Эрон Ҳормузни очса, АҚШ Теҳрон активларини блокдан чиқармоқчи – ОАВ
Олам
−
11 Апрель 2103 4 дақиқа
АҚШ Ҳормуз бўғозини очиш шарти билан Эрон активларини блокдан чиқаришга рози бўлди. Бу ҳақда ўз манбасига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, АҚШ Эроннинг Қатар ва бошқа хорижий банкларда сақланаётган молиявий активларини блокдан чиқаришга рози бўлган. Манбанинг сўзларига кўра, Теҳрон маблағларининг блокдан чиқарилиши “Ҳормуз бўғози орқали хавфсиз ўтишни таъминлаш билан бевосита боғлиқ” ва бу музокараларнинг асосий мавзуси бўлиши кутилмоқда. Эрон АҚШнинг ушбу ниятини музокаралар жараёни ва келишувга эришишга бўлган “жиддий” муносабат белгиси сифатида қабул қилмоқда.
Манба Вашингтон музлатишдан чиқаришга рози бўлган активлар миқдорини айтмаган, бироқ бошқа бир эронлик манбага кўра, гап Қатар ихтиёрида бўлган 6 миллиард долларлик (умумий миқдори 100 миллиард доллардан ортиқ) музлатилган маблағлар ҳақида бормоқда. Ушбу маблағлар 2018 йилда Вашингтон томонидан блокланган. Бу активлар 2023 йилда АҚШ ва Эрон ўртасидаги маҳбуслар алмашинуви доирасида блокдан чиқарилиши керак эди, аммо 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС гуруҳининг Исроилга ҳужумидан сўнг ўша пайтдаги президент Жо Байден маъмурияти уларни қайта блоклаб қўйган.
Ушбу маблағлар Жанубий Кореянинг Эрон нефти учун тўлови бўлиб, дастлаб 2018 йилда Дональд Трамп ўзининг биринчи президентлик муддатида Эронга қарши санкцияларни қайта жорий этиб, Эрон ядровий дастури бўйича келишувни бекор қилганидан сўнг Жанубий Корея банкларида блокланган.
2023 йил сентябрь ойида Доҳа восичилигида АҚШ ва Эрон ўртасида бўлиб ўтган маҳбуслар алмашинуви доирасида пуллар Қатардаги банк ҳисоб рақамларига ўтказилган. Алмашинув Эронда ҳибсда ушлаб турилган беш нафар АҚШ фуқаросини озод қилишни ва бунга жавобан пул маблағларини блокдан чиқаришни, шунингдек, АҚШда ҳибсга олинган беш нафар эронликни озод этишни назарда тутган эди.
АҚШ расмийлари бу пуллар фақат гуманитар мақсадлар учун мўлжалланганини ва АҚШ Молия вазирлиги назорати остида Эронга етказиб бериладиган озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий асбоб-ускуналар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тасдиқланган етказиб берувчилар ўртасида тақсимланиши кераклигини билдирган.
Исломободдаги музокаралар
Эрон делегацияси ҳам Покистон пойтахтига етиб борган. Унга Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ва парламент спикери Муҳаммад Боғир Ғолибаф раҳбарлик қилмоқда. Музокаралар марказида АҚШнинг тахминан 450 килограмм юқори даражада бойитилган уранни топшириш ва Ҳормуз бўғозини халқаро кема қатнови учун тўлиқ очиш талаби туриши кутилмоқда. Бошқа асосий масалалар қаторига Эроннинг минтақавий иттифоқчиларини қўллаб-қувватлашни тўхтатиши, Эрон баллистик ракета дастурининг мақоми ва Теҳроннинг Америка санкцияларини бекор қилиш талаби киради. Эронни бомбардимон қилиш тўхтатилгандан бери бўғоз орқали фақат оз сонли кемалар ўтган.
Покистон дипломатик манбаларига кўра, музокаралар бугун, 11 апрель куни маҳаллий вақт билан куннинг иккинчи ярмида бошланиши керак. Аввалига делегациялар Покистон восичилари – Бош вазир Шаҳбоз Шариф ва олий ҳарбий қўмондон, фельдмаршал Осим Мунир билан алоҳида учрашади. Шундан сўнг АҚШ ва Эрон вакиллари ўртасида тўғридан тўғри музокаралар бўлиб ўтиши керак.
АҚШ армиясининг истеъфодаги генерали Жек Кин кеча, 10 апрель куни Америка қуролли кучлари Ҳормуз бўғози устидан назорат ўрнатишга тайёрлигини маълум қилди.
“Мен биламанки, бизнинг кучларимиз ушбу бўғозни очиши ва у орқали ўтаётган кемалар хавфсизлигини таъминлаши мумкин”, дейди у “Fox News” телеканалига.
Унинг сўзларига кўра, ҳарбийлар бўғознинг бутун ҳудуди устида “мутлақ ҳаво тўсиғини” ўрнатишга қодир. Трамп Ҳормуз бўғозининг очилиши ҳар қандай келишув учун асосий шарт эканини бир неча бор таъкидлаган. Теҳрон эса ўз навбатида Эроннинг бўғоз устидан назорат қилиш ҳуқуқи тан олинишига интилмоқда. Шунингдек, у минтақадаги барча ҳарбий операцияларни тўхтатишни ва Эронга етказилган зарар учун репарация (товон пули) тўлашни талаб қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон ҳалигача Ҳормуз бўғозини тўлиқ оча олмаётгани, чунки у ерга ўрнатилган барча денгиз миналарини аниқлолмаётгани ва уларни тезкор зарарсизлантириш имкониятига эга эмаслиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси