Эболадан ўлганлар 200 дан ошди. Вирус ҳақида нималар маълум?
Олам
−
25 Май 2149 4 дақиқа
Конго Демократик Республикасида (КДР) Эбола вирусини юқтирганликда гумон қилинаётганлар сони 900 нафардан ошди, яна 200 дан ортиқ киши ушбу касаллик оқибатида вафот этди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, касалликнинг тарқалиши Конго учун “ўта юқори” хавф туғдирмоқда. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Кеча, 24 май куни КДР Алоқа вазирлиги мамлакатда 904 нафар гумонланувчида касалланиш ҳолати қайд этилганини маълум қилган. Сўнгги маълумотларга кўра, касаллик қурбонлари сони 220 кишини ташкил этмоқда. ЖССТ раҳбари Тедрос Аданом Гебреисуснинг сўзларига кўра, касаллик ҳолатларини аниқлаш кечикиб қолгани сабабли, жавоб чораларини энди “воқеадан кейин кўришга мажбур бўлиняпти” ва Эбола билан боғлиқ вазият янада ёмонлашади.
Шу билан бирга, ЖССТ маълумотларига кўра, дунёнинг қолган қисми учун ҳозирча хавф мавжуд эмас – касалликнинг КДР ташқарисига тарқалиш эҳтимоли пастлигича қолмоқда. Шунга қарамай, ушбу эпидемия халқаро аҳамиятга молик фавқулодда вазият деб тан олинган.
Вазиятни маҳаллий аҳолининг беморлар ва тиббиёт ходимларига нисбатан тажовузкорлиги янада мураккаблаштирмоқда. Хусусан, мамлакат шарқида номаълум шахслар иккита турли шаҳардаги Эболани даволашга мўлжалланган иккита чодирли марказга ўт қўйиб юборган. Экспертлар бундай хатти-ҳаракатларни бир қанча сабаблар билан боғламоқда: иқтисодий таназзул, жиноятчиликнинг юқори даражаси, ҳарбий гуруҳларнинг фаоллиги ва касалликка қарши курашда халқаро ёрдамнинг етишмаслиги.
Маҳаллий аҳоли норозилигига сабаб бўлган яна бир омил – Эбола қурбонларини дафн этиш бўйича жорий этилган қатъий қоидалардир. Расмийлар анъанавий дафн маросимлари пайтида касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида бу қоидаларни ҳамма жойда жорий қилмоқда. Оилалар эса, ўз навбатида, мотам маросимларини ўз урф-одатларига кўра ўтказишни истайди. Айнан мана шундай чекловлар туфайли Рувампаредаги марказлардан бири ёқиб юборилган. Гувоҳлар ва полициянинг сўзларига кўра, бир гуруҳ ёшлар дўстларининг жасадини олиб кетишга ҳаракат қилган ва унинг Эболадан вафот этганини инкор этган.
Конгонинг шимоли-шарқий қисми расмийлари таъзия маросимлари ва 50 дан ортиқ киши иштирок этадиган ҳар қандай йиғилишларни тақиқлаб қўйган. Эбола қурбонлари кутилаётган қабрларни қуролланган аскарлар ва полиция қўриқламоқда, воқеа жойида инсонпарварлик ташкилотлари ходимлари ишламоқда.
Шу билан бирга, Эбола эпидемиясига қарши курашаётган шифокорлар юзни ҳимоя қилувчи экранлар ва тиббий комбинезонлар каби зарур ҳимоя воситалари йўқлигидан шикоят қилмоқда. Тест тўпламлари, жасадлар учун қоп ва вафот этганларни хавфсиз дафн этиш учун зарур бўлган бошқа материаллар етишмаяпти. Эболадан ҳалок бўлганларнинг жасадлари ўта юқумли ҳисобланади, шунинг учун улар билан ҳимоя воситаларисиз ишлаш ўлим даражасида хавфли.
“Бизда фақат қўллар учун антисептик ва ҳамширалар учун бир нечта ниқоб бор, холос”, дейди воқеа жойида ишлаётган инсонпарварлик ташкилоти ходими Жюльен Лусенге.
Эбола безгаги ҳақида нималар маълум?
Эбола инфекцияси – бу кам учрайдиган, аммо оғир кечувчи касаллик бўлиб, кўпинча инсонлар ўлимига олиб келади. Бу касалликнинг қўзғатувчилари филовируслар оиласининг Orthoebolavirus турига мансуб вируслардир. Бугунги кунда олтита ортоэболавирус маълум бўлиб, улардан учтаси безгакнинг кенг кўламли эпидемиясини келтириб чиқаришга қодир – булар Конгодаги дарё номи билан аталган Эбола вируси, Судан вируси ва Бундибуджио вирусидир.
КДРдаги ушбу эпидемияга Эболавируснинг Бундибуджио (BDBV) подтипи сабаб бўлган. Айни пайтда ушбу подтипга қарши тасдиқланган дори воситалари ёки вакциналар мавжуд эмас. Айнан шу сабабли ЖССТ Африкадаги янги Эбола эпидемиясини фавқулодда вазият деб эълон қилди.
Эболавируси инсонга касалланган ҳайвонларнинг, масалан, мевахўр кўршапалаклар, шимпанзелар, гориллалар, ўрмон антилопалари ёки дикобразларнинг қони, ажратмалари, аъзолари ёки бошқа тана суюқликлари билан яқин алоқада бўлганда юқиши мумкин. Вируснинг одамдан одамга юқиши эса шикастланган тери ёки шиллиқ пардалар орқали, касалланган ёки вафот этган шахснинг қони ва физиологик суюқликлари билан тўғридан тўғри алоқа қилганда, шунингдек, ушбу суюқликлар билан зарарланган буюмлар ёки юзаларга тегганда содир бўлади.
ЖССТ маълумотларига кўра, Эбола билан касалланган беморларга тиббий ёрдам кўрсатган соғлиқни сақлаш ходимларининг зарарланиш ҳолатлари тез-тез учраб туради. Вирус инфекцияси, шунингдек, дафн маросимлари пайтида, агар маросим иштирокчилари зарарланган жасадга тўғридан тўғри тегишса ҳам юқиши мумкин.
Live
Барчаси