Таҳқирланган Путин, ўлаётган африкаликлар ва ожизлашган Трамп – Weekend

Таҳлил

Май ойи Пекин учун тиғиз ташрифлар дастурига бой бўлди. Ҳали АҚШ раҳбари келиб-кетганига бир ҳафта бўлмай туриб, Россия Президентининг самолёти Пекин аэропортига қўнди. “Дўсти”дан ортда қолишни истамаган Владимир Путин Хитойга бир қанча таклифлар ва шартнома лойиҳалари билан келди. Хўш, Си Цзиньпин билан учрашув Кремлга нималар келтирди?

Эрон ва АҚШ ўртасидаги низо ҳануз ечимини топгани йўқ. Томонлар бир-бирига талаблар ёмғирини ёғдиришдан тўхтамаяпти. Бу ҳафтада АҚШ томони навбатдаги шартлар билан Эронга таҳдид қилди. Аммо Қўшма Штатларда ҳам вазият у қадар яхши эмас шекилли, Сенат Оқ уйнинг ҳарбий ваколат доирасини чеклади. Энди Трамп Эронга ҳужум қила олмайдими?

Дунёнинг “ривожланган мамлакатлари” одам ўлдириш учун ўқ-дорини аямай сарфлаётган бир пайтда, Африканинг шарқида Эбола вируси яна авж олмоқда. Вируснинг қурбонлари кун сайин ортиб бормоқда. Яна карантин бўладими?

Украина Президенти Владимир Зеленский эса, бу орада Россиянинг нефть заводларини бирма-бир ишдан чиқараётганини хотиржам, баёнот тарзида маълум қилмоқда. Дунё беқарорликлар ботқоғига ботиб борар экан, биз бу ерда навбатдаги ҳафтанинг энг муҳим воқеаларини эслаб, таҳлил қилишга уриниб кўрамиз.

Бургутдан кейин Пекинда Айиқполвон

19–20 май кунлари Россия Президенти Владимир Путин Пекинга расмий давлат ташрифини амалга оширди. Ушбу ташрифнинг ўз ички мантиқ ва рамзияти бор. Путин учун бу ташриф ўзининг узоқ давом этган ваколат муддатидаги йигирма бешинчиси бўлиб, икки давлат ўртасидаги “Қўшничилик ва дўстона ҳамкорлик шартномаси”нинг 25 йиллиги арафасида уюштирилди. Рамзий санани нишонлаш баҳонаси реал сиёсий мақсадга хизмат қилди. Трамп Пекиндан 15 майда қайтган бўлса, Путин 19 майда йўлга чиқди. Орадаги ноодатий қисқа вақт жамоатчиликда турли талқин ва гумонлар шаклланишига сабаб бўлди. Аммо расмий баёнотларда айтилишича, Россиянинг Пекинга ташрифи анча олдин ҳал этилган бўлиб, Трампнинг Яқин Шарқ можаролари ортидан АҚШ-Хитой саммитини кечиктириши мана шундай қисқа интервалга сабаб бўлган.

Май ойининг бу икки катта ташрифи кўпчилик томонидан солиштирилди. Баъзи рус манбалари Си маъмурияти Путинни нисбатан дўстона кутиб олганини айтган бўлса, ғарб манбалари бу талқиндан Хитойни АҚШ учун рақиб қилиб кўрсатишда фойдаланди. Асосий сезиларли жиҳатлардан бири, Путин делегациясининг таркиби каттароқ бўлди. Ўттиз тўққиз кишилик делегацияга беш нафар бош вазир ўринбосари, саккиз нафар федерал вазир, президент маъмурияти вакиллари, давлат корпорациялари раҳбарлари ва бир қанча минтақа губернаторлари кирди. Трампга ҳамроҳ бўлган бизнесменлар сони кўп бўлса-да, расмий вакиллик даражаси бундан паст эди. Бу фарқ аҳамиятсиздай кўриниши мумкин, аммо дипломатик қоидаларга кўра, делегация таркиби муносабатларнинг чуқурлигини ҳам ўлчайди. 20 май куни Халқ Буюк Залида бўлиб ўтган музокаралар якунланди ва икки томон 42 та ҳужжатни имзолади. Уларга иккита алоҳида қўшма баёнот ҳам киритилди. Улардан бири “Ҳар томонлама стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш” бўйича, иккинчиси эса “Кўп қутбли дунё ва халқаро муносабатларнинг янги тури” ҳақида эди. Мутахассисларнинг фикрича эса, ҳар икки томон ҳам шов-шув қилишга арзигулик ютуқларга эришмаган. Путин билан имзоланган ҳужжатлар сон жиҳатдан кўп кўрингани билан асосий йўналишларда, энергетика ва қурол таъминоти масаласида якдил қарорга келинмагани айтилмоқда.

