Эпштейн Каъбапўшни гилам қилганми?
Олам
−
11 Февраль 5328 4 дақиқа
Жорий йил январь ойининг охирги кунларида АҚШ Адлия вазирлиги (DOJ) Жеффри Эпштейн – судланган жинсий жиноятчи ва дунёнинг энг “қудратли” шахслари билан алоқалари бўлган шахс – бўйича тергов материалларига оид 3 миллиондан ортиқ саҳифани, жумладан, минглаб видео ва тасвирларни ошкор қилди. Уларда муқаддас Каъбанинг ёпинчиғига оид маълумотлар ҳам бор.
АҚШ Адлия вазирлиги ҳужжатларига кўра, муқаддас Каъбанинг ёпинчиғи фрагментлари Саудия Арабистонидан Жеффри Эпштейнга юборилган ва уларнинг диний аҳамияти электрон хатларда аниқ тушунтирилган. Хатлар ва етказиб бериш ҳужжатларида жараёнда иштирок этган шахсларнинг номи келтирилган. Хусусан, Бирлашган Араб Амирликларида яшовчи саудиялик Азиза ал-Аҳмадий 2017 йил 22 март куни ёзган хатида Каъбапўшнинг аҳамиятини изоҳлаб, шундай деган:
“Айни пайтда ушбу қора фрагментга камида 10 миллион мусулмон қўл теккизган... Улар Каъбани етти марта айланишади ва ҳар бири унга қўл теккизишга, дуо, орзу, кўз ёш ва умидларини унга бағишлашга интилади”.
Қабул қилувчи Жеффри Эпштейн бўлган, жўнатма унга Сент-Томас оролидаги уйига LSJE LLC компанияси орқали етказилган. Эпштейн ходими Дафна Уоллес масалани мувофиқлаштирган. Саудия томонидан мувофиқлаштириш учун Абдулла ал-Маари масъул бўлган. Чалмер Стауффер эса логистика, божхона расмийлаштируви ва ташиш ишлари билан шуғулланган. Интернетда тарқалган Адлия вазирлиги рўйхат рақамларида (EFTA00571214 ва бошқалар) кўрсатилишича, Каъбапўш фрагментлари 2017 йил март ойида Сент-Томасга етказилган. Ҳужжатларда ҳисоб-фактуралар келтирилган бўлиб, уларда “KISWA – INNER” ва “KISWA – OUTER” деб тўғридан тўғри ёзилган, жами қиймати 10 980 доллар бўлган учта рамкага солинган соф ипак ва олтин ипли буюм сифатида қайд этилган. Каъба ёпинчиғи фрагментлари Эпштейн томонидан уйи учун гилам сифатида сотиб олингани айтилмоқда.
Эпштейн ишида тилга олинган Раафат ас-Саббах ва Азиза ал-Аҳмадий ким?
Раафат ас-Саббах – Саудия Арабистони Подшоҳлик девонида маслаҳатчи лавозимида ишловчи юқори мартабали амалдор бўлиб, 2016 йил май ойида тайинланган ва ҳозирга қадар шу лавозимда фаолият юритмоқда. Азиза ал-Аҳмадий – Дубайда жойлашган MENA минтақаси ва ундан ташқари учун “юқори сифатли, маданий аҳамиятга эга” мобил ўйинлар яратишга ихтисослашган Boss Bunny Games студиясининг бош директори. Илгари у Zain KSA компаниясида ишлаб, телекоммуникация соҳасидаги илк “GRI барқарорлик ҳисоботи”ни эълон қилган. Шунингдек, у Саудия Арабистонида Маданият ва туризм вазири ўринбосари маслаҳатчиси сифатида ҳам тилга олинади.
Хатларда ёпинчиқнинг уч фрагменти ҳақида сўз боради: бири Каъбанинг ички қисмидан, иккинчиси ташқи ёпинчиқдан, учинчиси эса Каъба учун тайёрланган, аммо ёпишда ишлатилмаган материалдан. Ишлатилмаган фрагмент “санъат асари” сифатида жўнатилган. Юк 2017 йил март ойида Эпштейннинг уйига етказилган.
Эпштейннинг ислом ва исломий атрибутикага қизиқиш билдиргани қизиқ ҳолат сифатида қайд этилмоқда. Янги эълон қилинган файллардаги суратлардан бирида Жеффри Эпштейн ва БААнинг таниқли тадбиркори Саудия Арабистонининг Макка шаҳридаги муқаддас матога ўхшаш буюмни полга ёйилган ҳолда кўздан кечираётгани акс этган.
АҚШ Адлия вазирлиги томонидан ошкор қилинган электрон хатларга кўра, Эпштейн суратда DP World компанияси бош директори Султон Аҳмад бин Сулайм билан бирга тасвирланган. Иккиси ҳам зинапоя поғоналари пастида қўлларини чўнтакка солган ҳолда турибди ва Ислом динининг энг муқаддас жойи марказидаги Каъбани қоплаб турадиган қора, олтин иплар билан безатилган ёпинчиққа жуда ўхшаш буюмга қарамоқда. Лекин унинг айнан Каъбапўш эканини тасдиқловчи факт мавжуд эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича энг йирик ҳужжатлар архивини эълон қилгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу файлларга 3 миллион саҳифа матн, 180 мингта фотосурат ва 2 мингта видеоёзув киритилган. Хусусан, Эпштейн архивида Эндрюнинг ерда ётган аёл устида тиз чўкиб турган суратлари ҳам топилган. Улар қачон ва қаерда олингани номаълум.