Эрон Ҳормузни “кемалар қабристони”га айлантириш билан таҳдид қилди
Олам
−
04 Май 3667 2 дақиқа
Эрон Олий раҳбарининг ҳарбий маслаҳатчиси Муҳсин Ризоий Вашингтонни огоҳлантириб, агар АҚШ бўғоздаги денгиз блокадасини давом эттирса, америкалик ҳарбийлар ва кемалар “қабристон”га айланишини айтди. Бу ҳақда у ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги ёзиб қолдирди.
Ризоий аввал Ислом инқилоби қўриқчилари корпусига раҳбарлик қилган. У АҚШни “дунёдаги ягона қароқчи давлат” деб атаган. Унинг таъкидлашича, Эрон “қароқчи”га қарши туриш имкониятига эга ва зарурат туғилса, ҳарбий кемаларни йўқ қилишга қодир.
“АҚШ авиаташувчига эга дунёдаги ягона қароқчи давлат саналади. Бизнинг қароқчиларга қарши курашиш қобилиятимиз ҳарбий кемаларни чўктириш имкониятларимиздан асло қолишмайди. Самолётингиз қолдиқлари Исфаҳонда қолганидек, кемаларингиз ва қўшинларингиз ҳам қабристонга тушишига тайёр туринг”, деган Ризоий.
Ҳозирда Ҳормуз бўғозидаги вазият кескинлигича қолмоқда. Хабарларга кўра, савдо кемалари ҳаракати деярли тўхтаб қолган, кун давомида атиги бир неча кема ҳаракатлангани қайд этилган. Бу эса глобал энергия таъминотига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин, чунки мазкур йўлак орқали дунё нефтининг катта қисми ташилади.
Шу фонда Эрон АҚШга янги тинчлик режаси ҳам тақдим этган. У уч босқичдан иборат бўлиб, аввало ўт очишни тўхтатиш ва хавфсизлик кафолатларини, кейин бўғозни бошқариш механизмларини, сўнг ядровий дастур бўйича музокараларни назарда тутади.
Бироқ АҚШ Президенти Дональд Трамп бу таклифдан қониқмаган ва рад этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп ташаббуси билан Ҳормуз бўғозида қолиб кетган кемаларни чиқариш операцияси бошланиши ҳақида хабар берилганди. Трампнинг айтишича, бу кемалар Яқин Шарқдаги можарога умуман алоқадор эмас. Улар “оддий, айбсиз ва нейтрал кузатувчилар” бўлиб, юзага келган вазият қурбонига айланган.
Live
Барчаси