Хусусан, музокараларнинг энг муҳим қисми – бу "Сибирь-2" газ қувури масаласи бўлди. Кўп йиллик музокаралар юритилган, икки томоннинг иқтисодий сиёсатида катта ўрин тутган ушбу лойиҳа бўйича бу сафар ҳам якуний келишувга эришилмади. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков “маршрутнинг асосий параметрлари бўйича ўзаро келишувларга эришилди” деб баёнот берди, бироқ қурилиш бошланиш муддати ҳали номаълумлигича қолмоқда. Нархи ва улуш каби муҳим маълумотлар ҳам ҳал этилмади.

Кўпчилик ХХР раиси Си Цзиньпиннинг дунё “ўрмон қонунлари”га қайтиш хавфида деган гапларига эътиборини қаратди. “Бир томонламалик ва гегемонлик ўта зарарли бўлиб, дунё яна “жунгли қонунлари” даврига қайтиш хавфи остида турибди”, деди Си. Бу ўзига хос дипломатик тил санъати сифатида талқин қилинди. “Financial Times” нашри бу гаплар орқали Хитой АҚШни танқид қилди деб ёзди.

Бу галги Россия риторикаси ҳам ўзига хос бўлди. Путин мавқедоши билан ўртадаги муносабатларни оддий ҳамкорликдан кўра, кўпроқ яқин дўстлик, биродарлик босқичига олиб чиқишга уринди. “Хитойда шундай дейишади: бир кун кўришмасанг, гўё уч куз ўтгандек бўлади. Бугун муносабатларимиз мисли кўрилмаган даражада юқори босқичга чиқди ва ҳақиқий кенг қамровли шериклик ҳамда стратегик ҳамкорлик намунасига айланди”, деди Путин.

Япония ва Жанубий Корея мутахассисларининг фикрича, Трамп Пекинга тазйиқ ва дипломатия аралашмасидан иборат бўлган ноаниқ ният билан борди ва шу туфайли аниқ стратегик қўлловларга ҳам эриша олмади. Путин ҳамкорлик ва мақсад бирлигига асосланган аниқ режа билан борди. Аммо Хитой учун материкда Россия каби рақиб керак бўлмагани учун, ҳар қандай мафкуравий яқинлик бир четга сурилиб, муҳим геосиёсий масалаларда ён босилмади.

АҚШ ва Россиянинг бу ташрифлари на Вашингтонга, на Москвага улкан ютуқлар олиб келди. Аксинча, бу ерда ютган Пекин бўлиб қолмоқда. Икки уруш бошида турган давлат раҳбарларининг турли масалада Си ҳокимиятидан ёрдам истаб келгани, бугун Пекиннинг ҳал қилувчи образи шаклланаётганини оммага кўрсатиб қўйди. Хитой ўз позициясини ўзгартирмайди – у ҳеч кимга қурол сотмайди, ҳеч кимнинг урушини расмий қўлламайди, бироқ иқтисодий ва дипломатик алоқаларини кенгайтиради. Оддий мантиқ: бургут ҳам, айиқполвон ҳам муаммолар билан банд бўлса, ҳамма ўлжа аждаҳога қолади.

Эҳтиёт бўлинг, Эбола

Яқин Шарқдаги мураккаб вазият, Украинадаги уруш ҳолати, Пекиннинг дипломатик ўйинлари фонида дунё журналистлари эътиборидан Африка қолиб кетаётгандек. Бироқ биз бу гал Конго ва Угандада юзлаб ўлимларга сабаб бўлаётган бу балога жиддий эътибор беришга қарор қилдик. Конго Демократик Республикасининг Итури вилоятида бу йил 17-марта тарқалаётган Эбола эпидемияси 17 май куни Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти томонидан халқаро миқиёсдаги фавқулодда вазият деб эълон қилинди. 19 май ҳолатига кўра, 543 та шубҳали ҳолат қайд этилган ва камида 131 киши ҳаётдан кўз юмган.

Мутахассислар бу галги эпидемияни хавфлироқ деб баҳолаб, унинг сабаби деб топилган “Бундибугё” эбола вирусига алоҳида эътибор қаратмоқда. Аввалги эпидемияларнинг аксарияти “Заир” эбола вируси натижасида келиб чиққан бўлиб, мавжуд дори-дармонларнинг асосий қисми айнан шу тур учун синаб кўрилган. “Бундибугё” тури эса, бошқача бўлгани учун даволаш жараёнини ҳам мураккаблаштириши айтилмоқда.

ЖССТ Эбола вируси Конгога қўшни Уганда ҳудудида ҳам тарқалганини маълум қилди. Уганда расмийлари 59 ёшли эркакда вирус аниқлангани ва у вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум Конго фуқароси бўлган ва унинг жасади ватанига қайтарилган.
Биологик муаммолар тобора кўпайиб кетаётган бир пайтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳамда Жаҳон банки ҳамкорликда ташкил этилган Тайёргарликни глобал мониторинг қилиш кенгаши (GPMB) тарқалиш кўлами бўйича коронавирус ва Эбола безгаги эпидемияларидан ҳам ўзиб кетиши мумкин бўлган янги глобал пандемия хавфи тобора ортиб бораётганидан огоҳлантирди.

“Юқумли касалликларнинг авж олиши тобора тез-тез содир бўлаётгани сабабли, улар янада вайронкор тус олмоқда, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, сиёсат ва ижтимоий соҳаларга тобора кенгроқ таъсир кўрсатмоқда, шунингдек, улардан кейин қайта тикланиш имкониятларини камайтирмоқда”, дейилади ҳисоботда. ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус бу эпидемия ҳақиқий кўламда ҳали тўлиқ акс этмаган деб огоҳлантирди ва вазият жуда тез тарқалаётганини таъкидлади. Ушбу воқеанинг диққатга сазовор яна бир жиҳати – АҚШ ушбу эпидемияга қарши курашиш учун 23 миллион доллар ажратди. Албатта, бу 2018–2020 йиллардаги 600 миллион долларга солиштирганда жуда оз. Аммо бир вақтлар Илон Маск бошчилигида фаолият юритган “DOGE” номли дастур доирасида АҚШ глобал соғлиқни сақлаш қўмита ва тузилмалари учун харажатларни кескин қисқартиргани фонида бу ҳам катта сумма кўринади.

Эронга энди ҳужум бўлмайди

28 февраль куни АҚШ ва Исроил Эронга қарши қўшма ҳарбий операцияни бошлаган пайтдан буён Яқин Шарқ инқирози янгидан-янги қирралар касб этмоқда. 8 апрелда Покистон воситачилигида имзоланган оташкесим расмий кучга кирди, лекин у на урушни тугатди, на музокараларни ҳақиқий маънода олдинга силжитди.

10 май куни Эрон Вашингтонга 5 та шарт билан музокараларни давом эттиришга тайёрлигини билдирган эди. Бу шартлар орасида барча фронтлардаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, санкцияларни бекор қилиш, музлатилган Эрон маблағларини қайтариш, уруш зиёнини қоплаш ва Ҳормуз бўғози устидан Эрон суверенитетини тан олиш бор. Трамп бу таклифни кескин рад этиб, уни “мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган” деб атади. Эрон ҳам ўз позициясини бой бермоқчи эмас.

