Экологга куч ишлатган “замҳоким” ишдан олинди
3-саҳифа
−
25 Ноябрь 8663 2 дақиқа
Аввалроқ, Фарғона вилоятининг Бувайда туманида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси инспектори Аҳроржон Ниёзовга туман ҳокими ўринбосари Саидали Хизиров куч ишлатиб, орган ходимлари ёрдамида туман Ички ишлар бўлимига олиб кетгани, кейинроқ эса Хизировга хизмат текшируви тайинлангани ҳақида хабар берилганди. Экологга куч ишлатган ушбу ҳоким ўринбосари ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича махсус комиссия Telegram-каналида хабар берилди.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан мутасаддилар томонидан ишчи гуруҳ тузилган ва ўрганиш ишлари олиб борилдган.
“Ўрганиш ишлари натижасида Бувайда тумани ҳокими ўринбосари Саидали Хизиров лавозимидан озод этилди”, дейилади хабарда.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси маслаҳатчиси Расул Кушербоевнинг билдиришича, аҳоли мурожаатига асосан ҳолат жойига тезкор етиб борган Экология қўмитаси инспектори ноқонуний дарахт кесиш ҳолатини аниқлаб, уни тўхтатиб, белгиланган тартибда ҳужжатларни расмийлаштирмоқчи бўлган.
Ушбу ҳолатда ҳоким ўринбосарининг зўрлик ишлатишига Ички ишлар ходими томошабин бўлиб тургани етмагандек, экологни ёқасидан тутганча олиб кетганини қандай тушуниш мумкин?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 19 ноябрь куни қабул қилинган “Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг ҳудудий бўлинмалар ва туман (шаҳар) бўлимлари ходимлари маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тузилмасига кирмайди ҳамда ўз фаолиятини мустақил амалга оширади ва Экология қўмитаси олдида ҳисобдор бўлади, деб ёзилган. Фармон имзоланганидан бир ҳафта ўтгани ва мамлакатда экология масаласи кун тартибида турганига қарамай, ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари экологларни менсимай, уларга куч ишлатиши, фаолиятига тўсқинлик қилиши давом этмоқда. Ё улар Президент имзолаган фармонни ўқимайди, ё ўқиса ҳам парво қилмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Расул Кушербоев шунга ўхшаш ҳолат ҳақида гапирган эди. Ўшанда у ўтган йили пойтахтда экологияни заҳарлаётган ташкилотларга чора кўрилаётганда ўша пайтдаги экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг биринчи ўринбосари номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилганини очиқлаганди.
Live
Барчаси