Энди Ўзбекистонда бизнесни 15 дақиқада бошлаш мумкин бўлади
Жамият
−
17 Ноябрь 3826 2 дақиқа
Ўзбекистонда “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тизими жорий этилади. Бу ҳақда 14 ноябрь куни қабул қилинган “Бизнес юритишни ҳамда лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштиришга доир навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонида сўз боради.
Қайд этилишича, ҳужжатни қабул қилишдан асосий мақсад сифатида тадбиркорлик субъектларининг маъмурий харажатларини 90 миллиард сўмгача қисқартириш, шунингдек, давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик жараёнларида 15 кунгача вақтни тежаш белгиланган. Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили асосида тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёни тубдан соддалаштирилади. Яъни, рўйхатдан ўтказиш пайтининг ўзида тадбиркорга бир вақтнинг ўзида қуйидаги хизматлар кўрсатилади:
- Электрон рақамли имзо калитини бериш;
- банк ҳисобварақларини очишга ариза топшириш ва уларни фаоллаштириш;
- айрим фаолият турлари бўйича лицензия ва рухсатнома олиш учун ариза ёки хабарнома юбориш;
- кўчмас мулк ижара шартномасини расмийлаштириш;
- қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчиси гувоҳномасини олиш;
- онлайн назорат-касса машиналарини масофадан туриб сотиб олиш ва уларни солиқ органларида онлайн тарзда рўйхатдан ўтказиш;
- юридик шахс раҳбарини тайинлаш ва уни “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексида ҳисобга қўйиш.
Мазкур фармон тадбиркорлик субъектлари учун “бир дарча” тамойилини янада чуқурлаштириш, ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни қисқартириш ва бизнесни бошлаш жараёнини тез, қулай ва шаффоф қилишга қаратилган.
Live
Барчаси