Бу ҳафта Эрон томони АҚШнинг 5 банддан иборат талаблар рўйхатини қабул қилиб олди. Маълумотларга кўра, АҚШ қуйидаги шартларни илгари сурган:

  • Вашингтон уруш оқибатида етказилган зарар учун Эронга ҳеч қандай компенсация тўламайди;
  • Эрон 400 килограмм бойитилган уранни мамлакатдан олиб чиқиб, АҚШга топшириши керак;
  • Мамлакатда фақат битта ишлаётган ядровий мажмуа қолдирилиши лозим;
  • АҚШ музлатилган Эрон активларининг кўпи билан 25 фоизини озод қилади;
  • Барча фронтларда, жумладан Ливандаги урушни тўхтатиш фақат музокаралар жараёнида амалга оширилиши мумкин.

Баъзи экспертларнинг фикрича, АҚШ бу орқали муаммони ҳал қилиш эмас, балки уруш вақтида эриша олмаган мақсадларини музокара орқали амалга оширишга уринмоқда. Теҳрон ҳам ўз навбатида бу шартларни қабул қилмоқчи эмас. Бундан олдин Эрон томонидан эълон қилинган шартлар Оқ уй раҳбари томонидан “қабул қилиб бўлмайдиган” деб таърифлангандан кейин, икки ҳукумат вакиллари ҳам сезиб турибдики, “сўнгги огоҳлантириш” сиёсати аллақочон мантиқ доирасидан чиқиб кетиб бўлди. Дональд Трампнинг “Улар тезроқ ҳаракат қилишлари керак, акс ҳолда улардан ҳеч нарса қолмайди”, каби ваҳимали баёнотлари бугун ҳеч қандай вазнга эга бўлмай қолди.

Ҳатто 19 май кунига белгиланган ҳарбий ҳужум ҳам кечиктирилгани эълон қилинди. Трампнинг айтишича, ҳужумдан воз кечишни ундан Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Саудия Арабистони Валиаҳди ва Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд ҳамда БАА Президенти шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳайён сўраган.

“Мен уларнинг етакчилигини ҳурмат қиламан ва операцияни ҳозирча ТЎХТАТИБ ТУРИШГА рози бўлдим. Бироқ, агар Эрон ушбу сўнгги имкониятдан фойдалана олмаса, бизнинг ҳарбийларимиз кенг кўламли зарба бериш учун тўлиқ шай ҳолатда”, деб пост жойлади ўзининг Truth Social тармоғига.

Шу воқеалар ортидан, Америка Сенати 19 май куни 50 га 47 овоз фарқи билан Трампнинг ҳарбий ваколат доирасини чекловчи резолюцияни қабул қилди. Бу резолюция Президентни Эрон урушини давом эттиришдан олдин Конгресс рухсатини олишга мажбурлаши керак эди. Аммо Республикачилар ҳукмрон бўлган Вакиллар палатаси 21 май куни ушбу қонун лойиҳасини кутилмаганда кечиктириб юборди.

Ушбу икки воқеани бирга таҳлил қилганда, Америкадаги сиёсий манзаранинг мураккаблиги кўринади. Сенат резолюцияси расмий жиҳатдан кучга кириши учун Вакиллар палатасидан ҳам ўтиши ва кейин Президент имзосига бориши керак. Шубҳасиз, бундай қонун лойиҳасига Трамп вето қўйиши муқаррар эди. Аммо овоз бериш натижаларининг ўзи АҚШ Сенатида ҳам Трампнинг сиёсатига қарши норозилик ўсиб бораётганини кўрсатмоқда.

1973 йилдаги Уруш ваколатлари тўғрисидаги қонунга кўра, Президент 60 кун давомида Конгресс санкциясисиз ҳарбий ҳаракатларни давом эттира олади. Бу муддат 1 майда тугади. Трамп айни вақтда “оташкесим эълон қилдим, уруш тўхтади, қонун менга тегишли эмас” деган позицияда турибди ва кутилганидек ушбу қонунни инкор этмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Эрон масаласининг ечими тезда топилмайди. Иккала томон ҳам тазйиқ позициясидан чиқа олмаяпти, Пекин эса воситачилик қилишга қизиқиш билдирса-да, бемалол ва шошмасдан иш юритмоқда. Бу ҳолда жараён чўзилаверади ва чўзилган сари ҳарбий тайёргарлик ҳам бирга кучайиб боради.

Зеленский урушга шай

Украина уруши мана тўрт йилдан ортиқ вақт давомида ечим топмай келмоқда. Низонинг ўзи келиб чиққанига эса, қарийб 12 йил бўлди. Бу вақт ичида халқаро таҳлилчилар, Ғарб ҳукуматлари, Украина фуқаролари ва Россия раҳбариятининг “уруш қачон тугайди” саволига берган жавоблари бир неча марта ўзгарди. Аммо ҳозир аниқ кўринаётган нарсалардан бири шуки – Зеленский ҳам бугун урушни давом эттиришдан манфаатдор.

Сўнгги ҳафта оралиғида Украина қуролли кучлари Россиянинг бир қанча нефть заводларига йўналтирилган узоқ масофали дрон зарбаларини уюштирди. 15 майда Рязань нефтни қайта ишлаш заводи, 16 майда Ставрополь ўлкасидаги Азот кимё заводи, 19 майда Ярославль нефтни қайта ишлаш заводи, 21 майда Нижний Новгород вилоятидаги Лукойл заводи, 22 майда Сизрань заводи Украина ҳужумларидан талофат кўриб улгурди. Бу зарбаларда истеъмолга тайёр ёнилғи, экспорт терминаллари ва юк йўллари нишонга олинди.

Яъни уруш бугун чегара яқинидаги фронтларда эмас, Россиянинг ичида кетмоқда.

Зеленский 22 май куни ўз баёнотида ушбу ҳужумлар анча аввалдан режалаштириб келинганини маълум қилди ва асосий нишонлар Россия нефть саноати билан боғлиқ инфратузилмаси эканини таъкидлади. Украина хавфсизлик хизмати манбаси эса, Россия нефтини қайта ишлаш қувватининг 40 фоизи аллақочон ишламаётганини маълум қилди. Зеленскийнинг ўзи эса, Россияда ёнилғи танқислиги 20 фоизга яқин эканини, улар дизель захираларини ҳам ишлатишга мажбур бўлганини айтмоқда.

“Бизнинг ҳаракатларимиз Россиянинг ҳарбий машинасини энг нозик жойидан заифлаштирмоқда. Бугунги кунда Россия ўз нефтини қайта ишлаш қувватларининг қарийб 20 фоизини йўқотди. Улар нафақат бензин экспортини тақиқлашга, балки ўзларининг стратегик дизель ва ёнилғи захираларини очишга ва улардан фойдаланишга мажбур бўлишмоқда. Россия ўз агрессияси учун тўлаши керак бўлган нарх айнан уларнинг ёнилғи бозорида ва иқтисодиётида акс этмоқда”, дейди Киев раҳбари.

Украина Ғарбдан узоқ муддат қурол олишга қийналганидан сўнг, ўзи дрон ишлаб чиқариш дастурини ривожлантирди. Баъзи зарба нуқталари Украина чегарасидан 1500 километр узоқликда жойлашган. Миллий саноатга асосланган бу дрон армияси Украина учун асимметрик қуролга айланди – ҳеч қандай халқаро чеклов остига тушмайдиган, ички бозорда ишлаб чиқариладиган арзон “қирғин машинаси”.

“Урушни Россия ҳудудига олиб бориш — бу адолатли жавоб”, дейди Зеленский. Бу гапда стратегик мантиқ бор. Россия иқтисодиётининг асоси олдин ҳам, ҳозир ҳам – нефть ва газ даромадлари бўлиб қолмоқда. Бу манбалар бўлмаса, урушни молиялаштириш қийинлашади. Заводлар ишламаса, ёнилғи танқислиги ҳарбий техникани ҳам тўхтатиб қўйиши мумкин.

