Энди ҳарбийлар ўртасида киберспорт, дрон ва робот технологиялари бўйича мусобақа ўтказилади

Жамият

image

Ўзбекистонда жорий йилдан бошлаб ҳарбий хизматчилар ўртасида киберспорт, дрон ва робот технологиялари каби замонавий спорт турлари бўйича уч босқичли мусобақалар ташкил этилади. Бу ҳақда бугун, 13 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган Хавфсизлик кенгашининг мамлакат ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилишида сўз борди.

Қайд этилишича, муҳандислик-техника, киберхавфсизлик ва ахборот хуружларига қарши курашиш соҳаларида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш энг муҳим масала экани таъкидланган. Шу боис, муҳандислик-техник йўналишдаги ҳарбий-илмий базани мустаҳкамлаш, жойларда ҳарбий технопарклар ташкил этиш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.

Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлигини янада мустаҳкамлаш билан бирга, уларнинг маънавий оламини ҳам мунтазам бойитиб боришни замоннинг ўзи талаб этмоқда. Бунда китобхонлик муҳим ўрин тутади. Шу боис, жорий йилда барча ҳарбий қисм ва муассасалар жами 1 миллион нусхадаги бадиий адабиётлар билан таъминланади.

Қуролли Кучлар тизимидаги ҳарбийга йўналтирилган мактаб-лицей ўқувчилари, муддатли ҳарбий хизматчилар, курсантлар, сержант ва офицерлар ўртасида Олий Бош Қўмондон соврини учун китобхонлик танлови йўлга қўйилади. Округ, қўмондонлик, вазирлик, Олий Бош Қўмондон танловларида ғолиб ва совриндор бўлган аскарларнинг муддатли ҳарбий хизмати бир ойга қисқартириб берилади.

Ҳар йили ҳарбий хизматчилар ўртасида кўпкураш, қўл жанги, оғир атлетика каби спортнинг 10 дан ортиқ анъанавий турлари бўйича мусобақалар ўтказилмоқда. Энди жорий йилдан бошлаб киберспорт, дрон ва робот технологиялари каби замонавий спорт турлари бўйича уч босқичли мусобақалар ташкил этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев киберспорт ҳарбий хизматчилар робот технологиялари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг