Энди грантда ўқиган талабалар 3 йил ишлаб бериши бекор бўлиши мумкин
Жамият
−
11:44 1916 2 дақиқа
Ўзбекистонда давлат грантлари асосида ўқиган олий таълим битирувчилари учун белгиланган камида уч йил ишлаб бериш мажбурияти бекор қилиниши мумкин. Бу ҳақда “Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қарор лойиҳасида келтирилган.
Қайд этилишича, мазкур низомнинг муқаддимасида олий таълим муассасаларида давлат грантлари асосида мақсадли тайёрланган кадрларни мажбурий ишлаб бериш шарти билан таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларга ишга тақсимлаш қоидалари ва тартибини белгилаши қайд этилган.
Қарор лойиҳасига кўра, кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш ва уларни ишга тақсимлаш тартиби янада аниқлаштирилмоқда ҳамда замонавий талаблар асосида қайта кўриб чиқилмоқда.
Хусусан, амалдаги низомда белгиланган “камида уч йил” ишлаб бериш мажбуриятига оид нормалар чиқариб ташланиб, “мажбурий” деган сўз билан алмаштириш таклиф қилинган.
Ҳужжатга биноан, давлат грантлари асосида таҳсил олган битирувчиларнинг ишлаб бериш муддати таълим йўналишининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан алоҳида белгиланади.
Шунингдек, битирувчиларни ишга тақсимлаш билан боғлиқ айрим тушунчаларга аниқлик киритилиб, “доимий яшаш жойи” атамасини “яшаш жойи” деб алмаштириш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб тиббиёт йўналишларида оширилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш тартиби бекор қилиниши мумкинлиги айтилганди.
Live
Барчаси