Зеленский 19 майда июнь ойи учун ҳам узоқ масофали дрон зарбалари режалаштирилганини тасдиқлади. Бу режа тўғрисида батафсил маълумот берилмади, бироқ расмий тасдиқ берганининг ўзи Украинанинг стратегик мақсадлари ўзгарганини кўрсатади. Энди Киев учун мудофаа биринчи даражада эмас, балки душман иқтисодиётини танқисликка тушириш, Москвани таслим бўлишга мажбур қилиш кўзланган. Бундай очиқ баёнотлар орқали Зеленский Путиннинг обрўсига путур етказмоқчи бўлиб, “фалон санада ҳужум қиламан, қўлингдан келса тўхтатиб қол”, дегандек масхараомуз муносабат билдирмоқда.

Албатта, Россия ҳам бунга жим қараб тургани йўқ. 21 май куни Россия Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, Украинада учувчисиз қурилмалар – дронлар операторларини тайёрлаш марказига ҳужум уюштирилган. “Оператив-тактик авиация, зарба берувчи учувчисиз аппаратлар, ракета қўшинлари ва артиллерия кучлари томонидан учувчисиз тизимлар мутахассисларини тайёрлаш марказига зарба берилди”, дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, ҳарбийлар узоқ масофага мўлжалланган дронлар ва экипажсиз қайиқларни йиғиш цехлари ҳамда уларни сақлаш жойларига ҳам зарба берганини маълум қилган. Вазирликнинг қўшимча қилишича, Украина Қуролли кучлари манфаатлари учун фойдаланилаётган энергетика инфратузилмаси объектлари ва рақиб кучларининг вақтинчалик жойлашув нуқталарига, жами 148 та ҳудудга зарба берилган. Маълумотга кўра, бир сутка давомида ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Украинага тегишли 516 та дрон ва учта бошқариладиган авиация бомбасини уриб туширган.

Яқин Шарқдаги уруш ҳам, Россия-Украина ўртасидаги уруш ҳам бир хулосага қараб кетяпти. Биргина арзон дрон саноати орқали энг қудратли рақибга ҳам муносиб қарши чиқиш ва ҳатто кези келганда унга жиддий таҳдид солиш ҳам мумкин. Бугун айнан шу дронлар ортидан Зеленскийнинг овози баландроқ чиқаётгани ҳақиқат.

Хулоса

Умумий ва қисқа хулосани қуйидагича чиқаришимиз мумкин. Пекин энди шубҳасиз дунё дипломатиясининг асосий марказларидан бири. Трамп ҳам, Путин ҳам олдинма-кетин унинг эшигини тақиллатди – бу факт эса кўп нарсани англатади. Хитой бу ўйинда энг кам йўқотадиган, энг кўп ютадиган томонга айланди.

Эрон масаласида эса, Трамп ўзи бошлаган урушни дипломатиясиз якунлаб бўлмаслигини тушуниб турибди, аммо томонлар дипломатияси бир-бирига тўғри келгани йўқ. Сенат овози Конгресс норозилигини кўрсатди, Вакиллар палатаси бу овозни тўхтатиб турди, бироқ бу кечиктиришнинг ўзи ҳам сиёсий сигнал.

Зеленский эса, бу ҳафтада энг аниқ стратегик йўналишни намойиш этди. Россия нефть заводларини бирма-бир ишдан чиқариш – бу шунчаки ҳарбий ҳаракатлар эмас, иқтисодий босим стратегияси ҳамдир. Бу стратегиянинг натижалари ҳали бутунлай кўринмагандир, аммо яқин келажакда Москванинг ўзи ҳам музокара столига ўтиришни истаб қолса ажаб эмас.

Мақолани эса, Си Цзиньпиннинг ўша гапи билан якунлашни хоҳладик: дунё жунгли қонунларига қайтиш арафасида.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия ЖССТ Эрон Хитой Трамп Путин вирус уруш Си Цзиньпин Зеленский ҳужум Эбола

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг