Эрон Россияга қарийб 3 млрд долларлик ракета сотган – ОАВ

Олам

image

Россия 2021 йилдан бери Эрондан 3 миллиард долларлик қурол-яроғ сотиб олган. Уларнинг орасида қисқа масофали баллистик ракеталар ва юзлаб зенит ракеталари бор. Бу ҳақда бугун, 13 январь куни “Deutsche Welle” хабар берди.

Келтирилишича, 2021 йил октябрь ойидан бери – Россиянинг Украинага тўлиқ миқёсда бостириб киришидан олдин Москва билан имзоланган шартномалар тахминан 2,7 миллиард долларга тенг бўлган. Эрон Украинага қарши урушини қўллаб-қувватлаш учун Россияга қарийб 3 миллиард долларлик ракеталарни сотган. 

Харидлар орасида юзлаб Fath-360 қисқа масофали баллистик ракеталар,  500 та бошқа қисқа масофали баллистик ракеталар ва ҳаво мудофааси тизимлари билан боғлиқ 200 га яқин зенит ракеталари бўлган.

Хабарларга кўра, Эрон Россияга ҳисоб-китоблардан ташқари миллионлаб ўқ-дорилар ва артиллерия снарядларини ҳам етказиб берган. Бундан ташқари, Теҳрон Россияга Shahed-136 ҳужум дронларини ва уларни Geran-2 номи остида ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга имкон берган технологияларни ҳам топширган. 

Ғарб хавфсизлик хизматининг маълумотларига кўра, Россия 2021 йил охиридан бери Эрон ҳарбий техникасига жами 4 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлаган.

Маълумот ўрнида, Эроннинг Россия билан яқинлашуви 2010 йилларда, Ғарбнинг Эрон ядровий дастури бўйича босими ва санкциялари фонида бошланган. 2025 йил январь ойида Теҳрон ва Москва стратегик шериклик шартномасини имзолаган, аммо унда ўзаро мудофаа қоидалари йўқ. Ўтган йили Россия Исроил ва Американинг Эронга ҳужумлари пайтида шеригига ҳеч қандай сезиларли ёрдам кўрсатмаган. Шунга қарамай, Москва ва Теҳрон Эрон орқали Ҳиндистонга савдо йўлини ривожлантириш устида ишламоқда ва санкциялар таъсирини юмшатиш учун молия ва банк ҳамкорлигини кенгайтиришни муҳокама қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп Эрон билан ҳамкорлик қилаётганларга 25 фоизлик бож жорий қилгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Эрон Украина қурол-яроғ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг