 150 йил аввал Эль-Ниньо келтириб чиқарган иқлим ўзгаришлари ҳосилни нобуд қилган. Бу эса шу каби ҳодиса яна такрорланиши ва глобал озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинми, деган хавотирни кун тартибига қўймоқда.
Тарихдаги энг кучли Эль-Ниньо ҳодисаси 1877–1878 йилларда кузатилган бўлиб, у Ҳиндистон, Хитой, Бразилия ва бошқа мамлакатларда 50 миллиондан ортиқ кишининг умрига зомин бўлган глобал очликка замин яратган. Бу ўша пайтдаги сайёра аҳолисининг тахминан 3-4 фоизини ташкил этган. Агар бундай фалокат бугунги кунда содир бўлса, бу камида 250 миллион кишининг ҳаётига тенг келади.
Бугунги кунда ҳам шундай ҳалокатли глобал жараёнлар такрорланиши мумкинми? Вашингтон штати университети доценти Дипти Сингҳ бунинг эҳтимоли бор деб ҳисоблайди.
“1870-йиллардаги каби бир вақтнинг ўзида содир бўладиган кўп йиллик қурғоқчиликлар такрорланиши мумкин. Ҳозирги вазиятнинг фарқи шундаки, атмосферамиз ва океанларимиз XIX асрдагига қараганда анча иссиқроқ. Бу эса улар билан боғлиқ бўлган экстремал ҳодисалар янада кучлироқ бўлиши мумкинлигини англатади”, дейди Сингҳ.
Унинг айтишича, супер Эль-Ниньо ҳодисаси билан боғлиқ қурғоқчилик хавфининг ортиши кўплаб минтақаларда озиқ-овқат, сув ва иқтисодий хавфсизликни хавф остида қолдиради. Бу эса ўзаро боғланган ижтимоий-иқтисодий тизимлар учун глобал оқибатларга олиб келиши мумкин.
Live
Барчаси